Мирзиёев 90 кунда тиббиёт тизимини қанчалик ўзгартира олади?

Сурат манбаси, president.uz
Туманларда тиббиёт тизими ўта ночор аҳволга келиб қолган. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида тиббиёт тизимига бағишланган танқидий йиғилишдан шундай хулосага келиш мумкин.
Мирзиёев мутасаддиларга 90 кунлик вазифа топширди. Бу вақтда жиддий ўзгаришлар кўриш кутилмоқда.
Салкам 2 йил тайёргарлик кўрилган йиғилиш

Сурат манбаси, president.uz
7 май куни Ўзбекистон Республикаси президенти бошчилигида тиббиёт соҳасига бағишланган видеоселекторда кўриб чиқилган масалалар бўйича салкам икки йил тайёргарлик кўрилгани маълум қилинди. Бунинг учун хорижнинг илғор тиббиёт марказларидан экспертлар жалб қилингани таъкидланди.
Президент бош танқидчи
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, сўнгги 7 йилда тиббиётга ажратилаётган маблағ 6 карра ошгани ва бу йилда 42 триллион сўмга етган.
Илгари фақат пойтахтда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологик амалиёт вилоят ва туманларда ўтказилмоқда. Биргина буйрак кўчириш амалиёти кунига 2 тадан бажарилмоқда.
Ўзбекистонда ҳар ўн минг аҳолига 27 нафар шифокор тўғри келиши қайд қилинди. Бу АҚШ, Буюк Британия, Финляндия билан бир хил кўрсаткич. Туркия ва Канадада бу рақамлар 1,5 баравар камлиги айтилди.
Бироқ шундай бўлса-да, тиббиёт сифати кутилганидек эмас.
"Кўриб турибсиз, бизда тиббиёт ходимлари сонида ҳам, молиялаштиришда ҳам муаммо йўқ. Лекин, сифат-чи? Бу борада эътирозли саволлар жуда кўп", - деди давлат раҳбари.
Энди бирламчи бўғин - туман ва қишлоқларда тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича янги тизим яратилиши маълум қилинди.
Президент буни Иштихон туманидаги битта поликлиника мисолида таҳлиллар асосида тушунтириб берган.
Президент нутқидан маълум бўлишича, Иштихондаги "Ўзбекистон" номли поликлиникага 7 та маҳалла бириктирилган. Лекин 6 нафар оилавий шифокор 9 та штатни банд қилиб, юкламани эплай олмаяпти. Бу поликлиникада яна 6 та врач штати бўш.
Кафолатланган пакетга зарурати пухта ўйланмасдан 90 турдаги дори киритилгани боис поликлиникага бунинг ярми ҳам келмаяпти. Поликлиникадаги лаборатория таҳлилини бирорта шифохона тан олмайди.
Энг кўп мурожаат болалар касалликларига тўғри келгани билан, оилавий шифокорларда кўникма етишмагани учун улар педиатр вазифасини тўлиқ бажара олмаяпти. Туғруқ ёшидаги 9 минг аёл учун бор-йўғи 1,5 ставка гинеколог штати берилган.
Аҳолининг 35 фоизи юрак-қон томир, қандли диабет, ошқозон-ичак каби сурункали касалликларга чалинган. Бундай касалликларни эрта аниқлаш, профилактика қилиш ва асоратларини камайтириш бўйича тиббиёт бригадаларининг иши кўринмаяпти.
Шу боис, президент ушбу тизим ўзгариши кераклигини белгилади.
Дори текин бўладими?
Tibbiy yordamning kafolatlangan paketi tasdiqlanadi va paket doirasida tibbiy xizmat va dori vositalari to‘liq budjetdan qoplanadi.
Эндиликда тиббиёт бригадаси ҳамда аҳоли ўртасида ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи икки томонлама шартнома тузилади. Аҳоли оилавий шифокорни эркин танлайди, бу жараёнларга хусусий оилавий шифокорлар ҳам жалб этилиши айтилди.
"Тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакети тасдиқланади ва пакет доирасида тиббий хизмат ва дори воситалари тўлиқ бюджетдан қопланади", дейилади президент нутқида.
Шунингдек, поликлиникада акушер-гинекологлар 2 баробар кўпаяди. Ҳар 3 минг бола учун 1 тадан педиатр штати янгидан қўшилади.
Бундан буён бирламчи бўғинда барча шифокор ва ҳамширалар фақат тўлиқ ставкада ишлайди.
Ҳамширанинг маоши 300 доллар бўладими?
Йиғилишда айтилишича, бу поликлиникаларда оилавий шифокорнинг базавий ойлиги 500 доллар, ҳамшираники 300 доллар эквивалентида бўлади. Оилавий шифокор ва ҳамшира малака сертификати олса, яна шунча устама тўланади.
Агар улар маҳаллада юриб, сурункали касали борларга вақт ажратса, уларни касаллик билан яшаш ва уни бошқаришга ўргатса, онкологик, диабет, инсульт, инфаркт каби касалликларни эрта аниқлаб, оғир асоратларнинг олдини олса, буларнинг ҳисобига тез ёрдам ва стационарга мурожаатни қисқартирса, шифокорга яна 500 доллар, ҳамширага эса қўшимча 300 доллар берилади.
"Бир сўз билан айтганда, оилавий шифокорлар 1,5 минг доллар, ҳамширалар эса 600-800 доллар эквивалентида ойлик оладиган тизим қиламиз. Бу орқали биз шунчаки ойликни эмас – инсон қадрини оширган бўламиз. Лекин, натижа ҳам шунга яраша бўлиши керак", - деди президент.
Тиббиётда 90 кун ичида ўзгаришлар бўладими?
Президент "Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар" дастури бошланиши эълон қилди.
Унга кўра, вилоят ҳокимлари кутиш жойларида қулай ўриндиқларни кўпайтириб, навбатни тартибга келтириш, "она-бола" хоналарини ташкил қилиш, ногиронлиги борлар эркин ҳаракатланиши учун кириш-чиқиш жойлари, хона ва йўлакларда инклюзив муҳит яратиш, қўл ювишга иссиқ суви бор покиза ҳожатхоналар ташкил этиш учун масъул бўлади.
"Оддий қилиб айтганда, тиббиёт муассасасига маданият, тартиб-интизом, файз олиб кириб, одамларга ижобий кайфият улашади", - деди президент.
Бунинг учун ҳар бир вилоят ҳокими 10 миллиард сўмдан ажратади.
Мутасаддиларга бу ишларни бутун республикада тизимли ташкил қилиш, тўқсон кун натижаси бўйича Президентга батафсил ҳисобот бериш топширилди.
Касаллар пойтахтга келмай туманларда даволанади
Шавкат Мирзиёев ҳудудларда юқори технологик операцияларни ўтказиш имконияти бўлса-да, беморлар ҳали ҳам Тошкентга келаётгани қайд этди.
"Мисол учун, ўтган йили юрак ишемик касаллиги бор беморларга кўрсатилган коронарография ва стентлаш амалиётининг 80 фоизи Тошкентда бажарилган".
Жарроҳлик амалиёти талаб қилмайдиган юрак ишемик касаллиги бор беморларни ҳам пойтахтга келиши камаймаган.
Энди туман ва вилоятда бемалол қилиш мумкин бўлган амалиётлар учун республика марказларига йўлланма берилмайди.
Кузатувчилар айрим туман ва вилоятларда малакали шифокор топиш қийин бўлгани учун ҳам беморлар пойтахтга келишни афзал кўришини айтишади.
Дори бизнеси тартибга келадими?
Президентнинг таъкидлашича, мамлакатда ҳар йили 600-700 миллион доллар маблағ самарадорлиги исботланмаган ва ўрганилмаган дориларга сарфланмоқда. Бундай дориларнинг импортдаги улуши 42 фоиз.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига халқаро тан олинган манбаларда "самарасиз ёки самараси ўрганилмаган" деб топилган препаратларни клиник протоколлардан чиқаришни бошлаш топширилди.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
"Барча тиббиёт муассасалари, биринчи галда болалар шифохоналарида антибиотикларни асосли қўллаш бўйича комплекс ревизия ўтказилади ва протоколларга амал қилмаган ходимларга нисбатан чора кўрилади".
Энди Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида "Электрон рецепт" тизими тўлиқ ишга туширилиб, бутун республикага намуна қилинади.
Амалдорлар Ўзбекистонда даволанадими?
Кузатувчилар Ўзбекистонда сўнгги йилларда мулозимлар бирор жиддий касалликни даволатиш учун маҳаллий шифохоналардан кўра, чет элни афзал кўраётганини танқид остига олиб келади.
Президент ушбу масалага ҳозирча пастки бўғинда чек қўйишга бел боғлаган кўринади.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, тиббиётни ривожлантириш бўйича йиғилишда айтилган ташаббусларнинг ижроси жойларда сўзсиз таъминланиши шартлиги қайд этилди.
"Ҳар бир вазир, ҳоким, депутат ва сенатор жойлардаги шароитни ўз кўзи билан кўрса, қолаверса, ўзи ва оила аъзолари ўз ҳудудидаги оилавий поликлиникага чиқиб, ҳудудий шифохонасида даволанса, бу ислоҳотларнинг тезроқ пастга тушишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди", дейилади хабарда.



























