Қирғизистонда президент дўстининг давлат хавфсизлиги раҳбари лавозимидан четлатилиши сиёсий вазиятни қандай ўзгартирди?

Сурат манбаси, Kyrgyz Presidency/BBC

Сурат тагсўзи, Қамчибек Ташиев (ўнгда) президент Садир Жапаровнинг яқин маслакдоши ҳисобланарди.
    • Author, Айдай Аманкулова
    • Role, ВВС Қирғиз хизмати
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг энг яқин маслакдоши Қамчибек Ташиев билан тузган сиёсий тандеми Жапаров ҳокимиятга келганидан беш йил ўтиб парчаланди. Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари лавозимидан бўшатилганидан сўнг дарҳол кадрлар тозаланиши ва амалдорлар, жумладан, махсус хизмат органлари ходимларининг ҳибсга олиниши бошланди.

Қирғизистондаги иккинчи энг нуфузли шахс бўлган Ташиевнинг истеъфоси ҳокимият учун кураш ва президентлик бошқарувини мустаҳкамлаш йўлидаги мантиқий қадаммиди ёки бу Жапаровга қарши фитнанинг олдини олиш ҳаракатими?

Ҳодисалар ривожи

10 феврал, сешанба куни содир бўлган воқеалар Қирғизистоннинг замонавий тарихида из қолдириши аён. Мамлакат президенти Садир Жапаров ўзининг яқин дўсти ва сафдоши Қамчибек Ташиевни давлат лавозимларидан — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари лавозимларидан озод этди.

Президент маъмуриятининг матбуот хизмати жаноб Жапаров бу қарорни жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ичида "бўлинишнинг олдини олиш" мақсадида қабул қилганини тушунтирди.

Ташиев эса бу вақтда чет элда эди. Яқинларининг айтишларича, у Германияда даволанаётган бўлган. Жаноб Ташиевнинг 'Facebook'да эълон қилинган мурожаатида президентнинг уни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарори у учун кутилмаган бўлганини таъкидлади. Ташиевнинг мурожаатини эълон қилган тарафдори кейинчалик оммавий тартибсизликлар иши бўйича айбланувчига айланди ва икки ойга ҳибсга олинди.

"Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз президент қарорини бажаришга мажбурмиз. Мен мамлакатимизга, халқимизга ва президентимизга шараф билан хизмат қилганимдан фахрланаман! Фақат шахсий таркиб билан хайрлашиш имкони берилмаганидан афсусдаман!" — деб айтган жаноб Ташиев ўз мурожаатида.

Уч кундан сўнг, 13 февралда Қамчибек Ташиев Қирғизистонга қайтиб келди. Уни кутиб олишга борган журналистлар билан гаплашмади. Шу куни президент Садир Жапаров истеъфо бўйича "Кабар" давлат ахборот агентлигига интервью бериб, қарор қилишдан аввал дўстига қўнғироқ қилганини билдирди.

Президентнинг сўзларига кўра, Ташиев атрофидаги оқсоқоллар унинг ўзини ва юқори мартабали амалдорларни чалғитиб, уларни "генерал томонига" (Ташиев 2024 йилда Жапаровнинг фармони билан генерал-полковник унвонини олган эди) ўтишга ундашган.

"Агар мен уни ишдан бўшатмаганимда, [...] бу чақириқлар давлат тузилмаси ва жамиятда бўлинишни келтириб чиқарган, ҳатто низоларга олиб келган бўларди. Шунинг учун ҳам мен дўстимни ишдан бўшатишга мажбур бўлдим. Давлатдаги барқарорлик мен учун ҳамма нарсадан устун", — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Садир Жапаров тилга олган "оқсоқоллар", бошқача айтганда, президентлик сайловини тезроқ ўтказишни таклиф қилиб, давлат раҳбари ва парламент спикерига мурожаат қилган 75 кишининг айримлари сўроққа чақирилди, улардан беш нафари— собиқ юқори мартабали амалдорлар — оммавий тартибсизликлар ташкил этиш айблови билан ҳибсга олинди.

Сурат манбаси, Facebook

Сурат тагсўзи, Эдил Байсаловнинг 'Facebook'даги пости кўпчиликни президент ва унинг сафдоши ўртасида ҳақиқатан ҳам ихтилоф юзага келган, деган хулосага келишга сабаб бўлди.

Ҳужжатни имзолаганлар орасида собиқ бош вазирлар, собиқ парламент депутатлари ва жамоат арбоблари бор.

Собиқ амалдорлар қўлга олинган куни Бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов 'Facebook'да пост қолдирди. Унинг мазмуни навбатдан ташқари президентлик сайловлари ҳақидаги мурожаат Жапаров ва Ташиев ўртасидаги дўстликнинг узилишига сабаб бўлганини тасдиқлайди.

Имзо қўйганларнинг позицияси, шунингдек, уларнинг ташаббуси ҳокимиятнинг энг юқори поғонасидаги сиёсий бўлинишга сабаб бўлган-бўлмагани номаълумлигича қолмоқда. Мурожаат муаллифлари ва иштирокчиларининг яқинлари қўлга олинганлар оммавий тартибсизликлар уюштириш ниятида бўлмаганини даъво қилмоқдалар.

Бундан ташқари, 75 кишининг мурожаати ортида ким ёки нима турганини жаноб Ташиевнинг ўзидан сўраш имконсиз эди. У мамлакатни худди ишдан бўшатилганидан кейин чет элдан қайтиб келганидек тез ва жимгина тарк этди.

Маълум бўлишича, у кетишидан олдин президент Жапаровнинг қабулида бўлган. Учрашувдан сўнг президент дўсти энди давлат лавозимини эгалламаслигини эълон қилди.

"Майли, у дам олсин, соғлиғига қарасин. Атрофидаги "оқсоқоллар"дан қутулсин, тартибга келтирсин. Тергов хизмати ҳаммасини аниқлаб, тозалаб беради. Албатта, ҳозир у раҳмат айтмайди. Хафа бўлади. Лекин йиллар ўтгандан кейин, "Дўстим, ўшанда тўғри қилган экансан", деб раҳмат айтади", — деди Қирғизистон президенти.

Сиёсатчи Бектур Асанов Ташиевнинг сиёсий майдонни кўнгилли равишда тарк этганига шубҳа қилади. У сўнгги воқеаларни ҳокимият учун курашнинг классик усули сифатида таърифлайди.

"[Президентлик] сайловлари яқинлашмоқда, бу табиий жараён. Президентликка ўз номзодини қўймоқчи бўлган сиёсатчилар гуруҳи ўз уринишларини бошлайди. Бироқ, [ишдан бўшатилган ва ҳибсга олинганларнинг] мавқеи юқорилигини ҳисобга олсак, бу жамиятда жуда катта акс-садо берди", — деб таъкидлади Асанов ВВСга берган интервюсида.

Собиқ бош прокурор Азимбек Бекназаров 75 кишининг мурожаати Жапаров учун шунчаки навбатдан ташқари сайловлар ўтказишга уринишдан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Бекназаров президент Жапаровнинг собиқ ҳамкасби Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиққан 2020 йил октябрь воқеалари билан, бугунги воқеаларни қиёслади.

"[Жээнбековга]: "Шунчаки фармонни имзоланг, биз муддатидан олдин [президентлик] сайловларини ўтказамиз", дейишганди. Агар бугунги ҳибсга олишлар, ислоҳотлар ва 75 кишининг мурожаатини диққат билан таҳлил қилсак, шундай хулосага келиш мумкин: Садир Нургожоевич (Жапаров) президент сифатида керакли вақтда тўғри қарор қабул қилди. [Ташиев билан] дўстлигига қарамай, у давлат ва халқ бирлигини биринчи ўринга қўйди", — деди собиқ бош прокурор.

Парламент спикерининг истеъфоси

Сурат манбаси, Press Service of the Kyrgyz Parlament

Сурат тагсўзи, Янги сайланган парламент спикери Марлен Маматалиев

Жапаров ва Ташиев сиёсий тандемининг парчаланиши Қирғизистон парламенти — Жогорку Кенешга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Президент дўстининг истеъфосидан икки кун ўтиб, парламентнинг раҳбарлик лавозимларидаги шахслар ҳам алмашди.

Спикер Нурланбек Тургунбек ўғли "икки кишига ёки адоҳида бир шахсга" хизмат қилмаслигини ва сиёсий одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилаётганини таъкидлаб, истеъфога чиқди.

"Менга ҳеч ким босим ўтказгани йўқ. [...] Бизга барқарорлик керак, президентимиз бошлаган сиёсий ислоҳотларни охирига етказишимиз зарур", — деди Тургунбек ўғли.

Спикерлик ваколатларини топширгач, у бироздан сўнг депутатлик мандатидан ҳам воз кечди. Жогорку Кенеш бошқаруви 45 ёшли депутат Марлен Маматалиев қўлига ўтди. У минтақавий айирмачиликка йўл қўймасдан ишлашга ваъда берди. Бир ҳафта давомида парламентда вице-спикер, депутатлик қўмиталари ва гуруҳларининг раҳбарлари алмашди.

Парламентдаги янги сиймолар

Сурат манбаси, Press Service of the Kyrgyz Parlament

Сурат тагсўзи, Парламентнинг собиқ спикери Талант Мамитов депутатлар сафига қайтди.

Кадрлар ўзгариши манзарасида 2020-2022 йилларда парламент спикери бўлган Талант Мамитов Жогорку Кенешга қайтди. Баъзи маълумотларга кўра, у Ташиев билан келишмовчиликлар туфайли 2022 йилнинг ноябрида спикерлик лавозимидан истеъфо берган ва депутатлик мандатини топширган эди.

Мамитов парламентда қасамёд қилар экан, депутатлар президентлик сайловлари санаси бўйича мунозараларга аралашиб қолгани ва спикер парламент аъзоларини сиёсий боши берк кўчага киритиб қўйганига шаъма қилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, парламентда президентга қарши кайфият февралнинг бошидаёқ — ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш ислоҳоти муҳокама қилинаётган вақтда яққол сезилган эди. Ўшанда депутат Қундузбек Сулаймонов ва спикер Нурланбек Турғунбек ўғли минбардан туриб давлат раҳбарини танқид қилишганди.

Жапаров ҳокимиятга келганидан бери жамоатчилик бундай очиқ танқидни кузатмаган эди. Бироқ Ташиев ишдан бўшатилганидан сўнг депутит Сулаймоновнинг оҳанги ўзгарди ва у ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш билан шуғулланувчи "Унаа" корхонасидаги ислоҳотлар учун президентга миннатдорчилик билдирди. Сулаймонов парламентдаги кадрлар алмашинуви вақтида ўз мандатини сақлаб қолди, аммо "Мекенчил" депутатлик гуруҳи раҳбарлигидан кетди.

"Мекенчи" сиёсий партияси Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев томонидан анча олдин, 2010 йилда, жаноб Жапаров президент бўлишидан кўп вақт аввал тузилган эди. Ҳозирда "Мекенчил" депутатлик фракцияси энг кўп сонли халқ вакилларини ўз ичига олади — 22 нафар депутат, бошқа гуруҳларда эса аъзолар сони 18 кишидан ошмайди.

Ўш мэри ва уч вазир ҳам алмаштирилди

Сурат манбаси, Press Service of the Kyrgyz Parlament

Сурат тагсўзи, Ўшнинг янги мэри Жанарбек Акаев (чапда), Қирғизистон Бош вазири Адилбек Қосималиев ва Ўшнинг собиқ мэри Женишбек Токторбаев (ўнгда)

Жапаров-Ташиев тандемининг парчаланиши Қирғизистоннинг катталиги бўйича иккинчи шаҳри — Ўш раҳбариятига ҳам бевосита таъсир қилди. Февралнинг ўрталарида шаҳар мэри алмашди: Женишбек Токторбаев ўрнига парламент депутати Жанар Акаев тайинланди. Сиёсий доираларда Токторбаев Ташиевнинг тарафдори, дея кўриларди. У яқинда берган интервюларидан бирида Ташиевнинг дўсти эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, мамлакатда уч вазир истеъфога чиқди — Транспорт вазирлиги, Экология вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти алмашди. Ушбу уч сиёсатчи ҳам Ташиевга яқин шахслар бўлган.

Шу билан бирга, россиялик сиёсатшунос Аркадий Дубнов Ташиевга яқин кадрларнинг "тозаланиши" "авторитар тарзда" амалга оширилаётганини ёзди.

"Бироқ, ҳозирги шароитда, демократик институтлар тўлиқ ишламаган пайтда, ҳукумат ичидаги ўзгаришлар минтақада қайтадан қон тўкилишининг олдини олиш имконини бермоқда. Бошқа томондан эса, шу йўл билан мустаҳкамланган ҳокимият давлатни очиқча марказлашган, чекловсиз бошқарув йўлига буриб кетиши эҳтимоли ҳам бор", — деб ёзди сиёсатшунос 'Facebook'даги саҳифасида.

Унинг қўшимча қилишича, Қирғизистон сиёсатидаги кадрлар алмашинуви Остона ва Тошкентда "аниқ хавотир" уйғотган. Ушбу воқеалардан сўнг дарҳол Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Жапаров билан телефон орқали мулоқот ўтказганлар. Қирғизистон президенти ўз навбатида кадрлар ўзгаришига изоҳ берар экан, ҳеч кимни кет демаганини, аммо айбдорлар жазоланишини айтган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидаги тозалаш

Сурат манбаси, Social Media

Сурат тагсўзи, МХДҚ Бишкек шаҳар бошқармаси собиқ раҳбари Элдар Жақипбеков қўлга олинган пайт

Қирғизистон ҳукумати жаноб Ташиевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбарлигидан бўшатиш билангина чекланиб қолмади. Унинг ўрнига нисбатан камтар, аммо тажрибали хавфсизлик ходими Жумғалбек Шабданбеков тайинланди.

МХДҚнинг бутун раҳбарияти алмашди, Ташиевнинг барча ўринбосарлари ишдан бўшатилди. Бундан ташқари, президент Садир Жапаров тузилмани қайта ташкил этиб, Чегара хизмати ва Хавфсизлик хизматини МХДҚ назоратидан чиқарди.

Ишдан бўшатишлар нафақат марказий аппаратда, балки махсус хизматларнинг ҳудудий раҳбарлари орасида ҳам бўлиб ўтди. Истеъфолардан сўнг ҳибслар ва жиноят ишлари бошланди.

МХДҚнинг Бишкек бўйича бош бошқармаси бошлиғи Элдар Жақипбеков "идора ходимлари ва фуқаролардан иборат, шахсий бойлик орттириш билан шуғулланувчи барқарор коррупцион гуруҳ тузганлик" айби билан ҳибсга олинди. Шунингдек, МХДҚ Чуй вилояти бошқармаси тергов бўлими бошлиғи Бердибек Боронбаев ва МХДҚ Чуй вилояти бўйича 6-бошқармаси бошлиғи Тилек Абдиқаликов ҳам қўлга олинди. (Чуй вилояти — Қирғизистоннинг энг зич жойлашган ҳудудларидан бири, аҳолиси 950 минг кишидан ошади. Бу ерда мамлакат пойтахти Бишкек шаҳри жойлашган — ВВС изоҳи).

Сурат манбаси, Kyrgyzstan president's press service

Сурат тагсўзи, Президент Садир Жапаров (ўнгда) ва МХДҚ собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев (орқа планда)

Шу билан бирга, президент Жапаров Конституциявий судга (КС) президентлик муддатларига оид қоидаларни тушунтириб бериш илтимоси билан мурожаат қилди. Конституциявий суднинг 17 февралдаги хулосасига кўра, Жапаровнинг ҳозирги муддати биринчи муддат ҳисобланади ва у яна бир беш йиллик муддатга қайта сайланиши мумкин.

Навбатдаги президентлик сайловлари келаси йилнинг 24 январига белгиланган. Сайловлар ҳақида гапирганда, сиёсатшунослар агар Ташиев ўз номзодини қўймаса, ҳозирги шароитда Жапаровга қарши жиддий рақобатчи қолмаслигини таъкидламоқдалар.

Садир Жапаров кейинги муддатда Ташиев президент бўлиши ҳақидаги келишув борлиги ҳақидаги миш-мишларга изоҳ бериб, бу демократик тамойилларга ва сиёсий маданиятга тўғри келмаслигини, ким энг кўп овоз тўпласа, ўша сайланишини билдирди.