Видео: Россия Украина урушига ёллаётган сурияликларга қанча доллар беряпти?

Сурат манбаси, Russian MOD TV
Россия Украинада жанг қилиш учун 16 минг Яқин шарқлик жангчиларни жалб қилганини айтади. Суриядаги ижтимоий тармоқлар 7 минг долларга урушга ёлловчи эълонлар билан тўлиб тошган. Би-би-си Сурия армиясининг собиқ аскарларидан бири билан гаплашди. У уруш сабаб мамлакатда абгор бўлган иқтисодни деб ўлимга ҳам тайёрлигини айтади.
Россия Украинага бостириб кирганига бир ойдан ошди.
Россия қўшинлари олдинга илгариламоқда, бироқ Украина қаршилиги уларнинг ҳаракатини секинлатиб қўйган.
Афтидан уруш узоқ давом этадиган курашга айланиши мумкин. Бунинг учун эса Москвага таваккал қилишга тайёрлар керак.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-си Украинадаги урушга шубҳа билан қараётган, аммо Россия тарафида жанг қилишни истаётган Сурия собиқ аскари билан гаплашди.
"Россия Украинада қирғин қилмоқда. Аммо Суриядан ейишга нон тополмайдиган қашшоқ одамларни пулга ёллаб, аскарлари билан бирга жанг қилишга юбормоқда", дейди у.
Унинг Би-би-сига айтишича, россияпараст ёлловчилар урушга ҳарбий ва фуқароларни олмоқда.
Ёлланганлар аввалига Суриянинг Латакия шаҳрида жойлашган Россия ҳарбий базасига боради ва у ердан Россияга учишади.
Москванинг айтишича, ҳарбийлари сафига Яқин шарқдан 16 минг жангчи кўнгилли равишда қўшилган.
""Иккита шартнома таклиф қилишяпти. Биринчиси уруш чизиғида жанг учун 7 минг доллар, иккинчиси жабҳа ортида хавфсизликни таъминлаш учун 3,5 минг доллар. Агар ўлсам оиламга 50 минг доллар юборишларини айтишди", дейди собиқ аскар.
Ижтимоий тармоқларда ўзларини "Россия дўстлари билан ҳамкорлик" деб таърифлайдиган сафарбарлик билан шуғулланувчи бир нечта саҳифаларни кўрдик.
Кўпчилик Суриядаги уруш натижасида оғир вазиятда қолган иқтисод туфайли Украинага кетишни истаётганини айтади. Бу - ҳеч қачон қайтиб келмасликни англатувчи жанг бўлса ҳам уларни қайтара олмаяпти.
"Улар Россия ҳарбийлари ўрнига ўлиш учун минглаб одамни ёллаб уруш чизиғига қўяётган бўлиши мумкин. Ёки логистикага ёрдам бериши мумкин. Ушбу сафарни қийинлаштирувчи жуда ҳам кўп мавҳум элементлар бор. Суриялик аскарлар бошқа тилни билмайди. Улар Россия ва Украина ўртасидаги ўта совуқ об-ҳаво шароитида яшаш ва жанг қилишга ўргатилмаган", дейди Сурия адолат ва жавобгарлик ташкилоти раҳбари Муҳаммад Абдуллоҳ.
Сурия аскарлари Украинага етиб келганини тасдиқловчи хабарлар ҳали чиққани йўқ.
Россия Мудофаа вазири уруш бошланганидан бери мингдан ортиқ аскарлари ҳалок бўлганини айтди, бироқ АҚШ разведкасининг айтишича, ўлганларнинг аниқ сони бир неча мингдан ортиши мумкин.
Би-би-си гаплашган собиқ аскар эса, нима бўлган тақдирда ҳам Украинадаги урушга кетишини айтади.
"90 фоиз эҳтимол билан кетаман ва ўламан. Қайтиш ё қайтмаслигимни билмайман, аммо болаларимни боқиш учун пул топмоқчиман".
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
























