Қирғизистон: Олий суд янги Бош вазир-муваққат президентни оқлади - Садир Жапаров энди айбсиз, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
Қирғизистон: Халқ инқилобидан кейин қамоқдан озод этилиб, аввалига Бош вазир этиб сайланган, эндиликида эса президентлик вазифасини бажараётган Садир Жапаров энди айбсиз - у оқланди.
Бугун, 19 октябрь куни Қирғизистон Олий суди Садир Жапаров, Қамчибек Ташиев ва Талант Мамитовларга нисбатан оқлов ҳукми чиққанини маълум қилди.
Расмий маълумотга кўра, 16 октябрь куни Олий суд 2012 йилнинг 3 октябридаги ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уриниш айблови билан янги очилган ҳолатлар бўйича ишни қайта кўриб чиққан.
"Садир Жапаров, Талант Мамитов ва Қамчибек Ташиев жиноят таркиби йўқлиги сабаб оқланди", - дейилади Олий суд баёнотида.
Садир Жапаров оқланмаган эди

Сурат манбаси, Gov.kg
9 октябрь куни Қирғизистон Олий суди намойишчилар тарафидан қамоқдан озод қилинган Садир Жапаровга нисбатан оқлов ҳукмини чиқмаганини маълум қилган.
Аввалроқ, Олий суд Садир Жапаровни оқлагани, у шу асосда Бош вазир лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Суд матбуот хизмати маълумотига кўра, Олий суд Садир Жапаров ва адвокатининг аввалги айблов хулосаларини бекор қилиш ва янги холатлар аниқлангани сабаб, ишни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризасини кўриб чиққан.
Бош прокуратуранинг суд мажлисидаги вакили ҳам Садир Жапаровнинг адвокати илтимосномасини қаноатлантиришни сўраган.
Шундан сўнг, суд ҳайъати Садир Жапаровга нисбатан илгари чиқарилган суд қарор, ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қоноатлантирган ва жиноий ишни Бош прокуратурага судгача бўлган ишларни олиб бориш учун юборган.
"Ата Журт"сиёсий партиясидан парламентда депутат бўлган Садир Жапаров, Қамчибек Ташиев ва Талант Мамитовлар 2012 йили бўлиб ўтган Иссиқ-Кўлдаги "Қумтор" олтин конини миллийлаштиришга чақирган норозилик намойишлари ва Бишкекдаги митингдан сўнг, "ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш" айблови билан ҳибсга олинган. Уччовлон Оқ уй дарвозасини бузиб киришда ҳам айбланган ва судланган.
Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев бир йилу 6 ойга, Талант Мамитов эса 9 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бироқ, орадан кўп ўтмай, 2013 йили уч сиёсатчи қамоқдан озод этилган.
Садир Жапаров яна қамоқда

Сурат манбаси, Gov.kg
Садир Жапаров 2013 йилнинг 7 октябрида Иссиқ-Кўл вилояти маркази Қоракўлда яна митинг уюштирганлик ва ўша пайтдаги ҳукуматнинг вилоят бўйича махсус вакили Эмилбек Қаптагаевни ўғирлашда қатнашганликда гумонланиб, қидирувга берилган. Шундан сўнг, сиёсатчи Қирғизистондан чиқиб кетган.
Тўрт йиллик муҳожиратдан сўнг Садир Жапаров 2017 йилнинг 25 март куни мамлакатга қайтиб келишга қарор қилган ва Қозоғистондан келиб, чегарани кесиб ўтаётганда ҳибсга олинган.
Уни кутиб олиш учун чегарага борган намойишчилар эса, милиция тарафидан тарқатиб юборилади ва бир неча киши "жамоат тартибини бузганлиги" учун ҳибсга олинган.
12 кишига "безорилик" ва "бировнинг мулкига зиён этказиш" айбловлари қўйилади.
2017 йилнинг 2 августида Бишкекдаги Первомайский туман суди Садир Жапаровни Жиноят Кодексининг 227-моддаси ("ҳукумат вакилини гаровга олиш") бўйича 11 йил олти ойга озодликдан маҳрум қилган.
17 сентябрь куни Бишкек шаҳар суди ҳам биринчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирган. 2018 йилнинг апрель ойида эса, Олий суд Жапаровнинг жазосини 1,5 йилга қисқартиради.
Ҳукуматнинг Иссиқ-Кўл вилоятидаги собиқ махсус вакили Эмилбек Қаптагаев мунтазам равишда Жапаров ишини кўриб чиқаётган судларда қатнашиб, унинг фойдасига гувоҳлик берган.
"Айбланувчи Садир Жапаровнинг ушбу ишда айбдорлигини исботловчи далиллар йўқ. Мен буни биринчи суд мажлисидан бери айтиб келаяпман. Бир гуруҳ одамларни битта модда бўйича ҳукм қилиш мумкин эмас. Менимча, бу сиёсий буюртма", - деган Эмилбек Қаптагаев.
Садир Жапаров ҳибсга олинган пайтда ўз жонига қасд қилган. Унинг тарафдорлари буни сиёсий таъқиб деб аташиб, адолатли суд қарорини талаб қилишган.
Жорий йилнинг 5 октябрь куни юз берган "Умид" дея ном олган "халқ инқилоби"дан сўнг қамоқдан озод этилган сиёсатчи Садир Жапаров парламент депутатлари тарафидан уч марта Бош вазир этиб сайланган ва ҳукумат таркиби бекитилган. Унинг ортидан президент Сооронбай Жээнбеков ҳам истъефо берган.
Қирғизистон Конституциясига мувофиқ, президент муддатидан аввал истеъфо берган тақдирда, унинг вазифасини парламент спикери бажаради.
Бироқ парламент спикери Канат Исаев бу лавозимдан бош тортган ва эндиликда президент ваколатлари ҳам Бош вазир Садир Жапаровга ўтган.
Сафдоши Қамчибек Ташиев Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси раиси этиб тайинланган.
Яна бир сиёсатчи Талант Мамитов эса, бугунги кунда парламент депутати.
Кузатувчилар Қирғизистонда иқтидордаги расмийлар ўзларига ноқулай бўлган сиёсатчиларни турли айбловлар билан ҳибс қилдиришлар, улар маълум муддатдан кейин, ё келишув натижасида, ёки тузум алмашганидан сўнг оқланиб чиқиши одатий ҳол эканлигини айтадилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























