Америка урушлари - Гуантанамодан кейинги ҳаёт: “Биз ҳамон тутқунмиз” Дунё, янгиликлар

Mansoor Adayfi on the balcony of his Belgrade apartment. "Guantanamo follows you everywhere you go," he said.
Сурат тагсўзи, Мансур Адайфи Белграддаги квартираси балконида. "Гуантанамо сени ҳамма жойда таъқиб этади", дейди у (Joel Gunter/BBC)
    • Author, Жоэл Гунтер
    • Role, BBC News
1px transparent line

Мансур Адайфи 2016 йилда Гуантанамо қамоқхонасида 14 йил ўтирган, Сербия ҳукумати делегацияси ташриф буюрганида Сербия ҳақида деярли ҳеч нарса билмас эди.

Адайфи билган ягона нарса шу эдики, 1990 йиллардаги Болқон урушларида Серб қўшинлари босниялик мусулмонларни қирғин қилган. Адайфининг сўзларига кўра, ўша йили Гуантанамодан озод этилиши керак бўлган барча маҳбуслар тарихнинг бу қисмини билган ва ҳеч ким Сербияга боришни истамаган.

Бу вақтга келиб Адайфи бутун вояга етган ҳаётини Гуантанамода ўтказган эди - у 19 ёшида Афғонистондан олиб кетилган ва 32 ёшигача ҳеч қандай айбловсиз ушлаб турилган. Ўтган йили АҚШ унинг Ал-Қоида билан алоқаси аниқ эмаслигини тан олиб, маҳбусларни хорижга кўчириш бўйича махфий битимларнинг мураккаб тизими бир қисми сифатида озодликка чиқишга рухсат берди.

Адайфи оиласи яшаган Қатарга ёки собиқ маҳбусларга яхши муомаласи билан Гуантанамо қамоқхонасида ном қозонган Уммонга бормоқчи эди. Аммо унинг 6-лагерда делегация билан белгиланган учрашув вақти келганида, Адайфи ўзини Сербия жамоаси кутаётганини пайқади. Ўзининг айтишича, у уларни тинглаган ва хушмуомалалик билан рад жавоби берган.

"Мен уларга катта раҳмат, лекин мен биламан, деб айтдим."

Адайфийнинг сўзларига кўра, делегация раҳбари уни Сербияда мусулмонлар кутиб олишига ишонтирган. Уларнинг айтишича, ҳукумат унга фуқародек муносабатда бўлади - ўқишни тугатишга, моддий ёрдам кўрсатишга, паспорт ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат олишга ёрдам беради. Улар унга ҳаётини қайта бошлашга ёрдам беришмоқчи эди.

Учрашувдан кейин Адайфи Гуантанамодаги АҚШ расмийларига боришни истамаслигини айтди. Лекин улар очиқчасига унинг ўрнини кўрсатишган.

"Учрашувдан сўнг, Давлат департаменти вакили менинг олдимга келиб: "Мансур, бошқа иложингиз йўқ. Сиз Сербияга кетасиз", деди."

1px transparent line
Гуантанамо тутқунлари. 2002 йил январи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Гуантанамо тутқунлари. 2002 йил январи
1px transparent line

39 ёшда, харизматик ва сертабассум, ўзини тутиши болаларча бўлган Адайфи вояга етган ондаёқ қамоққа тушганини айтади. Унинг Белградга бўлган узоқ сафари Яманда бошланган, у ерда сув ва электр қуввати бўлмаган қишлоқда ўсган. Ўсмирлик чоғида мактабни битириб, у информатика бўйича ўқиш учун пойтахт Сано шаҳрига кўчди. Унинг айтишича, 2001 йилда Санодаги таълим муассасасининг топшириғи билан ахборот технологиялари бўйича ёрдамчи сифатида Афғонистонга жўнаб кетган.

Адайфи келганидан тўрт ой ўтиб, АҚШ Афғонистонга бостириб кирди ва "Ал-Қоида" аъзоларини овлашга киришди. Самолётлардан таслим бўлган одамлар учун катта пул мукофотлари ваъда қилинган варақалар сочилди. Адайфининг айтишича, у Афғонистон шимолида миниб кетаётган машинаси Яманга қайтишига бир неча кун қолганда жангариларнинг пистирмасига йўлиққан, у қўлга олинган ва АҚШга топширилган.

Адайфининг биринчи бекати Қандаҳордаги АҚШга қарашли қора муассаса бўлиб, у ерда уни ечинтириб, калтаклашган, сўроққа тутишган ва Мисрдаги Ал-Қоида қўмондони деб айблашган. Қандаҳордан уни кишанда Гуантанамо қамоқхонасига олиб кетишган.

Унинг машҳур қамоқхонада ўтказган 14 йиллик ҳаёти "Бизни бу ерда унутма" (Don't Forget Us Here) номли хотира китобида тасвирланган. Унда қамоқхонада бўлган укаси ва синглисининг қийноқлари, руҳий зўравонликлар ва ўлими ҳақида ҳикоя қилинади. У ўзи мустақил инглиз тилини нолдан бошлаб, шунингдек, компьютер фанлари ва бизнес назариясини ўрганди. Аммо бу ҳикоя озод этилганидан кўп ўтмай, 2016 йил июлида тунларнинг бирида Белградга қоронғуда қўниши ва хавфсизлик кучлари уни шаҳар марказидаги кичкина квартирага олиб бориши билан якунланган, кейин у ерда кузатув камералари топилган, дейди у. Ўша биринчи кечада Адайфи ўзини нима кутаётганини ўйлаб мижжа қоқмади.

"Мен чарчадим, лекин ухлай олмадим, оч эдим, лекин овқатлана олмадим, - дейди у февраль ойи охирида Белграддаги ҳозирги квартирасида. - Гуантанамода ёлғизлик бор эди, лекин бу янги турдагиси эди."

Кейинчалик Адайфи "Гуантанамо 2.0" деб атайдиган нарса юз берди - у Сербиядаги изоляция қилинган ва чекланган одамга айланди, унга бирор ерга кетишга рухсат берилмайди ва, ўзининг айтишича, уни полиция доим таъқиб қилади ва агар кимдир у билан дўстлашишга ҳаракат қилса, уни огоҳлантиришади.

Гуантанамонинг турли мамлакатларга кўчирилган ва ҳеч қандай айб қўйилмаган собиқ тутқунлари ҳам худди шундай тажрибаларини тасвирлаб беришди: ҳаётнинг мавҳумлиги; ҳужжатларнинг йўқлиги, полиция аралашуви ва уларни бир мамлакат ёки ҳатто бир шаҳарга боғлаб қўйган саёҳат чекловлари иш топиш, оиласи олдига бориш ёки муносабат ўрнатишни қийинлаштиради.

"Ҳаётимизга хуш келибсиз, - дейди Адайфи. - Бу Гуантанамодан кейинги ҳаёт."

1px transparent line
Mansoor Adayfi near his apartment in Belgrade, where he was resettled from Guantanamo in 2016.
Сурат тагсўзи, Мансур Адайфи Гуантанамодан кейин жойлаштирилган Белграддаги квартираси ёнида (Joel Gunter/BBC)
1px transparent line

Қайта жойлаштириш бўйича келишувлар собиқ маҳкумларни бутун дунёга - Сербия, Словакия, Саудия Арабистони, Албания, Қозоғистон, Қатар ва бошқа мамлакатларга тарқатиб юборди. Баъзилар ўз мамлакатларига - улар орасида Буюк Британия ҳам бор - қайтиш бахтига муяссар бўлди, бошқалари чет элга жўнатилди.

Адайфига унинг оиласи яшайдиган Яманга қайтиши тақиқланган, чунки АҚШ Конгресси маҳбусларни ўзи беқарор деб ҳисоблаган мамлакатларга қайтариш хавфсизликка таҳдид, деган қарорга келган. Яман ҳам Сербия сингари Адайфига паспорт беришдан бош тортди, шунинг учун у амалда Белграддаги фуқаролиги йўқ шахсдир.

Гуантанамо қамоқхонасидаги бошқа кўп нарсалар сингари, уни у бу мамлакатга олиб келган келишув ҳам сирлигича қолмоқда. "Расман, мен ҳеч нарсани билмайман, чунки Қўшма Штатлар адвокатларга ҳеч нарса айтмайди, - дейди Адайфининг адвокати Бет Жейкоб, у ҳозирда Гуантанамодаги тўққиз нафар тутқуннинг ҳимоячиси. - Менинг мижозларим ҳақидаги маълумотларнинг кўпини мен улар билан баҳам кўра олмайман, чунки улар махфий деб таснифланган ва менда бор нарса қаттиқ таҳрирланган - беш саҳифадаги зулмат денгизида сузувчи бир неча сўз бор ҳужжатлар."

АҚШ Давлат департаментининг Би-би-сига айтишича, у барча учинчи давлатлардан собиқ маҳбусларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиши, шунингдек, "собиқ маҳбус кўчирилганидан кейин юзага келиши мумкин бўлган таҳдидни камайтиришга қаратилган хавфсизлик кафолатлари" ҳамда "уларнинг жамиятга интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш" ҳақида кафолат олган. Давлат департаменти баъзан собиқ маҳбусларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларга ёрдам берган, дейди матбуот котиби, аммо ёрдам миқдори ва муддати номаълумлигича қолмоқда. Сербия ҳукумати Би-би-си саволларига жавоб бермади.

Адайфи учун кўчириш келишуви кўринмас тўр каби кўринади. У қаерда бошланиб, қаерда тугашини билмайди. У Сербияни тарк эта олмайди, чунки унинг паспорти йўқ ва у олдиндан рухсат сўрамасдан Белграддан чиқа олмайди. Унинг айтишича, уни полиция кузатиб юради ва ҳукумат берган телефонида ўрнатилган тинглаш дастурини топиб олган. Унга машина ҳайдаш тақиқланган, шунинг учун у жума намозига боради, чунки энг яқин масжидгача автобусда узоқ юриш керак. Унинг яшаш учун рухсатномаси бор, ижара ва қўшимча таълим олиш учун моддий ёрдам олган, бироқ у Гуантанамода ўтган 15 йилини тушунтириб бера олмагани учун иш топишда қийналмоқда, шунинг учун аранг кун кечиради. У мусулмонлар оз бўлган ва ҳалол гўшт сотиладиган жой бўлмаган шаҳар чеккасида ҳукумат берган квартирада яшайди. У кўпинча уйда ёлғиз овқатланади ва ёлғизлигини юмшатиш учун автобусга миниб, энг яқин савдо марказига бориб айланади.

Адайфи ёш оилалар ёнидан ўтаркан, кўпинча узоқ тикилиб қолади. "Мен ўзимни ушлаб туролмайман, - деди у бир марта савдо марказидан ўтаётганда. - Ўзимни қобиқ каби ҳис қиляпман, ичим бўш."

1px transparent line
A mailbox at Adayfi's apartment, and Guantanamo books on his bookshelf.
Сурат тагсўзи, Адайфи квартирасидаги почта қутиси ва уйидаги китоб жавонидаги Гуантанамо ҳақидаги китоблари (Joel Gunter/BBC)
1px transparent line

2016 йилда Белградга келганидан кўп ўтмай, Адайфи Америка оммавий ахборот воситаларига биринчи интервьюсини бериб, янги ҳаётидан норози эканини айтди. Бунга жавобан кўп ўқиладиган Сербия газетаси тўлиқ саҳифали мақола чоп этиб, уни "Ал-Қоида жиҳодчиси" ва мезбон давлатга ношукур "маҳкум террорчи" деб атади.

Унинг айтишича, у дўстлашмоқчи бўлганлар полиция томонидан огоҳлантирилган. Унда WhatsApp суҳбатларининг скриншотлари бор, уларда у бу ерга илк бор келганида бир кафега ёлғиз ўзи борганида яқин атрофдаги столда ўтирган бир гуруҳ ливияликлардан тортиб, яқинда бир масжидда суҳбатлашиб қолгани ёш бир мусулмонни полиция сўроқ қилганигача тасвирланган.

«Улар уни тўхтатиб, "Ал-Қоида"дан Мансурни биласизми?" деб сўрашибди, - дейди Адайфи. - Охирида мен ундан рақамимни ўчиришни сўрадим. Мен ҳеч кимга мен сабабли зарар етишини истамайман."

Унга кўра, 2018 йилда PBS Frontline телеканалига берган интервьюсидан сўнг Адайфини полиция ҳибсга олган ва калтакланган. Унинг тил курсларида таҳсил олган икки дўсти ҳам ҳибсга олинган. Унинг сўзларига кўра, у қатнашган телефон таъмирлаш курсида ўқиган аёл кутубхонада у билан гаплашганидан сўнг полиция сўроқ қилган. Унда аёлнинг фуқаролик кийимидаги полициячилар уни нима учун огоҳлантираётганини сўраб юборган хабарлари бор.

Шундай қилиб, Адайфи кўп вақтини квартирасида ёлғиз ўтказади. У қўшнилари билан камдан-кам мулоқот қилади ва савдо марказига камроқ боради, чунки ўтган йили у очиқ ҳавода намоз ўқиётганини кўришган ва полиция уни бинодан ташқарига кузатиб қўйган.

"Бироз вақт ўтгач, таслим бўласиз, кетасиз, - дейди Адайфи. - Аммо бу сизнинг изоляция қилинганингизни англатади. Ҳозир мен асосан ўз хаёлларим билан яшайман".

Адайфи учун Белградда топилмаган дўстлар ўрнини Гуантанамодаги собиқ маҳбусларнинг халқаро тармоғи босади, у уларни турли WhatsApp гуруҳлари ёки телефон орқали мулоқот қиладиган «биродарлар»лар деб атайди. Мезбон мамлакатларда ҳеч кимни хавф остига қўймаслик учун гуруҳларда сиёсий мавзуда гаплашилмайди. "Биз қўшиқ куйлаймиз, латифа айтамиз, фотосурат алмашамиз, соғлиғимиз ҳақида бир-биримиз билан гаплашамиз. Биз Гуантанамо ҳақидаги хотираларимизни баҳам кўрамиз - кийим-кечак, озиқ-овқат, - деди Адайфи. - Бу бизга ҳаётни давом эттиришга ёрдам беради."

1px transparent line
Mansoor Adayfi shows a drawing from his business plan for a milk and honey farm in Yemen, completed in Guantanamo.
Сурат тагсўзи, Мансур Адайфи Гуантанамода тутқунлиги пайти тайёрлаган Ямандаги сут ва асал фермаси бизнес плани учун чизган суратини кўрсатади (Joel Gunter/BBC)
1px transparent line

Адайфи тез-тез гаплашиб турадиган собиқ тутқунлар орасида яманлик ватандоши Сабри ал-Қараший ҳам бор, у Қозоғистоннинг Узоқ Шарқидаги собиқ ядро синов полигонидаги кичик Семей шаҳрига мажбуран кўчирилгунга қадар Гуантанамо қамоқхонасида қарийб 13 йил ўтказган.

Ал-Қараший 2014 йилда Қозоғистонга бошқа тўрт нафар собиқ маҳбус, жумладан, келганидан тўрт ой ўтиб буйрак етишмовчилигидан вафот этган Асим Таит Абдулла Ал-Халакий ва зарур тиббий ёрдам ололмаган Лутфи бин Али билан бирга кўчирилган эди. Семейда юрак хасталиги сабабли даволана олмаган Лутфи ўтган йили Мавританияга депортация қилинганидан кейин юрак хасталигидан вафот этган.

Унинг сўзларига кўра, Бин Алининг кетиши билан Ал-Қараший Семейда ёлғиз қолган ва у ерда "қамоқхонадагидан ҳам ёмонроқ аҳвол"га тушган. У Қозоғистон Президенти ва Бош вазирига, АҚШ элчихонасига ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига (ХҚХҚ) ўзини қўйиб юбориш ёки Гуантанамога қайтариб юборишни сўраб мактублар ёзган, бироқ жавоб олмаган. Қозоғистон ҳукумати бу борадаги Би-би-си саволларига жавоб бермади.

"Гуантанамода бу ердан кўра яхшироқ эди, чунки ҳеч бўлмаганда у ерда бир кун келиб яхшироқ жойда бўламан деган умидим бор эди", деди ал-Қараший.

"Қозоғистондан ҳукумат делегацияси келганида, менга Қозоғистон фуқаросидек муносабатда бўлишларини айтишди. Лекин бу ёлғон эди. Менинг мақомим йўқ, шахсий гувоҳномам, оилам, дўстларим йўқ."

Ўзининг айтишича, Ал-Қарашийни кўпинча квартирасидан чиқаётганда полиция тўхтатади ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат сўрайди. Бундай ҳужжат эса йўқ. Баъзан уни полиция бўлимига олиб боришади ва ХҚХҚдан кимдир келиб уни олиб кетиши учун етти-саккиз соат кутишга мажбур қилишади. У бир куни курткасини ечишни рад этгани учун фуқаро кийимидаги полициячи томонидан калтакланганидан кейин юзидаги нервлари шикастлангани учун махсус тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган, лекин эски дўсти Лутфи бин Али каби унга даволаниш учун пойтахтга боришига рухсат йўқ.

"Мени урган йигитга нима бўлганини сўраш учун полиция бўлимига бордим ва улар "Оғзингни ёп, сен бу ерда ҳеч кимсан, уйга кет", дейишди."

1px transparent line
Selections from two paintings by Sabry al-Qarashi, who began painting in Guantanamo.
Сурат тагсўзи, Сабри ал-Қараший чизган икки сурат. У Гуантанамода расм чизишни бошлаган. (Sabry al-Qarash)
1px transparent line

Бу воқеа менинг Семейдаги ҳаётимни бор бўйича кўрсатди, дейди ал-Қараший, бутун ҳаёти уни террорчи деб ҳисобловчи маҳаллий ҳокимиятларнинг раҳм-шафқати остида кечади. "Биринчи оғриқ - бу зарба, - дейди у. - Иккинчи оғриқ, сиз адолатга эриша олмайсиз. Сизнинг ҳеч қандай ҳуқуқингиз йўқ."

АҚШ ҳеч қачон ал-Қарашийга Афғонистондаги ҳарбий лагерда қатнашган "Ал-Қоида" аъзоси деб айблов қўймаган. У Покистон хавфсизлик кучлари томонидан "Ал-Қоида"нинг Карачидаги бошпанасида ҳибсга олинган, бироқ у гуруҳга аъзо бўлганини рад этади.

Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган пайтда ал-Қараший расм чиза бошлаган, кейинчалик мусодара қилинган кўплаб асарлар яратган. У Семейда ҳам бу ишини давом эттиришга ҳаракат қилди. Бу "менинг ақл ҳушимни жойида сақлаб турадиган ягона нарса", дейди у. Унга онлайн буюртма бериш тақиқланган, шунинг учун унинг бўёқ ва полотноларга буюртма бериш имконияти чекланган. Ундан собиқ маҳбуслар ижоди бўйича бадиий кўргазмага асар тақдим этишни сўрашган, бироқ унда Қозоғистон ҳужжати бўлмагани сабабли асарнинг ҳақиқийлигини текшириб, жўната олмайди.

"Мен ХҚХҚдан расмларимни ёқиш керакми, деб сўрадим, - дейди ал-Қараший. - Улар менга уларнинг ягона вазифаси бошпанам ва емишим борлигига ишонч ҳосил қилиш эканлигини айтишди, тамом."

Етти йил олдин ал-Қараший оилавий келишув асосида яманлик аёлга уйланган эди, у Семейдан чиқиб кетишига рухсат берилмагани учун у билан ҳеч қачон учрашмаган ва келин ҳам Қозоғистонга унинг олдига кела олмайди. У кетишга рухсат сўраб Қозоғистоннинг турли органларига мурожаат қилган, аммо самарасиз. "Мен ҳаётим бошланишини етти йилдан буён кутяпман", дейди у.

Short presentational grey line

Гуантанамо қамоқхонасидан жами 779 киши ўтган. 12 нафари жиноятда айбланмоқда. Фақат иккитаси судланган. 2006 йилда АҚШ Мудофаа вазирлигининг Сетон Холл университети ҳуқуқ факультети томонидан ўтказилган таҳлилга кўра, ўша йили қамоқда қолган 517 маҳбуснинг атиги 5 фоизи ҳақиқатда АҚШ кучлари томонидан ҳибсга олинган. Уларнинг 86 фоизи Афғонистондаги Покистон ёки Шимолий Альянс жангарилари коалицияси томонидан ҳибсга олинган ва "АҚШ шубҳали душманларни қўлга олиш учун катта мукофотлар таклиф қилаётган бир пайтда Қўшма Штатларга топширилган". Унинг сўзларига кўра, Адайфининг тақдири шундай бўлган - у нотўғри вақтда нотўғри жойда бўлиб қолган. "Мен пакетли шартнома эдим, - деди у, - Аввал АҚШга, кейин Сербияга сотилган."

2007 йилда Гуантанамо қамоқхонасининг маъмурий назорат кенгашида, қамоқда етти йил ўтиргач, Адайфи ўзини «жиҳодчи» ва Усама бин Ладеннинг «ўғли» эканлигини ва "АҚШнинг душмани бўлиш шараф" эканлигини айтди. Энди у бу гаплар норозилик сифатида айтилганини даъво қилмоқда. Маъмурий назорат кенгашлари псевдо-ҳуқуқий суд мажлислари бўлиб, унда ҳибсга олинганларнинг адвокатлари бўлмаган.

"Биз бу кенгашни аввалига тушунмадик, биз буни навбатдаги сўроқ деб ўйладик, - дейди у. - Биз учун ҳаммаси сўроқ эди. Шунда ўйладим, бугун мен уларни мағлуб қиламан, мен сизга душманман, деб айтаман.

Ўша пайтда Адайфи бошқа маҳбусларнинг норасмий раҳбари бўлиб, очлик эълонлари ва бошқа норозилик намойишларини уюштирарди. Қўриқчилар орасида у ўзига "табассум қилувчи тартиббузар" лақабини олганди. Шунингдек, у ўзини таълимга бағишлади, инглиз тилида равон гапиришни ва ёзишни ўрганди. У Гуантанамодаги хотираларини икки марта ёзган. Контрабанда қоғоз парчаларига ёзилган биринчи нусхаси мусодара қилиниб, йўқ қилинган. Юридик мактублар имтиёзли эканини англаб этгач, у лагерь синфида оёқлари полга кишанланган ҳолатда соатлаб ўтирар ва кейинчалик китобига асос бўлган мактубларни ёзарди.

1px transparent line
A title page listing contents for Adayfi's book, approved to be passed out of Guantanamo to his lawyer. (Joel Gunter/BBC)
Сурат тагсўзи, Адайфи китоби муқоваси. Гуантанамо маъмурияти маъқулловидан кейин адвокатига етказилган (Joel Gunter/BBC)
1px transparent line

Ҳозир Адайфи Сербиядаги қамоқхонадан кейинги ҳаётидаги қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилувчи янги китоб устида ишламоқда. Унинг Белграддаги квартирасининг бир девори ҳикояларни тасвирлайдиган рангли стикерлар билан тўлган. Қайдларда полиция сўроқлари, дўстлашиш ва хотин топишга бўлган уринишларнинг барбод бўлиши ҳамда президент Байденнинг эътиборини ўз аҳволига қаратишга уринишлари акс этган. Ҳар куни у бошқа собиқ маҳбуслар - жами 100 дан ортиқ кишилар билан турли онлайн гуруҳлар ва WhatsApp чатларида мулоқот қилади. Кўпчилик Адайфи каби чекловларга дуч келган.

"Қўшма Штатлар бу одамлар учун жуда оғир шароит яратди, - деди Дафне Эвиатар, Amnesty USA'нинг хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари бўйича директори. - Уларнинг кўпчилиги қийноққа солинган ва ҳеч қандай айбга иқрор бўлмаган, товон ҳам, ҳақиқий реабилитация ҳам олмаган. Кейин уларни чекланган, саёҳат қила олмайдиган, тирикчилик қила олмайдиган ва кўча олмайдиган бошқа вазиятга қўйиш виждонсизликдир."

Адайфи учун Гуантанамодан кейин янги ҳаётнинг ягона йўли - хотин топиш ва ўз оиласини қуриш. Кечалари шу ҳақда ўйлайди. Аммо Сербияда кимдир билан учрашишга уринишлар муваффақиятсиз тугади. Унинг эътиқодига кўра, у мусулмон аёлга уйланиши ва у билан анъанавий тарзда, унинг оиласи орқали учрашиши керак, аммо унинг Белграддаги мусулмон жамиятига қўшилишга уринишлари муваффақиятсизликка учрмоқда, чунки унинг фикрича, жамиятда терроризмга алоқадор бўлиш қўрқуви кенг тарқалган.

Ўзининг айтишича, Адайфи 2019 йилда чет элда бир қизни топди. У яхши оиладан эди ва улар бир йил давомида алоқада бўлишди, Адайфи Сербия ҳукуматига қизнинг олдига бориш учун рухсат сўраб мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, у илк севгиси эди. Охир-оқибат, у ҳокимиятдан унинг олдига боришига рухсат беришни илтимос қилган, аммо улар рад этишган. Ниҳоят, қизнинг оиласининг сабри тугаб, уни бошқа йигитга турмушга беришди.

"Мен ҳис қилган энг кучли оғриқ қора бўшлиқда эмас, Гуантанамодаги 15 йил ичида эмас, балки мен севган одамни йўқотиш эди", дейди Адайфи.

"Гуантанамода улар сизни қийноққа солишади, лекин руҳингизга тегиши мумкин эмас. Севги бу сизнинг қалбингиздаги оғриқдир, жуда кўп азоб чекасиз."

1px transparent line
Адайфи квартираси деворида Белграддаги ҳаётига бағишланган янги китоби учун эслатмалари (Joel Gunter/BBC)
Сурат тагсўзи, Адайфи квартираси деворида Белграддаги ҳаётига бағишланган янги китоби учун эслатмалари (Joel Gunter/BBC)
1px transparent line

2004 йилнинг июль ойида - биринчи маҳбуслар Гуантанамо қамоқхонасига келганидан икки йилдан кўпроқ вақт ўтгач, Пентагон маҳбуслар ҳолатини расман текширишни бошлади ва "душман бўлмаган жангчи" мақомига эга 38 кишини озод қилишга рухсат берди. Бу мақомга кўра, уларнинг "Ал-Қоида" ёки Толибон билан алоқаси йўқ ва АҚШга қарши душманона ҳаракатлар қилмаган.

Афғонистонда ҳибсга олинган 38 киши орасида беш уйғур ҳам бор эди, АҚШ уларни Хитойнинг Шинжон минтақаси мустақиллиги тарафдори бўлган Шарқий Туркистон Мустақиллик Ҳаракати аъзоси бўлган деб гумон қилган. Уларни уйғурларни таъқиб қилаётган Хитойга қайтариш хавфсиз эмас эди, шунинг учун АҚШ уларни олиш учун Албания билан келишувга эришди. Улар ниҳоят 2006 йилда озодликка чиққан ва кеч тунда Албания пойтахти Тиранага қўнганлар. Уларнинг озодликдан олган дастлабки қувончлари шаҳар чеккасидаги қочқинлар лагерига олиб борилганда сўнди. Улар у ерда бир йилдан кўпроқ вақт бўлишди.

"Бу бошқа дунёга ўхшарди", дейди 52 ёшли уйғур Абу Бакр Қосим. У ҳозир Тирана ташқарисидаги қашшоқ ва вайрона жойда оиласи билан тинч ҳаёт кечирмоқда. "Беш йил давомида биз Гуантанамода, жазирамада эдик ва тўсатдан Албанияда қаттиқ совуққа дуч келдик. Ҳар куни лагердаги нотанишлар орасида қаттиқ кийиниб, мазасиз таомлар едик".

Қосим Шарқий Туркистон Мустақиллик Ҳаракатига аъзо бўлганини рад этади. Унинг сўзларига кўра, у Покистон орқали Туркияга кетаётганда жангарилар қўлига тушган ва АҚШга топширилган. Адайфи каби, Албанияга жўнаб кетган бошқа собиқ маҳбусларга ҳам моддий ёрдам, паспортлар, фуқаролик ва улар учун тайёр бўлган квартиралар ваъда қилинган, дейди улар. Аммо борганларида бошқача ҳолатга дуч келишган.

"Ўша пайтда Гуантанамода олтита лагерь бор эди, Албаниядаги қочқинлар лагери еттинчи эди, - дейди 2002-2006 йилларда Гуантанамода сақланган ўзбекистонлик Зокир Ҳасам. - Бизда на пул, на тузук егулик бор эди. Ҳокимият бизга уларнинг ягона вазифаси бизнинг сиёсий ва жисмоний хавфсизлигимизни таъминлаш эканлигини айтди, тамом."

Қочқинлар лагеридаги бир йил ва бир қатор норозилик намойишларидан сўнг, Тиранадаги собиқ тутқунлар квартираларга кўчирилдилар. Улар Гуантанамодан кейин ҳаётларида Адайфи ва ал-Қарашийдан кўра кўпроқ ҳаракат қилишди ва қайсидир маънода омадлари келди. Баъзилар уйланди ёки қайта уйланди. Қосим ва Ҳасамнинг фарзандлари бор. Улар ҳар ой ижара ва коммунал харажатларни тўлаш ва маҳаллий жамоаларга интеграциялашиш учун молиявий ёрдам олади. Аҳолиси асосан мусулмонлар бўлган мамлакатда бўлиш уларнинг ишини осонлаштирди.

1px transparent line
Abu Bakker Qassim at his home in Tirana. "This is not freedom," he said.
Сурат тагсўзи, Абу Бакр Қосим Тиранадаги уйида. "Бу озодлик эмас", дейди у. (Joel Gunter/BBC)
1px transparent line

Аммо акс ҳолда улар Сербия, Словакия ва Қозоғистондаги собиқ маҳбуслар каби чекловлар остида яшашлари мумкин эди. Уларнинг паспортлари ёки ишлаш рухсатномалари йўқ, шунинг учун улар ўзларига берилаётган арзимас моддий ёрдамга қўшимча тирикчилик учун бирор ерга боролмайди, ишлай олмайди.

"Бу эркинлик эмас, - дейди Қосим. - Худога шукур, қамоқдан чиқдик, лекин озод эмасмиз".

Қосимнинг рафиқаси "энг арзон сабзавот, энг арзон мева, бироз бузилганини сотиб олади". "Бозордан сотиб ололмаяпмиз, чунки 15 кунда пулимиз тугайди. Шундай қилиб, биз имкон қадар тежаймиз. Бу ерда ёлғизмиз, чет элликмиз, ёрдам берадиган оиламиз йўқ".

Молиявий ёрдам уларнинг куни ўтишига етади, лекин айни пайтда уларни қалтис ҳолатда ушлаб туради, чунки бу фақат собиқ маҳбуслар учундир, уларнинг оилалари учун берилмайди. Қосимнинг дўсти ва ҳамкасби, собиқ маҳбус Ала Абд ал-Мақсуд Мазруҳ беш ой олдин Ковиддан вафот этганида, Албания ҳукумати унинг рафиқаси Хадичага ёрдам дарҳол тўхтатилиши ҳақида хабар берди. Шунингдек, унга уч нафар ёш фарзанди билан яшаб турган давлат томонидан ижарага берилган уй-жой шу йилнинг сентябрь ойида қайтиб олиниши айтилган.

Қосим сингари, Ала ҳам 2005 йилда душман бўлмаган жангчи эканлиги аниқлангандан кейин қўйиб юборилган. Хадича шахсан ўзи ички ишлар вазирлигига борган, лекин киришга рухсат берилмаган ва унинг мурожаатига жавоб ҳам берилмаган. Унинг адвокатга пули етмайди. Уч нафар фарзандини боқиш учун тўлиқ кунлик иш топиши керак. Унинг энг катта қўрқуви - болалари бошпанасиз, оч қолиб кетишидир. Унинг иккинчи энг катта қўрқуви, оталари Гуантанамо қамоқхонасида бўлгани учун келажакда уларнинг таъқибга учрашидир.

"Мен эртага ва индин учун ҳам болаларим келажагидан хавотирдаман, - дейди у. - Уларга Гуантанамо деган тамға босилиб қолишидан қўрқаман."

Албания ҳукумати воқеага изоҳ бериш бўйича сўровга жавоб бермади.

"Бизнинг энг катта муаммомиз - бизда ID йўқлиги, - деди Ҳасам. - Бу ҳар қадамда одамнинг оёғидан чалади. Сизда танлов йўқ, қаерда яшашни, оилангизни кўргани чет элга бора олмайсиз, қаерда ишлашни танлай олмайсиз - барчасига шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат, ҳужжатлар ва иш тарихингиз керак бўлади."

Ҳасам ҳар ҳафта эски-туски буюмлар бозорига бориб, сотиб олиб, таъмирлаши ва қайта сотиши мумкин бўлган электрон ва механик буюмларни - бузилган смартфон ва ноутбуклар, радиолар, дреллар, очиб тузатиш мумкин бўлган нарсаларни қидиради. Лекин фойда оз. Февраль ойининг бир дам олиш кунида бозорда икки соат айланиб фақат битта шикастланган динамик тўплами топди.

1px transparent line
Zakir Hasam at the junk market near his home in Tirana. 'We have no ID, it interferes with every part of life," he said.
Сурат тагсўзи, Зокир Ҳасам Тиранадаги эски-туски бозорида. 'Бизнинг IDимиз йўқ, ҳаётимиздаги ҳамма нарсага аралашув бор," дейди у. (Joel Gunter/BBC)
1px transparent line

У биринчи галда ўзининг техник малакаси асосида яхши ишга жойлашишни ва ҳозирда тўғри парвариш ололмаётган аутизми бор икки фарзандини яхшироқ таъминлашни хоҳлайди. 2020 йилда у ўзининг исми World Check'да эканлигини билиб олди, ўша пайтда у бунинг нималигини тушунмаган, аммо банклар бу маълумотлардан мижозларида жиноий ҳолат бор-йўқлигини текшириш учун фойдаланади. Маълумотлар базасида бўлиш одамни чеклаб қўйиши мумкин ва унинг ортида турган Refinitiv компанияси рўйхатга олинганларни хабардор қилмайди.

Ўша йили маълум бўлдики, Гуантанамо қамоқхонасидаги кўплаб собиқ маҳбуслар аксарияти ҳеч қачон жиноятда айбланмаган бўлса ҳам, маълумотлар базасига қўшилган, камига рўйхатнинг "терроризм" тоифасига. Эндиликда Британия юридик фирмаси ёрдамида улар аста-секин кичик тўловларни олмоқда. Ҳасам 3000 доллар олди. Қосим 3000 доллар олди. Мансур Адайфи ҳали тўловни олмаган, у таклифга эътироз билдирмоқда. "Агар адвокатлар 30% ундиришини ҳисобга олсангиз, бу унчалик кўп эмас", дейди у.

Ўтган ой Адайфи ҳеч қандай тушунтиришсиз Western Union пул ўтказмалари хизматидан узилган. Унинг сўзларига кўра, у хизматдан онасининг ойлик тиббий харажатларини тўлаш, шунингдек, хориждан хайрия ёрдами ёки иш ҳақи олиш учун Ямандаги оиласига оз миқдорда пул жўнатган. Компания сиёсатига асосланиб, Western Union Адайфи ёки Би-би-сига нима учун у тизимдан узиб қўйилганини очиқлай олмаслигини билдирди. Вакилнинг таъкидлашича, компания "тартибга солиш ва мувофиқлик бўйича ўз мажбуриятларини жуда жиддий қабул қилади" ва унинг иши бўйича Адайфи билан боғланган.

Адайфи бу Гуантанамо эканлигига ишончи комил. Унинг суддан ташқари ҳибсга олиниши сояси ҳаётининг кўп жабҳаларига тушиб қолганки, у буни ҳамма жойда ҳис қилади.

"Қаерга борсанг ҳам сени кузатиб боради, - дейди у афсус билан. - Америка сизни 15 йил жазолайди, кейин эса дунё сизни бутун умр жазолайди".

Short presentational grey line

Февраль ойининг бир кечаси, Гуантанамога тушганининг 20 йиллигидан бир неча кун ўтиб, Адайфи АҚШнинг Виржиния штатидаги бир гуруҳ талабаларга Гуантанамода яратилган санъат ҳақида видеомурожаат қилиш учун ўз квартирасини жиҳозларди. У кичкина столини ўзи ёқтирган Zoom фонида - янги китобининг мазмунини кўрсатувчи қайдлар ёпиштирилган девор олдига силжитди - апельсинранг ипак шарфни илгакдан олиб, бўйнига боғлади. Бу ранг Адайфи Гуантанамода кўзи боғланганидан сўнг кўрган биринчи ранг эди, эркаклар кийишга мажбур қилинган комбинезонлар ранги лагерда инсон ҳуқуқлари бузилиши рамзига айланган.

У ушбу чиқишлари учун интернет орқали сотиб олган арзон халқали чироқни ёқди ва квартиранинг бир бурчагини ёритди. Адайфи камдан-кам ҳолларда интервью бериш ёки нутқ сўзлаш таклифини рад этади - унинг тарғиб қиладиган китоби бор ва Гуантанамо қамоқхонаси ҳақида ёш авлодга маълумот беришни ўзининг бурчи деб билади. Ва бу одамларни унинг ҳаётига бир оз вақтга олиб киради.

Адайфи Гуантанамо маҳбусларининг санъат каталоги ва санъаткорларнинг ўз асарларини қамоқдан чиқариш учун давом этаётган кураши ҳақида нутқ сўзлади. Кейин у талабаларни саволлар беришга ундади. У суҳбатлашган мактаб ва коллеж ёшидагиларнинг кўпчилиги Гуантанамода нима содир бўлганлиги ҳақида ноаниқ тасаввурга эга ва Адайфининг ўзи у ерга юборилганида бу ёшларнинг аксарияти ҳали туғилмаган эди.

Шу пайтгача Адайфидан Гуантанамо қамоқхонаси ҳақида сўраладиган деярли барча саволларни сўрашган бўлиши мумкин. Лекин у уларнинг ҳар бири билан иштиёқ билан гаплашарди. «Қайси вақтда таслим бўлдингиз?» сўради талаба.

"Ҳеч қандай таслим бўлиш йўқ эди, таслим бўлганингизда ютқазасиз, - деди Адайфи. - Биз расм чизамиз ва улар олиб қўйишади. Биз ёзамиз ва улар сўзимизни йўқ қилишади. Биз очлик эълон қиламиз ва улар буни ҳам бузишади. Биз яна очлик эълон қиламиз. Мен китобимни икки марта ёздим. Биринчи мартасида улар олиб қўйишди, юрагим сиқилди. Лекин мен яна ёздим."

1px transparent line
Adayfi often gives online talks about Guantanamo. Many students were not born when he was sent to Guantanamo.
Сурат тагсўзи, Адайфи онлайн маърузалар беради. Талабаларнинг аксари у Гуантанамога тушганидан кейин туғилганлар. (Joel Gunter/BBC)
1px transparent line

Адайфи ўзининг қўлёзмасини Белградда америкалик ёзувчи ёрдамида якунлаб, ўтган йил охирида чоп этди. Шунингдек, у бизнес йўналиши бўйича бакалавр даражасини олди - унинг диссертацияси собиқ маҳкумларнинг қаерга юборилишидан қатъи назар, жамият ҳаётига ва меҳнат бозорига қайтишларидаги муваффақият ва муваффақиятсизликлари таҳлилидир. Гуантанамо Адайфи дунёсини чеклашда давом этмоқда - у қилаётган деярли ҳамма нарса унинг ҳибсга олиниши оқибатларини тадқиқ қилади.

Онлайн суҳбат тугагач, Адайфи халқа чироқни ўчириб, квартирасини қайта тартиблади. Кеч бўлган эди, лекин у гаплашишни истарди. Суҳбат мавзуси яна оилага қайтди ва бир пайт Адайфи ёш болаларини ўзини тутишга ўргатаётган отага тақлид қила бошлади. Тез орада у хаёлга берилиб кетди, ўрнидан сакраб турди ва ўзининг хаёлий ўғли ва қизини хона бўйлаб қувиб, жилмайиб, уларнинг хаёлий исмларини айтиб кулиб юборди. Кейин у ўзини тутди, тўхтади ва бир муддат жим қолди.

Адайфи учун бу фантазияни реалликка айлантириш Гуантанамо қамоқхонасидан ҳақиқий қочиш бўлади. Бугунги кунга қадар у судсиз ҳибсга олинганлиги билан белгилаб қўйилган ҳаётининг ғалати босқичида қолмоқда. "Нима қилсам ҳам, атрофимдагилар шубҳа билан қарайди, - дейди у умидсизлик билан. - Одамлар Америка хато қилишига ишонмаяпти."

Апрель ойида Адайфининг адвокати ҳукумат кузатувчисидан ҳукумат "Мансур билан ишни битказди" ва "дастур тамомланди" деган хат олди. У бу ўзгариш Адайфининг ишлаш, машина ҳайдаш ва саёҳат қилиш ҳуқуқига чекловлар олиб ташланишини англатадими, деб сўради. У бу ҳақда мутасаддиларнинг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинишини айтди. Адайфи Сербияга жўнатилганидан деярли олти йил ўтгач, бу унга қарши чекловлар ҳақиқатда мавжудлигини биринчи марта тан олиш эди. Улар жавоб кутишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek