Эрон ва АҚШ-Исроил можароси Марказий Осиё учун қандай синов бўляпти?

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Теҳрон, 4 март, 2026 йил. АҚШ-Исроил ҳужумларидан шикастланган кўча
    • Author, Davron Hotam
    • Role, BBC News Uzbek muxbiri, O'sh, Qirg'iziston
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Яқин Шарқ ва Эрон атрофида тобора кескинлашиб бораётган геосиёсий инқироз Марказий Осиё давлатлари учун нафақат таҳдид, балки минтақавий бирдамликнинг жиддий синовига айланди.

Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз Facebook саҳифасида ёзишича, Эрон атрофидаги вазият Марказий Осиё ва Озарбайжон учун мутлақо янги дипломатик воқеликни бошлаб берди.

Унинг фикрича, минтақа давлатлари илк бор ташқи инқирозга нисбатан "ҳар ким ўз бошича" эмас, балки ягона жамоа бўлиб муносабат билдирмоқда.

Сурат манбаси, Facebook/Vladimir Norov

Сурат тагсўзи, Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг Эрон можаросига нисбатан мувофиқлаштирилган муносабатини олқишлайди

«Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон томонидан ҳозиргача кузатилмаган даражада мувофиқлаштирилган дипломатик реакция гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу минтақавий бирдамликнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганидан далолат беради», - деб ёзади Норов.

Собиқ вазирнинг тушунтиришича, бу «ягона жамоа» бўлиб ҳаракат қилиш тамойили С5+1 (Озарбайжон билан С6) формати доирасида бир нечта муҳим йўналишларда намоён бўлмоқда:

Биринчидан, инқироз пайтида алоҳида миллий позициялар билан чекланиб қолмай, ягона дипломатик тил шаклланди. Бу дегани, минтақа давлатлари Эрон атрофидаги воқеаларни баҳолашда ва ташқи дунёга баёнот беришда умумий манфаатлардан келиб чиқиб ҳаракат қилмоқдалар.

Иккинчидан, бу бирдамлик нафақат сиёсий, балки амалий гуманитар ҳамкорликни ҳам ўз ичига олади. Норовнинг қайд этишича, олдинги инқирозлардан фарқли ўлароқ, бу сафар давлатлар:

Эвакуация қилинаётган фуқаролар учун логистика ва вақтинчалик жойлаштириш масканларини биргаликда ташкил этишди;

Консуллик масалаларида ва тиббий ёрдам кўрсатишда кучларни бирлаштиришди.

Учинчидан, минтақа Эрон атрофидаги можарога фақат масофавий кузатувчи эмас, балки Каспий хавфсизлигининг ажралмас қисми сифатида қарамоқда. Норовнинг фикрича, С6 давлатлари ҳаво макони хавфсизлиги ва Транскаспий савдо йўлакларининг барқарорлигини таъминлашни ўзларининг умумий стратегик вазифаси деб белгилаб олишди.

Бундай мувофиқлаштирилган ёндашув Марказий Осиёнинг йирик давлатлар ўртасидаги рақобат майдонига айланиб қолмаслик ва ўз «стратегик мустақиллигини» ҳимоя қилиш истагини ифодалайди, дейди у.

Аммо, собиқ ташқи ишлар вазири Озарбайжон-Эрон ва Марказий Осиё давлатлари-Эрон муносабатлари ўзаро фарқли эканини тилга олмаган. Маълумки, Эрон Озарбайжоннинг Исроил билан яқин муносабатларидан норози бўлиб келади – Стокголм халқаро тинчлик тадқиқотлари институтига кўра, 2016 ва 2021 йиллар ўртасида Озарбайжонга қурол импортининг 69 фоизи Исроилдан келган. Шунингдек, дунёвий тизимли Озарбайжон Теҳроннинг инқилобий шиа мафкурасини ўз миллий хавфсизлигига таҳдид деб кўриб келади ва охирги йилларда Эрон томонидан молиялангани ишонилган тармоқларни йўқ қилишни фаоллаштирган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Дипломатик бирдамлик ортидаги "нозик" хавфлар

Бироқ, Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсий бирдамлиги минтақа ичидаги барча муаммоларни ҳал қила олмаслиги мумкин. Британияда жойлашган Central Asia Due Diligence тадқиқот маркази асосчиси Алишер Илҳомов BBC билан суҳбатда Эрон атрофидаги воқеаларнинг минтақага бевосита ҳарбий таъсири кам бўлса-да, унинг билвосита ва мафкуравий хавфларини инкор этиб бўлмаслигини айтади.

«Айрим кузатувларга кўра, Марказий Осиё халқларининг бир қисми Эрон раҳбари Хоманаийнинг ўлдирилишини — унинг шиалиги, ҳамда минглаб намойишчилар ўлими учун жавобгар авторитар бошқарувчи сифатида эмас, балки мусулмон кишининг ўлдирилиши деб қабул қилиши ва буни мусулмонларга қарши фитна сифатида талқин қилишлари мумкин. Бундай қараш минтақадаги мусулмонлар, айниқса тожиклар орасида Ғарбга, хусусан АҚШга қарши кайфиятни кучайтириши хавфи бор.

Сурат манбаси, Facebook/Alisher Ilkhamov

Сурат тагсўзи, Алишер Илҳомовга кўра, Марказий Осиё халқларининг бир қисми Эрон раҳбари Хоманаийнинг ўлдирилишини мусулмонларга қарши фитна сифатида талқин қилишлари мумкин.

Тожикларнинг аксарияти сунний бўлса-да, этномаданий жиҳатдан Эрон билан чамбарчас боғлиқ. Тожик тили форсий тил асосида шаклланган. Эронликлар билан бўлган миллий ва маданий яқинлик туйғуси диний яқинликни ҳам мустаҳкамлаб қўйиши мумкин.

Ғарбга қарши кайфият кучайса, Россия ҳукумати бундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилиши мумкин. Айниқса, минтақадаги тожикларни ва Ғарбга қарши кайфиятдаги мусулмонларни Россия қуролли кучлари сафига қўшилишга ундаш ҳолатлари кузатилиши эҳтимол. Чунки улар анти-ғарб шиорлари остида ҳаракат қиладилар-ку.

Бундан ташқари, нефт нархининг кескин кўтарилиши Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига таъсир қилиши мумкин. Қозоғистон нефть экспорт қилувчи давлат сифатида вазиятдан фойдаланиб, маҳсулотининг нархини ошириши ва экспортни, айниқса Хитойга кўпайтириши мумкин. Шу билан бирга, нефт нархининг қимматлаши дунё иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор. Бу эса минтақа давлатларининг — нефт секторини ҳисобга олмаганда — экспортга йўналтирилган соҳалари учун ноқулай шароитларни келтириб чиқариши мумкин», — дейди эксперт.

Эрон хаоснинг янги майдонига айланиши хавфи

Тожикистонлик халқаро журналист, минтақавий масалалар бўйича эксперт Негматулло Мирсаидов Яқин Шарқда юз бераётган воқеалар Марказий Осиё минтақаси учун ҳам хавотирли эканини ва мавҳум жиҳатларнинг кўп эканини таъкидлайди.

«Эрон ва Тожикистон ўртасида жуда яхши ўзаро муносабатлар мавжуд. Расмий Эрон билан ҳамкорлигимиз изчил ривожланиб бораётган эди. Шу сабабли, албатта, сўнгги воқеалар иқтисодий алоқаларимизга зарар етказади. Марказий Осиёда фақат биз эмас, Қозоғистоннинг ҳам яқинда Эрон билан юқори даражадаги учрашувлари бўлиб ўтган ва бир қатор расмий келишувларга эришилган эди. Эрон Ислом Республикаси билан минтақадаги барча давлатлар ҳамкорлик қилади. Энди улар амалга ошадими — бу савол очиқ қолмоқда. Масалан, Эрон орқали Форс кўрфази портларига чиқувчи темир йўл қурилиши лойиҳаси тақдири нима бўлади...

АҚШ ва Исроилнинг Эрондаги операцияси қачон тугайди, у қандай натижаларга олиб келади — биз буни билмаймиз. Эронда режим ўзгарадими, томонлар ўт очишни тўхтатишга келишадими, Эрон АҚШ шартларини қабул қиладими — номаълум. Аммо хавф-хатарлар жуда катта бўлиб турибди.

Бизни ташвишга солаётган асосий нарса — Эрон хаоснинг (тартибсизликнинг) янги майдонига айланиб қолмайдими, деган саволдир. АҚШ Ироққа бостириб кирганда у ерда нималар бўлганини, кейинроқ вазият қандай тус олганини кўрдик. "Ислом давлати" гуруҳи пайдо бўлиб, у кўп йиллар давомида халқни қўрқувда ушлаб турди, минглаб қочоқлар ўз мамлакатини ташлаб қочди. Энг даҳшатлиси, бизнинг минтақадан — Марказий Осиёдан кўплаб фуқароларимиз уларнинг сафига қўшилиб, жангари бўлиб кетишди. Бу жуда катта хатар. Энди террорнинг, пала-партишликнинг янги тўлқини бошланмайдими, деган хавотир бор. Жамият яна радикаллашиб кетмайдими...

Бизда, шукурки, Тожикистонда вазият ҳозир яхши. Биз қўшнилар билан тинчликда иқтисодиётни ривожлантиришни истаймиз», - дейди эскперт BBC билан суҳбатда.

Яқин Шарқдаги кескинлик қандай имкониятларни очади?

Геосиёсий кескинлик фақатгина хатарлардан иборат эмас. Бишкекдаги Бизнес ассоциациялари альянси раиси, иқтисодчи Искендер Шаршеев Яқин Шарқдаги инқироз Марказий Осиё учун кутилмаган иқтисодий имкониятлар эшигини очиши мумкинлигини айтади.

Сурат манбаси, Facebook/Iskander Sharsheyev

Сурат тагсўзи, Искендер Шаршеевга кўра, можаро имкониятларни ҳам яратиши мумкин

Шаршеевнинг фикрича, агар Ҳўрмуз бўғози ёпилса ёки денгиз йўллари хавфли бўлиб қолса, товар алмашинуви қуруқликка кўчади:

«Фуралар ёки темир йўл орқали мультимодал ташувлар кучаяди. Бу эса минтақамизга транзит экспорт ва импортдан катта маблағ келишини англатади. Шунингдек, БАА ёки Уммондаги бадавлат шахслар ва капиталнинг минтақамизга, хусусан Қозоғистон ва Ўзбекистонга кўчиб ўтиши эҳтимоли бор. Бу инвестиция дегани, аммо ижара нархларининг ошиши оддий аҳоли елкасига юк бўлади», — дейди иқтисодчи.

Шу билан бирга, эксперт "Хитой фактори"га алоҳида тўхталади. Хитой ўз ёқилғи эҳтиёжининг 30-40 фоизини Эрондан олишини инобатга олсак, бу мамлакат иқтисодиётидаги муаммолар Марказий Осиёга ҳам занжир реакцияси каби таъсир қилади:

«Бу Хитойда товарларнинг қимматлашига олиб келади. Натижада биз Хитойдан реэкспорт учун оладиган маҳсулотлар нархи кўтарилади, бу эса иқтисодиётимизга бевосита таъсир кўрсатади. Агар дунёда инфляция 2-3 фоизга ошса, бизда бу кўрсаткич 4-5 фоизгача етиши мумкин».

Қочқинлар ва хавфсизлик

Шаршеев иқтисодий имкониятлар билан бирга, ижтимоий хавфсизлик масаласига ҳам эътибор қаратади. Унинг таъкидлашича, минтақага фақатгина капитал эмас, балки инсонлар оқими ҳам келади:

«Минтақага қочоқлар оқими бошланади, улар орасида бадавлат бизнесменлар ҳам бўлиши мумкин. Бироқ, ҳарбий тузилмаларда фаолият юритган шахсларга нисбатан жуда эҳтиёткор бўлиш лозим, чунки улар террорчилик хавфини келтириб чиқариши мумкин. Хавфсизлик масаласи биринчи ўринга чиқиши шарт.»

Хулоса қилиб айтганда, экспертлар Эрон атрофидаги кескинлик Марказий Осиё учун минтақа хавфсизлиги ва иқтисодиётига таъсир кўрсатадиган муҳим омил эканини таъкидламоқдалар. Дунёда кучлар ўртасидаги рақобат кучайиб, халқаро қоидаларнинг таъсири заифлашиб бораётган бир пайтда, ҳар бир давлат ўз ички мустаҳкамлиги ва бирдамлигига кўпроқ эътибор қаратишга ва таянишга мажбур, дейди таҳлилчилар. Барқарор иқтисодиёт, очиқ ва самарали бошқарув ташқи босимларга дош беришнинг асосий шартлари сифатида қайд этилмоқда