Миллиардер бўлиш осонми ва миллиардерлар яхши одамларми?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Саймон Жек
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Италиялик коммунист, пантомима талабаси, тўп тепишга ишқибоз бола ва ҳеч нарса ҳақида ҳазил қилмайдиган комедиячи ўртасида қандай умумийлик бор?
Уларнинг барчаси кейинчалик жаҳоннинг жуда танланганлар клубига аъзо бўлишди.
Миуччи Прада, Тайгер Вудс ва Жерри Сайнфелдлар сайёрадаги доллар миллиардерлари бўлган тахминан 2800 кишидан иборат.
Дунёнинг энг бой одамларини кузатувчи АҚШнинг Forbes медиа компанияси маълумотларига кўра, АҚШда 813 миллиардер бор, Хитой (шу жумладан Ҳонконг) 473 миллиардер билан иккинчи, Ҳиндистон эса 200 миллиардер билан учинчи ўринда.
Би-би-си Жаҳон Хизматининг "Яхши, ёмон миллиардер" подкасти яна қайтди. Ҳар бир эпизод машҳурлар ва бош ижрочи директорлардан тортиб, спорт юлдузлари ва технология титанларигача - дунёнинг баъзи миллиардерлари қандай бойлик орттирганини ўрганади. Мезбонлар Саймон Жек ва Цин Цженг уларнинг бойликлари, қудратлари, хайрия ишлари ва ўзидан қолдираётган меросга боқишади ва улар қанчалик яхши, ёмон ёки ақл бовар қилмас одамлар экани ҳақида ўз фикрларини билдиришади.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу бойликлар ҳажмини тушуниш қийин бўлиши мумкин. Бир миллиард жуда катта рақам. Ўлчов ҳақида тасаввур бериш учун миллион сония 11 кун, миллиард эса 32 йил бўлишини эслаш кифоя.
Баъзилар учун миллиардерларнинг мавжудлиги тўғри эмас.
Дунёнинг энг бадавлат кишиларидан саксон бир нафари тахминан бир автобус тўла одамнинг бойлиги дунёнинг тўрт миллиард энг камбағал одамлариникидан кўпроқ.
"Оксфам" ташкилоти Тенгсизлик ҳақидаги 2023 йилги ҳисоботида шундай хулосага келди: "Ҳар бир миллиардер сиёсий хатодир. Аксарият одамлар харажатлар қисқариши, қашшоқлик кучайиб бораётган ва ҳаёт нархи инқирозига дуч келган бир пайтда гуллаб-яшнаётган миллиардерлар ва рекорд даромадлар мавжудлиги иқтисодий тизим инсоният учун нималарни таъминлай олмаслигидан далолат беради".
Бу тенгсизлик кўплаб мамлакатларда даромадга эмас, мутлақ бойликка солиқ жорий этиш чақириқларига сабаб бўлди. АҚШда демократ сенатор Элизабет Уоррен 50 миллион доллардан ортиқ активлар учун 2 фоиз солиқ ва 1 миллиард доллардан ортиқ активлар учун 3 фоизлик солиқни таклиф қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо бошқалар таъкидлашича, бойиб кетиш истиқболи миллионлаб одамлар ҳаётини яхшилайдиган ижодкорлик ва инновацияларга илҳомлантиради.
Америкалик иқтисодчи Майкл Стрейн бизга кам эмас, кўпроқ миллиардерлар кераклигини таъкидлайди ва Нобел мукофоти совриндори Уильям Нордхауснинг сўзларидан иқтибос келтиради. Нордхаус технологик инновациялардан олинадиган фойданинг тахминан 2 фоизи асосчилар ва ихтирочиларга, қолгани эса жамиятга кетишини аниқлаган.
Стрейн миллиардерларни "бизнинг яшаш тарзимизни ўзгартирган инноваторлар" деб атайди. У шахсий компьютерларда инқилоб қилган Билл Гейтс ва Стив Балмер, афсонавий инвестор Уоррен Баффет, чакана савдони остин-устун қилиб юборган Жефф Безос ва автомобиль саноати ва космик рақобатга янги йўналиш берган Илон Маскни мисол келтиради.
"Уларнинг ҳеч бири "сиёсий хатолар" эмас, - дея хулоса қилади у. - Улар йўқ бўлишини орзу қилиш ўрнига, улар борлигидан хурсанд бўлишимиз керак."

Сурат манбаси, Getty Images
Кўплаб миллиардерлар ҳам хайрия ишларига катта маблағ ажратади. Гейтс ва Баффет ҳаёти давомида бойлигининг ярмидан кўпини бериш мажбуриятини олган "Хайрияга аҳд"ни эълон қилишганди.

Рэпер, бизнес-магнат ва миллиардер Jay-Z, бу аҳдга қўшилмаса ҳам, ўз бойлиги ҳақида шундай деди: "Агар мен камбағал бўлсам, камбағалга қандай ёрдам бераман. Мен бойидим ва уни қайтаряпман. Бу ҳамма учун ютуқ."
Миллиардерлар йўқ жойдан бойиб кетмайди. Уларнинг муваффақияти ҳам ўзимиз ҳақимизда ниманидир сўзлаб беради.
Одамларга керакли, улар хоҳлаган ёки ёқтирган нарсаларни бермасангиз, жуда бой бўлиш қийин.

Сурат манбаси, Getty Images
Праданинг минималист услуби, "Юлдузли урушлар" фильмлари ёки TikTok бўладими, биз подкастда гапирадиган миллиардерлар дунёни озми-кўп жиҳатдан ўзгартирди ва улар буни қандай қилгани ҳақидаги ҳикоялар жозибали.
Мисол учун, Google асосчилари ўзларининг қидирув тизимининг дастлабки версиясини 1 миллион долларга сотишга ҳаракат қилишган, аммо харидор йўқ эди. Бугунги кунда Google 2,3 триллион долларга, асосчиси Сергей Брин бойлиги эса 135 миллиард долларга тенг, бу Марокаш ялпи ички маҳсулоти дегани.
Мария Бянки 1960-йилларда Италияда коммунист бўлган, у исмини Миуччи Прадага ўзгартиришдан олдин драма мактабида пантомимани ўрганган.
Ҳиндистоннинг биринчи аёл миллиардери Киран Мазумдар-Шоу фармацевтикага киришдан олдин пиво тайёрлар эди, сўнг Осиёдаги энг йирик инсулин ишлаб чиқарувчисига айланди.
Жерри Сайнфелднинг ота-онаси етим эди ва отаси уни ҳеч қачон эркаламаган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам у ва Ларри Девид ўз комедияларида қаҳрамонлар учун қоида белгилашганди: "Қучоқлама, ўрганма".
Ушбу миллиардерларнинг шахсий муваффақияти кўпинча кенгроқ тарихий, сиёсий ёки технологик тенденцияларни кўрсатади.

Сурат манбаси, Getty Images
Alibaba гуруҳи асосчиларидан бири бўлган технология тадбиркори Жек Ма бир вақтнинг ўзида иккита қудратли ўзгариш - онлайн тижорат пайдо бўлиши ва Хитойнинг ўсиб бораётган иқтисодий қудратидан наф кўрди.
Чак Фини, duty-free'ни ихтиро қилди ва Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япониянинг четга туризмидан каттагина наф кўрди.
Омад роль ўйнаган кечмишлар ҳам бор.
Microsoft асосчиси Билл Гейтс 1960-йиллар охирларида Қўшма Штатлардаги компьютерга эга бўлган кам сонли мактаблардан бирида ўқиган. Қўшиқчи ва ишбилармон аёл Рианна Барбадосда таътилда бўлган мусиқа продюсери билан тасодифан учрашиб қолгани туфайли муваффақиятга эришди.
Келинг, ота-оналарни тинглайлик.
Тейлор Свифтнинг бутун оиласи ўсмир қизи карьераси учун Пенсилваниядан Нешвиллга кўчиб ўтди, Майкл Жорданнинг онаси эса Adidas ёки Converse билан шартнома имзолашдан олдин Nike таклифини тинглагани борган ва бу тарихдаги энг даромадли спорт ҳомийлик шартномасига йўл очиб берди.
Булар миллиардерларнинг ҳаёти ва тақдирини ўзгартирган кичик воқеалардир.
Эшиклар очилганда, ундан ўтишни ҳам билиш керак. Бу одамлардаги умумийлик энергия, ҳаракат ва фидойиликдир. Бундан ташқари, кўпчилик воз кечганда ҳам, уларни ўз йўлида давом этганидир.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002



























