Украина. Янгиликлар. Азов жангчилари ким: Қаҳрамонми, нацист ёки ватанпарвар? Rossiya Ukraina Yangiliklar

- Author, Хюго Бачега
- Role, Би-би-си
«Азовстал» пўлат заводининг бир неча ҳафталик қамалида асирга олинган украиналик жангчилар Россия томонидан ғайриинсоний шароитларда ушлаб турилди, деди асирликдан озод қилинган жангчи Би-би-сига.
«Азов»чилар аслида ким?
Украина Миллий гвардияси таркибига кирувчи «Азов» полки Россия ҳукумати томонидан террорчи ташкилот деб аталган ва тақиқланган.
«Азов» полки 2014 йилда кўнгиллилар батальони сифатида яратилган. Батальон дастлаб ўта ўнг характерга эга эди, аммо кейинчалик қайта ташкил этилди ва Украина Миллий гвардиясининг бир қисмига айланди.
«Азовсталь» металлургия гигантининг апокалиптик вайроналари билан якунланган Мариуполнинг узоқ ва умидсиз мудофаасидан сўнг, «Азов»чилар Украинадаги энг қўрқмас жангчилар сифатида шуҳрат қозонишди.
Украина расмийларининг баёнотлари ва Россия расмийлари томонидан эълон қилинган ҳалок бўлганлар рўйхатидан хулоса қилиш мумкинки, ўлганлар ва ярадорларнинг аксарияти «Азов»чидир.

Сурат манбаси, Reuters
"Тириклигимни ҳис қилдим"
«Азов» полки ҳарбий хизматчиси, лейтенант Иля Самойленко сентябрь ойида маҳбуслар алмашинуви натижасида озод этилганлардан бири.
Самойленко Би-би-си билан суҳбатда Россияда 120 кун давомида якка кишилик камерасида сақлангани ва Украинага ҳеч қачон қайтмаслигидан қўрққанини айтди.
Унинг сўзларига кўра, у асирга олинганида россиялик ҳарбийлар унинг протез қўлини мусодара қилган.
28 ёшли лейтенант Украина шарқида Азовстал қамалидан олдин ҳарбий топшириқни бажараётганида қўлидаги ўқ-дориларнинг портлаши оқибатида ўнг кўзи ва чап қўлидан айрилган.
Унинг Украинага қайтиб келганида биринчи иши - бир қути сигарет сотиб олиш бўлган. «Тирикликни ҳис қилиш учун», - тушунтиради у.
- «Мени интиқлик билан кутаётган одамларнинг юзларида қувонч кўз ёшлари, табассумларни кўрганимдан бахтлиман», дейди Иля.
«Азов» жангчиси сентябр ойида Россия-Украина маҳбуслари алмашинувидан кейин халқаро матбуотга берган биринчи интервьюсида сафдошлари билан алоҳида сақлангани, қийноқларга солингани, уларга тузукроқ егулик беришни ва тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортишганини айтди.
Россия ҳарбий асирларга нисбатан ҳар қандай қийноқлар ёки шафқатсиз муносабатни рад этади.

Сурат манбаси, Reuters
Энг шиддатли уруш
Лейтенант Самойленко Россия ҳарбийлари томонидан улкан «Азовстал» пўлат заводининг ер ости туннеллари ва бункерларида тинимсиз бомбардимон остида тўсиб қўйилган юзлаб ҳарбий хизматчилардан биридир.
Улар Украина олий ҳарбий қўмондонлигидан Мариуполь учун жангни якунлаш ҳақидаги буйруқ келгунига қадар таслим бўлишдан бош тортдилар. Бугунги кунда бу урушнинг энг шиддатли ва ҳалокатли жангидир.
Жангчилар Мариуполни оз миқдордаги шахсий буюмлари билан тарк этишди, уларнинг очиқ яралари ва чарчаганлиги кўринарди. Баъзилари қўлтиқ таёқларда эди. Улар автобусда Россия назоратидаги ҳудудга жўнатилган.
Металлургия заводини тарк этганларнинг барчаси дастлаб Донецк вилоятидаги россияпараст сепаратистлар назоратидаги Еленовка қамоқхонасида сақланишди, деди лейтенант Самойленко.

Сурат манбаси, Reuters
Бир неча кундан кейин у ва бошқалар, асосан Азов зобитлари Россиянинг номаълум жойига кўчирилди. У бир кишилик камерада қамалганини айтади. У ерда кунларни ақлий ҳисоблаб вақтни кузатиб боришга ҳаракат қилди, жисмоний машқлар билан ўзини ушлаб турди.
«Аммо мени жисмонан қийнашмади, қийноқларга бошқа ердаги сафдошларим дуч келишган. Бошқа жойга юборилганлар аҳволи хафта сари ёмонлашиб борган «ўта оғир шароитлар»га дуч келишган, деди жангчи.
Самойленконинг айтишича, сентябр ойида озод этилганларнинг баъзилари сувни чекланган миқдорда берилгани, баъзилари эса оч ушлаб турилганини айтган.
"Россия қотиллик далилларини йўқотмоқчи"

Сурат манбаси, Reuters
Июль ойида Еленовкадаги портлашда ўнлаб украиналик маҳбуслар ҳалок бўлган эди. Москва объектга Украина томонидан ҳужум қилинганини айтди. Украина ҳукумати бу даъвони бемаънилик дея рад этиб, Россияни қийноқлар ва қотиллик далилларини йўқ қилишга уринаётганликда айблади.
«Россия уруш қоидаларига аҳамият бермади, Женева конвенцияларини инобатга олмади. Улар одамларнинг ҳаётига тупуриб қўйган», деди лейтенант Самойленко. Ва ҳозирча батафсилроқ маълумот бера олмаслигини қўшимча қилди.
«Россияликлар ҳам бу интервьюларни кўрадилар. Бизнинг қувончли чеҳраларимизни кўриб, баттар жаҳллари чиқади» - деди у.
Май ойида, Азовсталнинг таслим бўлишидан бир неча кун олдин, лейтенант Самойленко матбуот анжумани ўтказди. Эфир завод биноси остидаги бункердан жонли тарзда намойиш этилди. Қарийб икки соат давомида у ярадор жангчиларнинг умидсиз яшаш шароитларини тасвирлаб берди. У ва бошқалар ўзларини ўлик деб ҳисоблашаётганини айтди.
Украинлар "Азов"чилар озодлигини олқишлади

Сурат манбаси, Reuters
Россияда кўпчилик «Азов» полкини ёқтирмайди ва қоралайди. Бу полкнинг дастлаб ўта ўнглар тарзида шакллангани билан боғлиқ.
Бу факт Россия ташвиқотида ҳамон президент Владимир Путиннинг Украинани «денацификация қилиш» ҳақидаги асоссиз даъволарини оқлаш учун қўлланилади. «Азов» жангчилари қўлга олинганидан бери баъзи россияликлар уларга нисбатан оғир қамоқ жазоларини қўллашни қўллаб-қувватладилар, бошқалари эса уларни қатл этишга чақирди.
Аммо Украинада «Азов» жангчилари Россия босқинига қарши қаршилик рамзи бўлиб, уларни реклама баннерларида олқишлашади.
«Ўзимни қаҳрамон деб ҳисобламайман», деди лейтенант Самойленко.
Уларнинг сентябр ойида озод этилиши президент Владимир Зеленскийнинг катта ғалабаси ҳисобланди ва бутун мамлакат бўйлаб байрамона руҳ уйғотди.
«Жанг майдонига қайтишимиз керак»

Сурат манбаси, Reuters
Асирларни алмашиш жараёнида 215 нафар украиналик ва 55 нафар россиялик озод этилган. Россиянинг жанг майдонидаги шармандали муваффақиятсизликлари фонида тузилган келишув тафсилотлари сир сақланмоқда.
Аммо озодликка чиқиш қоришиқ эҳтиросларга сабаб бўлди, дейди лейтенант Самойленко. Унинг кўплаб дўстлари ва қуролдошлари асирликда қолиб, қийноқлар ва ғайриинсоний муомалаларга дуч келишганди
Лейтенант Самойленко ҳозир Киевда янги қўл протезини кутмоқда ва унга психологик ёрдам кўрсатилмоқда. Чунки тез орада «жанг майдонига қайтишимиз керак» дейди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























