Ашула айтинг: Қўшиқ дард ва оғриқлардан халос қиладими?

Сурат манбаси, Маданият вазирлиги
- Author, Давид Кокс
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Йилнинг шундай кунлари келадики, ҳар жойда қувноқ қўшиқлар, Исо мавлуди мадҳлари янграйди, байрам кайфиятини яратади, кўчалар, савдо марказлари, вокзаллар ва кексалар уйларини тўлдиради. Аммо бизга ана шундай кайфият улашаётганлар ниманидир билсалар керак ёки билмаган ҳолларида ҳам қўшиқ орқали ўз соғлиқларини мустаҳкамлайдилар. Тадқиқотлар кўрсатишича, ашула айтиш, айниқса, жўр бўлиб куйлаш организмни касалликларга қарши курашга созлайди ва ҳатто оғриқни ҳам босади.
"Қўшиқ куйлаш зеҳний, жисмоний, ҳиссий ва ижтимоий ҳаракатдир," дейди Кембриж мусиқа терапияси институти тадқиқотчиси Алекс Стрит. У мусиқа болалар ва катталарга мия шикастланишидан кейин тикланишга қандай ёрдам бериши мумкинлигини ўрганмоқда.
Психологлар аллақачон биргаликда қўшиқ куйлаётган одамларда бирдамлик ҳисси пайдо бўлишини пайқаган: ҳатто энг ўзига ишонмайдиган хонандаларда ҳам бемалол жўр бўлиб кетиш кузатилади. Тадқиқотларга кўра, ҳатто бир-бирини мутлақо танимайдиган одамлар ҳам бир соат бирга қўшиқ айтгандан сўнг яхши киришиб кетишлари мумкин.
Қўшиқ айтишнинг ўпка ва нафас тизимига ҳам аниқ фойдаси бор. Баъзи тадқиқотчилар, масалан, ўпка касаллиги борларга ёрдам бериш учун қўшиқ айттирадилар.

Сурат манбаси, Getty Images
Эҳтимол, одамлар гапиришдан олдин қўшиқ айтишни ўрганган бўлса керак.
Қўшиқ куйлаш юрак уришини яхшилаши, қон босимини меъёрлаштириши аниқланган. Гуруҳ бўлиб, жўрликда қўшиқ айтиш ҳатто иммунитетни ҳам кўтаради – оддий мусиқа тинглаш бундай таъсир кўрсатмайди.
Ушбу ҳодиса турлича тушунтирилади. Биологик нуқтаи назардан қўшиқ айтиш овоз пайлари ва томоқнинг орқа қисмидаги мушаклар билан бевосита боғлиқ сайёр нервни фаоллаштиради. Узоқ ва назорат остида нафас олиш лаззат, яхши кайфият уйғотадиган ва оғриқни бостирадиган эндорфинларни ажратади.
Қўшиқ айтаётганда миянинг ҳар икки ярим шаридаги нейронларнинг кенг тармоғи фаоллашади, тил, ҳаракат ва ҳис-туйғулар учун масъул соҳалар "ёнади." Бу қўшиқ айтиш учун зарур бўлган нафасни назорат қилиш билан бирга, уни стрессга қарши самарали воситага айлантиради.
Стритнинг айтишича, инсон қўшиқ айтиб, ўзини яхши ҳис қилганда, унинг овози жарангдорлашади, юз ифодаси ва қомати ўзгаради.
Баъзи антропологлар фикрича, бизнинг гоминид аждодларимиз гапиришни ўрганишдан олдин ҳам қўшиқ айтиб, табиат товушларига тақлид қилиш ёки ҳис-туйғуларни ифодалаш учун овоздан фойдаланган. Бу мураккаб ижтимоий муносабатлар, ҳиссий ифода ва маросимлар ривожланишида ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин эди. Стритнинг таъкидлашича, мусиқий истеъдоднинг бор-йўқлигидан қатъи назар, қўшиқ айтиш ҳар бир инсон ҳаётининг муҳим қисмидир: бизнинг миямиз ва танамиз туғилганимиздан бошлаб қўшиқларга ижобий реакция қилишга мойил.
"Болаларга алла айтилади, дафн маросимларида қўшиқлар янграйди, – дейди у. – Биз кўпайтириш жадвалини ритмик талаффуз орқали, алифбони эса ритмик ва оҳангдор тузилиш орқали ўрганамиз".
Agar sizda nafas yo‘llari infeksiyasi bo‘lsa, boshqalarni xavf ostiga qo‘ymaslik uchun shu haftadagi xor mashg‘ulotini o‘tkazib yuborgan ma’qul.
Бирга қўшиқ айтиш фойдалироқ
Бироқ қўшиқ айтишнинг ҳамма турлари ҳам бирдек фойдали эмас. Масалан, жўрликда, гуруҳ бўлиб қўшиқ айтиш якка қўшиқ айтишга қараганда руҳий саломатлик учун фойдалироқ экани аниқланган. Шу сабабли, педагоглар қўшиқ айтишдан болаларда ҳамкорлик, тил кўникмалари ва ҳиссий бошқарувни ривожлантириш воситаси сифатида фойдаланади.
Қўшиқ куйлаш турли касалликларга чалинган одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилайди. Бутун дунё бўйлаб тадқиқотчилар саратонни енгиб ўтганлар ёки инсультни бошдан кечирганлар, Паркинсон касаллиги ва деменция билан яшаётганлар ҳамда уларнинг парваришчилари махсус хорларда қўшиқ айтаётганини кузатмоқда. Маълум бўлишича, Паркинсон касаллиги билан оғриган беморларда қўшиқ айтиш туфайли артикуляция яхшиланади – касаллик ривожланиб борган сари, одатда, у билан боғлиқ қийинчиликлар пайдо бўлади.
Қўшиқ айтиш – бу етарлича баҳоланмаган жисмоний машқдир. Тадқиқотлардан бири шуни кўрсатдики, профессионал хонандалар қўллайдиган овоз машқлари юрак ва ўпкага ўртача тезликда югуришга тенг юк беради.
"Қўшиқ куйлаш жисмоний фаоллик бўлиб, жисмоний машқлар каби фойда келтириши мумкин", дейди Саутҳемптон университети нафас физиотерапияси кафедраси доценти Адам Люис.
Сурункали касалликларга чалинган одамлар учун жамоа бўлиб куйлашнинг психологик фойдаси ҳам етарлича баҳоланмаган. Стритнинг тушунтиришича, ашула айтиш бундай одамларга ўзлари қила олмайдиган нарсаларга эмас, балки қила оладиган нарсаларга эътибор қаратишга ёрдам беради.
"Тўсатдан ҳамма тенглашади: парваришчилар парваришчи бўлишни тўхтатади ва тиббиёт ходимлари ҳам худди шундай қўшиқни куйлайди, – дейди Стрит. – Бунга қодир бўлган бошқа нарса кам топилади".
Нафас олиш ва зеҳн учун фойдалари
Қўшиқ айтишнинг энг катта фойдаси сурункали нафас олиш касалликлари бор одамларда аниқланган. Бу Лондон Империал коллежининг нафас олиш тиббиёти ўқитувчиси Кир Филипнинг тадқиқотлари мавзусига айланди. Филип қўшиқ айтиш бу касалликларни даволамайди, аммо анъанавий даволаш самарасини оширишга ёрдам беради дейди.
Масалан, нафас қисиши бор одамларда нафас олиш ўзгариши мумкин: у тартибсиз ва самарасиз бўлиб қолади.
"Баъзи вокал усуллар бу борада ёрдам беради – маълум мушакларнинг ишлаши, нафас олиш ритми ва чуқурлиги туфайли симптомлар енгиллашиши мумкин", деб тушунтиради тадқиқотчи.
Энг эътиборга лойиқ тадқиқотлардан бирида у Инглиз миллий операси хонандалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган нафас олиш услубини синовдан ўтказди. Бу тасодифий танлов асосида назорат қилинадиган тадқиқот бўлиб, унда "узун ковид"дан азият чеккан беморлар иштирок этди. Олти ҳафта ичида нафас олишдаги оғирлик камайди, ҳаёт сифати яхшиланди.

Сурат манбаси, Getty Images
Шу билан бирга, ҳар қандай касалликда ҳам қўшиқ айтиш мумкин эмас. Ковид-19 пандемиясининг дастлабки босқичларида инфекциянинг оммавий тарқалиши гуруҳ бўлиб қўшиқ айтиш билан боғлиқ эди, чунки куйлаётганда ҳавога кўп миқдорда вирус зарралари чиқади.
"Агар сизда нафас йўллари инфекцияси бўлса, бошқаларни хавф остига қўймаслик учун шу ҳафтадаги хор машғулотини ўтказиб юборган маъқул", дейди Филип.
Эҳтимол, қўшиқ айтишнинг энг ажойиб хусусияти у шикастланишдан кейин мияни тиклашда рол ўйнайди.
Бунга мисол тариқасида АҚШнинг собиқ конгрессмени Габриэл Гиффордснинг 2011 йилда ўзига суиқасд уюштирилганда бошидан олган ўқ жароҳатидан омон қолганини келтириш мумкин. Кўп йиллар давомида Гиффордс юриш, гапириш, ўқиш ва ёзишни қайта ўрганди ва нутқ равонлигини тиклаш учун шифокорлар унга болалигидан таниш бўлган қўшиқлардан фойдаланишди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Шунга ўхшаш усуллар инсультни бошдан кечирганларга ҳам нутқни тиклашга ёрдам беради. Инсульт кўпинча миянинг икки ярим шари ўртасидаги алоқаларни бузади ва янги алоқаларни шакллантириш учун бир материални соатлаб такрорлаш керак бўлади. Қўшиқ айтиш бунга имкон беради. Бундан ташқари, у миянинг нейропластиклигини кучайтиради, унга ўзини қайта созлаш ва янги нейрон тармоқларини яратиш имконини беради.
Қўшиқ куйлаш зеҳни аста-секин пасайиб бораётган кексаларга ҳам ёрдам бериши мумкин деган назариялар мавжуд. У мияга катта юклама беради, чунки узоқ вақт диққатни жамлашни талаб қилади ҳамда сўзларни танлаш ва оғзаки хотирани рағбатлантиради.
"Қўшиқ айтишнинг кексаларнинг зеҳни учун фойдаси ҳақидаги далиллар кўпайиб бормоқда, – дейди Ҳелсинки университети нейропсихология профессори Теппо Сяркямё. – Бироқ қўшиқ куйлаш когнитив функцияларнинг пасайишини ҳақиқатан ҳам секинлаштириши ёки олдини олиши мумкинлиги ҳақида ҳали ҳам маълумотимиз кам, чунки бу кўп йиллик кузатувлар билан кенг кўламли тадқиқотларни талаб қилади."

Сурат манбаси, Getty Images
Стритнинг айтишича, қўшиқ айтиш таъсири бўйича барча тадқиқотлар – ижтимоий ёки нейрокимёвий даражада бўлишидан қатъи назар – қўшиқнинг инсон ҳаётининг универсал қисми сифатидаги аҳамиятини таъкидлайди. Одамлар бевосита эмас, кўпроқ технологиялар орқали мулоқот қилаётгани, жумладан, қўшиқ айтиш каби машғулотлар камайиб бораётгани ташвишли, дейди у.
"Ҳозир жуда кўп кашфиётлар, айниқса мия шикастланишидан кейинги реабилитация соҳасида қилинмоқда, – дейди у. – Қўшиқ айтиш ҳатто жиддий жароҳат олган одамларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида тадқиқотлар пайдо бўлмоқда. Қўшиқ айтиш жуда фойдали экани бежиз эмас, чунки у доим жамоаларни бирлаштиришда катта роль ўйнаган."
Эҳтимол, бу арча атрофида Мавлуд ёки Янги йил байрамига бағишлаб қўшиқ айтиш учун яна бир сабабдир.



























