Яқин Шарқда навбатдаги можаро: Эрон, АҚШ ва Исроил иштирокидаги уруш қандай бошланди?

Эрон Олий руҳоний раҳбари

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Доналд Трампнинг айтишича, АҚШнинг Эрондаги ҳарбий амалиётидан сўнг вазиятни юмшатиш (деэскалация) учун бир нечта "чиқиш йўллари" мавжуд.

"Мен жараённи чўзиб, ҳамма нарсани назорат остига олишим ёки икки-уч кунда тугатиб, эронликларга: 'Агар [ядровий дастурингизни] қайта тиклашни бошласангиз, бир неча йилдан кейин яна кўришамиз', дейишим мумкин", — деди у Axios нашрига берган интервьюсида.

Бу АҚШ президентининг шанба куни эрталаб зарбалар берилганини эълон қилганидан бери амалиёт юзасидан берган илк изоҳидир.

Унинг таъкидлашича, шу ҳафта ядровий музокараларда силжиш бўлмагани сабабли, ниҳоят зарбалар беришга рухсат бериш (яшил чироқ ёқиш) ҳақида қарор қабул қилган.

"Эронликлар яқинлашишди ва кейин яна ортга чекинишди — яқинлашишди ва яна чекинишди. Бундан тушундимки, улар аслида келишувни хоҳлашмаяпти".

Доналд Трамп

Сурат манбаси, Reuters

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Эрон Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлган

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу аввалроқ Эрон Олий раҳбари "йўқ бўлганига" доир даъво қилар экан, эндиликда Оятуллоҳ Америка ва Исроил ҳужумлари натижасида ўлдирилгани доир тасдиқланмаган хабарлар тарқалмоқда.

Reuters Исроилнинг юқори лавозимдаги мулозимларидан бирига таяниб, Оятуллоҳнинг жасади топилгани ҳақида хабар қилган.

Axios хабарида айтилишича, бир манба Америкадаги Исроил элчиси Америка мулозимларига Оятуллоҳ Али Хоманаий ўз қароргоҳига ҳужум натижасида ҳалок бўлганини айтгани ҳақида маълум қилган.

Исроилнинг бир неча нашрлари ҳам Эрон Олий раҳбари ўлими ҳақида хабар бермоқда.

Эрон мулозимлари эса бу хабарларни рад этишган.

Эрон матбуотига кўра, ўнлаб қурбонлар бор

Исроилга кўра, ҳужумлар давомида "бир неча юқори лавозимли мулозимлар йўқ қилинган".

Эрон матбуоти Исроил ва Американинг Эрон бўйлаб ҳужумлари натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлганини ёзмоқда.

Мулозимларга кўра, Минабдаги қизлар мактаби ҳаво ҳужуми оқибатида камида 85 киши қурбон бўлган. Бу ҳақда ярим расмий Меҳр Янгиликлар агентлиги Минаб прокурори сўзларига таяниб хабар бермоқда.

Эрон Қизил Ярим ой жамияти эса қурбонлар сони 200 нафардан ошганини маълум қилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик кенгаши бугун фавқулодда йиғилиш ўтказади.

Айни йиғин Баҳрайн, Россия, Франция, Хитой ва Колумбия ташаббуси билан режаланмоқда.

Аввалроқ, БМТ Бош котиби "Яқин Шарқдаги ҳарбий амалиётларни" қоралаб чиққанди.

Баёнотда у сўнгги амалиётлар халқаро хавфсизлик ва тинчликка таҳдид солаётганини айтиб, "ҳужумларни зудлик билан тўхтатиш" кераклигини урғулаган.

Dubayda tutun ko'rinayotgan mehmonxona

Айни пайтда, BBC воқеа гувоҳидан БААнинг Дубай шаҳридаги "Fairmont The Palm" меҳмонхонаси яқинида кўтарилган тутун устуни акс этган фотосуратни олган.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Дубайга ҳужум бошлангани ҳақида хабар бермоқда. Эрон айнан нимани нишонга олаётгани ҳозирча номаълум, бироқ мамлакатда АҚШ ҳарбий кучлари мавжуд.

БAA Мудофаа вазирлиги Эрон ракеталари ва дронларининг янги тўлқини уриб туширилганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги "Emirates News Agency" хабарига таяниб маълум қилмоқда.

"Йўқотишлар бор - Хоманаий тирик"

Abbos Aroqchi

Сурат манбаси, EPA

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Эронда интернет аксарият аҳоли учун узилиб қолган бир пайтда, ҳозиргина NBC News телеканалида жонли эфирда чиқиш қилди.

Арақчининг айтишича, Эрон "бир ёки икки қўмондонни йўқотган бўлиши мумкин". Шунингдек, у Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий, унинг билишича, "тирик" эканини таъкидлади.

Эрон оммавий ахборот воситалари ҳозиргача бир қатор Эрон расмийлари ва қўмондонлари, жумладан, президент ва Армия бош қўмондони ўлдирилгани ҳақидаги хабарларни инкор этиб келмоқда.

Арақчининг қайд этишича, Эрон вазиятни юмшатиш тарафдори ва агар АҚШ ҳамда Исроил ҳужумларни тўхтатса, музокаралар учун очиқ.

Ҳозирда ҳеч қандай алоқа йўқлигини айтар экан, Арақчи қўшимча қилди: "Агар америкаликлар биз билан гаплашишни истаса, мен билан қандай боғланишни билишади".

Эрон ва АҚШ ядровий келишув бўйича қайта бошланган музокараларни олиб бормоқда, музокараларнинг сўнгги босқичи икки кун аввал бўлиб ўтган эди. Арақчи, шунингдек, Эрон минтақадаги Америка базаларига ҳужум қилаётганини тасдиқлади, бироқ буни "ўзини ҳимоя қилиш" ҳаракати деб таърифлади.

Эрон Форс кўрфази давлатларига баёнот йўллади

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи мамлакат ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи доирасида барча ҳарбий воситалардан фойдаланишини айтди.

Баёнотда айтилишича, Арақчи Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Қувайт, Баҳрайн ва Ироқ каби давлатлар ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилган ҳамда Эронга қарши тажовузлардан ҳимояланиш учун "ўзининг барча мудофаа ва ҳарбий имкониятларидан қонунан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи асосида фойдаланишини" билдирган.

Арақчи, шунингдек, ушбу давлатларга АҚШ ва Исроил томонидан ҳужум уюштириш учун уларнинг ҳудуди ва инфратузилмасидан "нотўғри фойдаланилишининг олдини олиш бўйича масъулиятларини" эслатган.

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши "қақшатқич жавоб" қайтаришни ваъда қилди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида таъкидлашича, Эрон АҚШ ва Исроилнинг ҳужум қилиш "ниятлари"дан хабардор бўлса-да, барибир музокараларга киришган.

Вазирлик зарбалар "Эрон ва АҚШ ўртасида дипломатик жараён қизғин давом этаётган бир пайтда" содир бўлганини тан олди.

Эрон ва АҚШ ўртасидаги билвосита ядровий музокараларнинг учинчи раунди икки кун олдин, 26 февралда Женевада бўлиб ўтди, бироқ ҳеч қандай ижобий натижага эришилмади.

Шунингдек, ўтган йилнинг май ойида Эрон ва АҚШ беш раунд давомида музокаралар ўтказган эди - улар ҳам натижасиз тугаган. 2025 - йил июн ойига режалаштирилган олтинчи раунд эса Исроилнинг Эрон объектларига тўсатдан берган зарбаларидан кейин бекор қилинган. Ўшанда бу воқеалар 12 кунлик низога сабаб бўлган ва АҚШ Эроннинг учта асосий ядровий объектига зарба берган эди.

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган қўшма ҳаво зарбаларидан сўнг "қақшатқич жавоб" қайтаришни ваъда қилди ва бу ҳужумлар Вашингтон билан музокаралар кетаётган бир пайтда "яна бир бор" содир бўлганини таъкидлади.

Баёнотда қўшимча қилинишича, "душман" бундай "қўрқоқларча ҳаракатлар орқали Эрон халқини ўзларининг арзимас талабларига бўйин эгдираман деб хато ўйлаган".

МХОК Эрон қуролли кучлари аллақачон жавоб чораларини бошлаганини маълум қилди ва "азиз халқни доимий равишда хабардор қилиб боришга" ваъда берди. Кенгаш АҚШ ва Исроилнинг операциялари Теҳрон ва бошқа шаҳарларда давом этиши мумкинлигидан огоҳлантириб, фуқароларни "хотиржамликни сақлаган ҳолда", имкон қадар хавфсиз жойларга ўтишга чақирди.

Шунингдек, кенгаш ҳукумат "барча ижтимоий эҳтиёжларни олдиндан тайёрлаб қўйгани" ва "зарурий товарлар таъминоти бўйича ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини" билдириб, аҳолига гавжум савдо марказларидан йироқ бўлишни маслаҳат берди.

МХОК хабарига кўра, мактаб ва университетлар кейинги билдиришномагача ёпиқ қолади, банклар хизмат кўрсатишда давом этади, давлат идоралари эса 50 фоизлик қувват билан ишлайди. Қўшимча маълумотлар вақти-вақти билан эълон қилиб борилиши айтилди.

Доҳада портлашлар эшитилди: Қатар бир нечта ҳужумни қайтарганини маълум қилди

Доҳада портлашлар эшитилди: Қатар бир нечта ҳужумни қайтарганини маълум қилди.

Қатар пойтахти Доҳада портлаш товушлари ва ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янгради.

Давлат ОАВлари хабарига кўра, Қатар Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳудудига қаратилган бир қатор ҳужумларни "муваффақиятли қайтарганини" билдирган.

Қатарлик расмийлардан бири AFP ахборот агентлигига берган маълумотида, АҚШда ишлаб чиқарилган Patriot ракетага қарши мудофаа тизими Эрон ракетасини уриб туширганини айтди.

Қатарда минтақадаги энг йирик АҚШ ҳарбий иншооти — Ал-Удейд авиабазаси жойлашган.

АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум бошлади: Доналд Трамп мурожаатида нималар деди?

Urush

АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум бошлади, Президент Доналд Трамп эса "кенг кўламли жанговар амалиётлар" бошланганини тасдиқлади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

АҚШ президенти "Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлиши мумкин эмас"лигини айтади ва шу сабабли "Тунги Болға амалиёти" (Оператион Midnight Hammer) Фордоу, Натанз ва Исфаҳондаги Эрон ядро дастурига зарба берганини тушунтиради.

Трампнинг айтишича, Эрон ядро мақсадларидан воз кечиш учун берилган барча имкониятларни рад этган ва Европадаги иттифоқчиларни, чет элдаги АҚШ қўшинларини ва "тез орада Америка ҳудудига ҳам етиб бориши мумкин бўлган" узоқ масофали ракеталарни ишлаб чиқишда давом этган.

У АҚШ Эроннинг ракета саноатини "ер билан яксон қилиши" ва унинг денгиз кучларини "йўқ қилиб юбориши"ни айтади.

Трампнинг сўзларига кўра, Эрон режими "47 йил давомида "Америкага ўлим" шиоири остида яшаган.

"Жасур америкалик қаҳрамонларнинг ҳаёти ҳалок бўлиши мумкин, қурбонлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас," дейди у.

"Эркинлигингиз вақти келди," дея Эрон халқига мурожаат қилади Трамп ва уларни "ҳукуматни қўлга олишга" чақиради.

Ҳозирча нималар маълум?

Исроил Мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Эрон томонидан Исроилга қарата ракеталар учирилганини маълум қилди.

«Ҳаво мудофаа тизимлари таҳдидни бартараф этиш учун ишламоқда», — дейилади ҳарбийлар баёнотида.

Ҳужум бошлангани ҳақидаги маълумот олингандан сўнг, Орқа фронт қўмондонлиги тегишли ҳудудлар аҳолисига огоҳлантириш юборди. Улардан зудлик билан бошпаналарга ўтиш сўралган.

АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум бошлади, Трамп "йирик жанговар операциялар" кетаётганини тасдиқлади.

Исроил Мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Эрон ушбу ҳужумга жавобан ракеталар отганини маълум қилди. Исроил Мудофаа вазири Исраэль Кац унинг мамлакати Теҳронга қарши "олдини олувчи" зарба берганини айтди.

Эроннинг бешта шаҳрида, жумладан Исфаҳон, Қум, Караж ва Кермоншоҳда, шунингдек, пойтахт Теҳронда портлаш товушлари эшитилди — фотосуратларда кўтарилаётган тутунларни кўриш мумкин.

Исроил Эрон томонидан жавоб зарбалари берилаётганини билдирди. ЦАХАЛнинг маълум қилишича, Эрон ҳужумга жавобан Исроил томон ракеталар учирган.

Исроил Мудофаа кучлари ўз баёнотида шундай дейди: "Эрондан Исроил Давлати йўналишида учирилган ракеталар аниқлангач, мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янгради".

Шунингдек, Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари таҳдидларни йўқ қилиш ва зарба бериш бўйича амалиёт ўтказаётгани қўшимча қилинган.

Tehron

Сурат манбаси, Getty Images