Соқол ва мўйловли бўлиш менинг ихтиёрим – юз тукларидан фахрланадиган аёллар Dunyo Hindiston

Сурат манбаси, SHYJA
Мўйловли ҳиндистонлик аёл интернетда одамларнинг ҳам маъқуллови, ҳам кулгисига сабаб бўлди. Аммо у юзидаги тукларга бўлган ўзгалар қизиқишига парво қилмайди.
"Мўйловим ўзимга ёқади", деб ёзади 35 ёшли Шайжа WhatsApp'да ўз фотосурати остида.
Унинг суратларини Facebook'да кўрган ёки шахсан учрашганлар ундан нега мўйлови борлигини тез-тез сўрашади.
"Шуни айтишим мумкинки, менга бу ёқади. Жуда жуда», дейди у.
Фақат битта исмни ишлатадиган Шайжа жанубий Керала штатининг Каннур туманида яшайди. Кўпгина аёллар сингари, унинг ҳам йиллар давомида лаблари устида туклари бор эди.
У қошларини мунтазам равишда тердирган бўлса да, ўзининг айтишича, у ҳеч қачон юқори лаби устидаги тукни олиш заруратини ҳис қилмаган.
Тахминан беш йил олдин, бу туклар кўринадиган мўйловга айлана бошлаган ва Шайжа уларни шундайлигича қолдиришни афзал кўрган.
"Энди мен усиз ҳаётни тасаввур қила олмайман. Ковид пандемияси бошланганда, мен доимо ниқоб кийишни ёқтирмасдим, чунки у юзимни қоплар эди", дейди у.
Уни кўрган кўпчилик мўйловини олиб ташлашни маслаҳат берарди, лекин Шайжа буни рад этарди.
"Мен ҳеч қачон бу туклар сабабли ўзимни хунук деб ҳис қилмаганман."

Сурат манбаси, Getty Images
Аёлларга кўпинча юздаги сочлар кераксизлиги ва уларни олиб ташлаш ёки шакллантириш учун мунтазам равишда пул тўлашлари кераклиги айтилади. Тукни тозалаш воситалари - кўп миллиард долларлик кремлар, мумлар, устаралар ва пул тўлашга қодир аёллар учун эпиляторлар саноати.
Аммо сўнгги йилларда кўплаб аёллар ўзларининг юзидаги тукларини фахр билан кўз кўз қилиб, нормага қарши чиқа бошладилар.
Гиннеснинг рекордлар китобига кўра, 2016 йилда ўз танасига позитив қараш тарғиботчиси Ҳарнаам Каур тўла соқолли дунёдаги энг ёш аёл бўлди. У интервьюларда юзидаги тукларни қабул қилиш таҳқирлар қаршисида ўзни севишни ўрганишнинг муҳим қисми бўлгани ҳақида гапирди.
Шайжа учун мўйлов қўйиш баёнот эмас, бу унинг ўзлигининг бир қисмидир.
"Мен шунчаки ўзим ёқтирган нарсани қиламан. Агар менинг иккита ҳаётим бўлса, балки биттасини бошқалар учун яшаган бўлардим", дейди у.
Бундай муносабат қисман кўп йиллар давомида соғлиғи билан боғлиқ муаммолар билан курашиш сабаблидир. Ўн йил ичида Шайжа олтита жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди: бири кўкракдаги, иккинчиси тухумдонидаги ўсимтани олиб ташлаш учун. Унинг охирги операциясида беш йил олдин бачадони олиб ташланган.
"Ҳар сафар операция хонасидан чиққанимда, бошқа ҳеч қачон бу хонага қайтмаслигимга умид қилардим", дейди у.

Сурат манбаси, SHYJA
Кўплаб соғлиқ инқирозларини енгиб ўтиш Шайжанинг уни бахтли қиладиган тарзда яшаши кераклигига ишончини кучайтирди.
Унинг айтишича, у болалигида уятчан бўлган. Унинг қишлоғидаги аёллар кечки соат 18:00 дан кейин уй ташқарисида деярли кўринмасди.
Керала Ҳиндистоннинг энг илғор ва юқори даражада ривожланган штатларидан бири бўлса да, аксарият ҳудудлар патриархал бўлиб қолмоқда ва аёллар кўпинча сафар қилиш ёки ёлғиз яшашдан қўрқади.
У турмушга чиқиб, қўшни Тамил Надуга кўчиб ўтганида, Шайжа эркинликнинг янги турини кашф этганини айтади.
"Эрим ишга кетиб, кеч қайтарди. Шунинг учун, мен кечқурун уй олдида ўтирардим, баъзида бирор нарса керак бўлса, кечаси дўконга ёлғиз борардим. Бу менинг ўзимга ишончимни оширди», дейди у ва бу муносабатни ўсмир қизига ўтказишга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилади.
Шайжанинг оиласи ва дўстлари унинг мўйловини тўғри қабул қилади. Қизи тез-тез бу унга ярашишини айтади.
Аммо Шайжанинг айтишича, кўчада одамлардан ҳар хил гапларни эшитади.
"Эркакларда мўйлов бўлади, аёлга нега керак?" деб мени масхара қилишади", дейди у.
Йиллар давомида у бир неча бор маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига мавзу бўлган. Яқинда унинг айтишича, у Facebook'да маҳаллий ахборот агентлиги томонидан ўзи ҳақида берилган мақолага бир нечта масхаромуз изоҳларни кўрган.
Бир киши нега унинг қошлари терилганда муйловини ҳам қўшиб тозалаб юбормагани сўрайди.
"Аммо нимани қолдириш ёки қолдирмаслик менинг ихтиёримда эмасми?» деб сўрайди у.
Шайжанинг дўстлари кўпинча Facebook'даги бу изоҳларга қаттиқ жавоб беришади, бироқ у бунга умуман аҳамият бермаслигини айтади.
«Ҳақиқатан ҳам, баъзида уларнинг устидан кулиш учун қараб тураман.»
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























