Янгиликлар. Ўзбекистон: Россия иқтисодига нима бўлди, энди мигрантларга қийин бўладими ёки Путин режаси Rossiya O‘zbekiston Yangiliklar

Марказий осиёлик мигрантлар
Сурат тагсўзи, Россия ҳар йили четдан миллионлаб ишчи кучига эҳтиёж сезади. Бу мигрантларнинг салмоқли қисмини, йилларки, Марказий осиёликлар ташкил этиб келишади.

Россия ўзбекистонликлар учун энг йирик меҳнат бозори бўлади. Ўзгаришлар хавотирлими?

Алоқадор мавзулар:

Россияда нима гап?

Россия рубли

Сурат манбаси, Reuters

Четдаги башоратлар ўзини оқламади.

Орадан икки йил ўтса-да, Россия иқтисоди ҳайратланарли бир равишда урушга чидаб берди.

Ғарбнинг устма-уст молиявий ва иқтисодий санкциялари остида инқирозга учрамади.

Аксинча, ҳатто, 2023 йилда ўсди.

Экспертлар бунинг сабабини катта бюджет харажатларига боғлашди.

Уларга кўра, Россия ҳукумати урушга жуда катта маблағ сарфламоқда ва бу пул бутун иқтисодиётга тақсимланаётир.

Аммо экспертларнинг огоҳлантиришича, гарчи давлат ҳозир етарлича маблаққа эга эса-да, бу узоқ давом эта олмайди.

Уларга кўра, Россиянинг ишлаб чиқариш қуввати чекланган ва мамлакатга биринчи навбатда ишчи кучи етишмайди.

Россия президенти эса, шу кунларда Узоқ шарқлик тадбиркорлар билан учрашаркан, мамлакатининг иқтисодий аҳволи билан мақтанган.

"Бизни ҳар томондан бўғиб, эзишаётганга ўхшайди. Биз бўлсак умумиятла иқтисодиёт ҳажми бўйича Европада биринчи бўлдик. Германияни қувиб ўтдик. Дунёда бешинчи ўринга чиқдик. Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Япония ва Россия. Европада эса, биринчи", - дея баён қилган Путин.

Иқтибос

Россия ҳар йили четдан миллионлаб ишчи кучига эҳтиёж сезади.

Бу мигрантларнинг салмоқли қисмини, йилларки, Марказий осиёликлар ташкил этиб келишади.

Жумладан, сўнгги уч ўн йилликда айнан Россия катта сондаги ўзбекистонликлар учун энг йирик ва анъанавий меҳнат бозори вазифасини бажариб келади, икки давлат ўртасида виза тизими амал қилмайди.

Улар ҳар йил ортга юбораётган миллиардлаб долларлик пуллар Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритишда муҳим аҳамият касб этади.

Аксар аҳолиси бугун ҳам ишсизлик ва камбағаллик кенг илдиз отган чекка қишлоқ ҳудудларида яшовчи Ўзбекистонда миллионлаб сондаги одамнинг тирикчилиги улар ортга юбораётган ана шу маблағлар орқасидан ўтади.

Бу пуллар, йилларки, мамлакатда ижтимоий тангликни юмшатиб, Ўзбекистон ҳукумати учун ижтимоий муҳофаза камари вазифасини ҳам бажариб келади.

Сизнинг қурилмангиз бу тасвирни очмайди

Сизнинг қурилмангиз бу тасвирни очмайди

Украина уруши фонида Россияда миграция соҳасида кузатилаётган сўнгги ўзгаришлар эса, минтақада хос эътибор топган мавзулардан бири экани кўрилади.

Шундай экан, 2024 йилда мигрантларни нималар кутмоқда?

Айрим муҳим ўзгаришлар:

Патент қимматлади

Патент

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Айнан патентнинг қиймати, йилларки, аксарият ҳуқуқшунос ва фаоллар томонидан Россияда нега ноқонуний мақомдаги ўзбекистонликлар сони кўп эканининг бош сабабларидан бири сифатида ҳам кўрилади, уларнинг сони коронавирус пандемиясига қадар миллионларга нисбат берилган.

Бу йилги январ ҳам Россияда аввалгиларидан фарқ қилмади.

Россияда аллақачон патент яна қимматлади.

Патент меҳнат қилиш учун четдан келган фуқарога Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатдир.

Патент ва унинг нархи Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликларнинг диққат-эътиборидаги энг асосий масалалардан бири бўлади.

Айнан патентнинг қиймати, йилларки, аксарият ҳуқуқшунос ва фаоллар томонидан Россияда нега ноқонуний мақомдаги ўзбекистонликлар сони кўп эканининг бош сабабларидан бири сифатида ҳам кўрилади, уларнинг сони коронавирус пандемиясига қадар миллионларга нисбат берилган.

Ўзбекистон Россия шамсияси остида ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлақонли аъзо эмас, шу боис ҳам, дейлик, Қирғизистон фуқаролари мисолида кўрилаётгани каби Россияда меҳнат қилиш имтиёзлари уларни кўзда тутмайди.

Яъни, Россияда қонуний мақомда меҳнат қилишлари учун уларнинг патент олишлари шарт.

Россия амалда бўлган мавжуд тартиб-қоидага мувофиқ, патент ҳар ой янгиланиши керак.

Агар, имконли бўлган рақамларга таянилса, патент шу йил январ ойидан бошлаб пойтахт Москва ва Москва вилоятида 900 рублга қимматлаган.

Аввал 6600 рубль бўлган бўлса, энди 7500 рублга чиққан.

Санкт-Петербургда эса, 4400 рубллик патент 4600 рублга кўтарилган.

Россиядаги энг катта сондаги ўзбекистонлик мигрантлар айнан Москва ва Санкт-Петербург ҳисобига тўғри келади.

Иш шароитлари оғирлашади

Мигрантлар
Сурат тагсўзи, Жумладан, сўнгги уч ўн йилликда айнан Россия катта сондаги ўзбекистонликлар учун энг йирик ва анъанавий меҳнат бозори вазифасини бажариб келади, икки давлат ўртасида виза тизими амал қилмайди.

Чет элликсиз, Россияга ишлаш учун келгансиз.

Маълум бўлишича, патент олган чет эл фуқаролари энди Россия Ички ишлар вазирлигига ишга жойлашганлик тўғрисидаги билдиришномани давлат хизматлари орқали у берилган кундан бошлаб икки ой ичида мустақил равишда тақдим этишлари шарт бўлади.

Фаоллар янги тартибнинг шу йил 7 январдан бошлаб патент олганларга тегишли эканини айтишмоқда.

Уларга кўра, бу меҳнат шартномаси ёки хизмат кўрсатиши ҳақидаги фуқаролик шартномаси тўғрисидаги билдиришномадир.

Бу ҳам шу кунларда ижтимоий тармоқларда Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликларни қизиқтираётган, ўйлантираётган ва улар фаоллар ёрдамида ўзлари учун аниқлик киритишга ҳаракат қилаётган янгиликлардан бири экани кўрилади.

Айтилишича, хабарнома Россия Ички ишлар вазирлигининг патент берган ҳудудий органига тақдим этилади.

"Умуман кўрсатмаса, нима бўлади? Қанақа чора кўради? Шу ҳақда ҳам маълумот беринг. Мисол учун, бизда патент бор, лекин "официальний" ишламаймиз. Ишимиз ҳар қаерда", - дея мурожаат қилган улардан бири ижтимоий тармоқдаги акаунти орқали Россиядаги асли Марказий осиёлик ҳуқуқшуносга мурожаат қиларкан.

Бунинг учун кўзда тутилган махсус формани эса, publication.pravo.gov.ru расмий сайти орқали юклаб олиш мумкин бўлади.

Энди юқори малакали мутахассисларга яхши бўладими?

Россияни тўп-тўп тарк этаётган россияликлар

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сўнгги янгилик Путин томонидан 2022 йил сентябрида Украина уруши учун эълон қилинган қисман сафарбарлик боис, Россиянинг меҳнатга лаёқатли юз минглаб фуқароси тарк этишидан унча кўп ўтмай олинмоқда.

Хабарларга кўра, энди юқори малакали мутахассисларнинг Россияда яшаш ҳуқуқини қўлга киритишлари осон бўлади.

Яъни, уларга Россияда яшаш учун рухсатнома тезкор тартибда берилади.

Сўнгги янгилик Путин томонидан 2022 йил сентябрида Украина уруши учун эълон қилинган қисман сафарбарлик боис, Россиянинг меҳнатга лаёқатли юз минглаб фуқароси тарк этишидан унча кўп ўтмай олинмоқда.

Биргина IT мутахассислари мисолида уларнинг орасида юқори малакалиларининг қанчалик кўп экани эса, воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаганди.

Айтилишича, бунгача юқори малакали мутахассисларга Россияда яшаш ҳуқуқи ишлаш рухсатномалари асосида ва у амал қилган муҳлатгача берилган.

Аммо, хабарларга кўра, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб улар учун имтиёзлар жорий қилинган.

Агар чет эл фуқароси юқори малакали мутахассис сифатида Россияда камида икки йил ишлаган ва шу даврда Россияда яшаган бўлса, унга доимий яшаш ҳуқуқининг берилиши кўзда тутилган.

Агар мутахассиснинг иш берувчиси нафақа, ижтимоий ва тиббий суғурта учун солиқлар ва бадалларни ўтказса ҳам, унинг бу каби имкониятни қўлга киритиши айтилмоқда.

Аён бўлишича, бу чет эл фуқаросига пуллик тиббий суғурта ўрнига мажбурий тиббий суғурта полисидан фойдаланиш имконини ҳам беради.

Хабарларга кўра, доимий яшаш ҳуқуқини бериш жорий йилнинг 7 январидан бошланган.

Янги чекловлар

Migrantlar

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Россия Хавфсизлик кенгаши 2022 йилнинг октябрь ойида муҳожирлик сиёсатига ўзгартиш киритиб, муҳожирлар устидан назоратни кучайтирди.

Аммо шунинг баробарида бу йил Россиядаги қуйи малакали ёки малакасиз меҳнат муҳожирларига қийин бўлиши мумкин.

Хабарларга кўра, Россиянинг айрим ҳудудларида маҳаллий ҳокимият органлари мигрантларнинг фаолиятини чеклаган.

Курган, Магадан, Тула ва Кемероводан шунга ўхшаш хабарлар олинган.

Маълум бўлишича, бу каби вилоятларда расмийларнинг тегишли қарорлари асосида тадбиркорлик субъектларига меҳнат патентига эга бўлган хориж фуқароларини болалар овқатлари ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, меҳмонхона, меҳнат бандлиги, кадрлар танлаш, барча даражадаги таълим ва яна қатор соҳаларга ишга жалб қилиш тақиқланган.

Россиянинг айрим вилоятларида эса, амалда бўлган тақиқлар яна узайтирилган, чет эллик меҳнат муҳожирларининг такси ёки автобус ҳайдашлари бу йил ҳам чекланган.

Бу каби хабарлар тафсилотларидан сўз Марказий осиёликлар энг кўп банд соҳалар ҳақида бораётгани аёнлашади.

Россия фуқаролигини олиш осонлашади

Коллаж

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўтган йил майида Россия Давлат Думаси депутати фуқаролик олган Марказий Осиёлик мигрантларни урушга юборишга чақирган.

Президент Путин шу йил январ ойида имзолаган янги фармон Украина урушида қатнашиш учун ёлланадиган чет элликларга фуқаролик олишни янада осонлаштиради.

Путин имзолаган фармонга кўра, фуқаролик Россия махсус ҳарбий амалиёт, деб атаётган Украинадаги уруш даврида армия билан шартнома тузган хорижликларга берилади.

ТАСС хабар агентлигининг ёзишича, фармон ортидан нафақат армияда хизмат қилганларнинг ўзлари, балки уларнинг қариндошлари ҳам Россия фуқаролигини олиш учун ариза топшириш ҳуқуқига эга бўлишади.

Россия 2022 йил феврал ойида Украинага бостириб киргач, урушда катта йўқотишларга учрагани ва уларнинг ўрнини тўлдириш учун аскарларга эҳтиёж сезаётгани айтилади.

Россияда миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилади. Улар орасида Россия фуқаролигини олганлар ҳам оз эмаслиги айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати шу вақтгача мигрантларни урушга ёллаш ҳаракатлари боис Кремлга қарши расман эътироз билдирмаган.

Аммо Ўзбекистон ўз фуқароларини бир неча бор огоҳлантириб чиққан.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграция агентлиги бу борада ўзбекистонликларга бир неча бор огоҳлантирув мурожаатларини эълон қилишган.

Бу фақат Ўзбекистон эмас, Россияда ишлаётган катта сондаги Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.

Дейлик, Тожикистон Россия билан қўш фуқароликка эга ва кўплаб тожикистонлик мигрантлар Россия фуқаролигини ҳам олишган.

Россия паспорти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фаолларга кўра, Россия паспорти талабгорлари ҳалигача бор. Уларнинг сони олдингидек кўп бўлмаса-да, бор.

Олдинроқ эса фуқаролигидан қатъиназар ҳам Россия, ҳам Украина тарафида урушган ўзбек, тожик ё қирғиз ёшлари ҳақида бир неча бор айтилган.

Бироқ баъзан Россиядаги жазони ижро этувчи жойлар ёки қамоқхоналардан чет эллик маҳкумларни турли ваъдалар билан урушга ёллаш ҳаракатлари кузатилган.

Айрим ҳолатларда эса Россиядаги ноқонуний ёки ҳужжатида бирон камчилик мавжуд мигрантларни ҳам Украина урушга ташлашга урунишлари бўлгани ҳақида хабарлар чиққанди.

Айни пайтда, Украина уруши бошланганидан бери Россия фуқаролиги кўпчилик учун ўз жозибардорлигини йўқотгани ҳам билдирилади.

Россияликларнинг кўп Ғарб давлатларига сафар қилиши ва ё виза олишлари қийинлашган.

Бироқ камбағаллашган Марказий Осиё давлатларидаги миллионлаб инсонлар учун Россия фуқаролиги ҳамон Россияда ишлаш ва яшаш учун ҳақ-ҳуқуққа эга бўлиш учун муҳим бўлиши мумкин.

Ўз юртларига қайтишгани билан иш топишлари қийин, ривожланган Ғарб давлатларига бориб ишлаш осон эмас ва Россияда хорижий мигрантлар доимий текширувлар ҳамда камситишларга юз тутиб келишади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002