Эронда 40 кунлик мотам. Эрон, АҚШ ва Исроил ўзаро ҳужумларни давом эттиришмоқда. Қурбонлар ошмоқда. Видео

Сурат манбаси, Getty Images
Можаро қурбонлари
АҚШ ҳарбийлари Бош қўмондонлигининг маълум қилишича, Эронга қарши ҳужумлар жараёнида 3 нафар Америка аскари ҳалок бўлган.
Яна 5 аскар "жиддий жароҳатланган".
Эронга қарши ҳаво ҳужумлари ҳақида эълон қилар экан, Президент Трамп "Америка қаҳрамонлари қурбонликлар беришлари" мумкинлигини айтганди.
"Бу ҳолат урушлар даврида юз бериб туради", деб айтганди у.
Эрон расмийларига кўра, Минобдаги қизлар мактабига кеча шанба куни қилинган ҳужумда 153 нафар инсон ҳалок бўлган.
Шунингдек, бир Эрон расмийси ушбу мактаб Ислом Инқилоб қўриқчилари базасидан 600 метр узоқликда жойлашганлиги ва "3 та баллистик ракета билан нишонга олинганлиги"ни айтган.
BBC ҳодиса еридан олиб, тасдиқлаган видеотасвирларда ҳужумга тутилган бинодан қуюқ тутун чиқаётгани ва одамлар саросимада қичқириб, йиғилаётганларини кўриш мумкин.
Аммо ВВС қурбонлар сонини мустақил манбалардан тасдиқлай олмаган.
Айни вақтда Исроил мудофаа кучлари бу минтақага уюштирилган ҳужумдан хабардор эмасликлари ва Америка томони ҳодисани текшираётганини билдиришган.
Қувайт Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 97 баллистик ракета ва 283 та дронни уриб туширишган.
Қувайтда 1 инсон ҳалок бўлган. 31 киши жароҳатланган.
Исроил харбийлари Бейт Шамеш шаҳрига ҳужумда 9 инсон ҳалок бўлгани ва 23 киши жароҳатланганини маълум қилишган.
AҚШ ҳарбийлари Эрон ҳарбий кемаси шанба куни Оман кўрфазида ғарқ этилганини билдиришган.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари АҚШнинг Abraham Lincoln учоқ ташувчи кемасига 4 баллистик ракета билан ҳужум қилинганини даъво қилишган. Аммо АҚШ томони ракеталар ҳатто кемага яқин ерга келиб тушмаганини билдиришган.
Исроил ҳарбийлари Эрон пойтахти Теҳронга ҳужумлар якшанба куни давом этганлигини айтишмоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари Мудофаа вазирлиги Абу-Дабидаги Ал-салом денгиз ҳарбий базасини 2 дрон нишонга олганлигини маълум қилишган. БАА да кечадан бери 3 киши ҳалок бўлгани хабар берилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ-Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида ўлдирилганидан сўнг мамлакатда 40 кунлик мотам маросимлари бошланган.
Россиянинг TASS хабар агентлигининг хабар беришича, президент Путин Оятуллоҳнинг ўлими юзасидан таъзия изҳор этган.
Жаноб Путин Оятуллоҳ Хоманаийнинг ўлдирилишини "инсоний аҳлоқ ва халқаро қонунларни бузувчи сурбетларча қотиллик", дея таърифлаган.
Россия ва Эрон ҳамиша яқин иттифоқчи бўлиб келишган. Ўтган йили икки мамлакат орасида ҳарбий алоқаларни ривожлантириш соҳасида 20 дан ортиқ "стратегик ҳамкорлик" битимлари имзоланганди.

Сурат манбаси, Getty Images
Эрон телевизион каналлари Олий Миллий Хавфсизлик кенгашининг Ояттуллоҳ Али Хоманеийнинг ўлимини тасдиқловчи баёнотини тарқатишган.
Эрондаги сўнгги вазият ҳақида видеолавҳа:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
ВВС томонидан ўрганиб чиқилган сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда Оман бўғози соҳилидаги Эрон ҳарбий базасига қилинган ҳужумдан сўнг вазиятни кўриш мумкин.
Vantor йўлдошидан олинган суратда Конарак базасидаги кемадан бурқситиб чиқаётган қуюқ тутунни кўриш мумкин.
Конарак Эрон ҳарбий денгиз кучларининг 4 энг йирик базасидан бири. Шу яқин орада бошқа бир ҳарбий база ҳам жойлашган.
Тасвирлардан яна шу нарса аён бўладики, ҳужум амалга оширилган вақти ушбу кема ягона нишон бўлган.
Шанба кунги ҳужумлар натижасида Оятуллоҳ Хоманеий билан бирга яна қатор юқори мақомли расмийлар ўлдирилган.
Эрон Давлат телевидениеси мамлакат қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Абдулраҳим Мусавий ҳам ўлдирилганлигини маълум қилган.
Теҳрон шунингдек, Инқилоб Қўриқчилари гвардияси қўмондони генерал Муҳаммад Пакпур ҳам ўлдирилганлигини тасдиқлади.
Бундан ташқари давлат матбуоти Хоманеийнинг қизи , куёви ва набиралари ҳам ҳалок бўлишганини билдирган.
Эрон Жосуслик хизматидаги манбалар CBS News га ҳаво ҳужумларида 40 қа яқин расмий ўлдирилганлигини айтган.
Мотам ва хурсандчилик

Сурат манбаси, mamlakete/x
Баъзи Эронликлар АҚШ-Исроил ҳужуми оқибатида Оятуллоҳ Хоманеий ўлимини олқишламоқдалар.
BBC Форс хизмати кўчаларга хурсандчилик билан чиққан одамлар тасвирларини тасдиқлай олган.
Исфаҳон шаҳрида олинган тасвирларда одамлар ҳайқириб, машиналар сигналларини чалаётганларини кўриш мумкин.
Яна бир тасвирда мушакбозликлар рўй бераётгани кўринади.
Яқинда рўй берган намойишларда ўлдирилганларнинг яқинлари ҳам ўз уйлари ёки кўчаларда Оятуллоҳнинг ўлимини олқишламоқдалар.
Reuters агентлиги Теҳрон яқинидаги Караж шаҳрида ҳам шундай вазият кузатилганлигини хабар берган.
Аммо якшанба куни эрталаб аксар ерларда кузатилаётган манзара Олий диний раҳбарнинг ўлимига мотамдир. Аммо кун давомида вазият қандай ўзгариши ҳозирча номаълум.
Теҳронда Оятуллоҳ ўлимига мотам тутиб, унинг портретларини қўлларида ушлаб, кўчаларга чиққан одамларни кўриш мумкин.
Ислом республикаси тарихида оламшумул онлар

Сурат манбаси, IRINN
ВВС мухбири Жон Донисоннинг ёзишича, Эронни деярли 40 йил бошқариб келган Оятуллоҳнинг ўлими мамлакат учун оламшумул ҳолатдир.
Унинг ўлими баъзи Эронликлар томонидан олқишланаётгани ҳукуматни ағдаришга даъват қилаётган АҚШ ва Исроилни рағбатлантириши мумкин.
Якшанбага ўтар кечаси Исроил ҳужумларни давом эттирган. Айтилишича, Эрон баллистик ракеталари омборлари ва ҳаво ҳужумларидан мудофаа марказлари нишонга олинган.
Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Эронда 200 дан ортиқ инсон ҳалок бўлганлигини хабар бермоқда.
Эрон Инқилоб Қўриқчилари Оятуллоҳ ўлимига мисли кўрилмаган миқёсда даҳшатли жавоб қайтарилишини билдирган.
Исроилда ҳам якшанба тонгида Эрон жавобий ҳужумларни давом эттирган экан аҳолини ҳаво ҳужумларидан огоҳлантирувчи сиреналар янграган.
Эрон ракеталарининг аксари уриб туширилган.
Аммо бир ракетанинг Тел-Авивга келиб тушиши оқибатида бир аёл ҳалок бўлган.
Тез ёрдам хизмати 120 инсон жароҳат олганини маълум қилган. Аммо уларнинг аксари енгил жароҳат эканлиги айтилган.
Ҳужумлар давом этмоқда

Сурат манбаси, Getty Images
Якшанба куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумлари давом этган.
Эрон президенти Маъсуд Пезешкиён ўзининг Telegram каналидаги баёнотида Эроннинг "жорий хунрезлик ва инсоният тарихида кўрилмаган жиноят амалларига қўл урганларга қарши қасоси қонуний мажбурият ва ҳаққи" эканлигини айтиб, мамлакат "бу мажбуриятни амалга оширишда қўлдан келган барча чораларни кўриши"ни айтган.
Ҳужумлардан сўнг Эрон Президентининг қаерда эканлиги ҳақида саволлар пайдо бўлганди.
Президент девони сўзчисининг айтишича, "у соғ-саломат ва хавфсиз ерда".


























