Сиёсий музқаймоқ нега Исроилни ғазабга солди, фаластинликларга умид берди? Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Эмре Азизлерли
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
АҚШ музқаймоқ ишлаб чиқарувчиси фаластинликларга умид берди, аммо бундан исроилликлар ғазабда.
Музқаймоқ ҳовурингизни босиш учун яхши нарса, аммо Исроилда у ёниб турган масалага айланди.
Америкалик ишлаб чиқарувчи "Ben & Jerry's"нинг Исроил босиб олган ҳудудлар - Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусдан чиқиб кетиш қарори Исроил ҳукумати ғазабига сабаб бўлган.
Бу ҳудудлардаги Исроил 1967 йилдан буён қуриб келаётган манзилгоҳларда 600 минг атрофида яҳудий яшайди.
"Ben & Jerry's"нинг айтишича, бу жойларда тижорат қилиш "уларнинг қадриятларига зиддир".
Аҳоли "Ben & Jerry's"нинг мазали таъмидан Исроилда баҳраманд бўлишлари мумкин, агар истасалар, компания ўз фаолиятини Исроил ҳудудида давом эттиради.
"Қайси музқаймоқни сотиб олмаслик кераклигини энди биламиз", деб твит ёзди собиқ Бош вазир Бенямин Нетаняҳу.
Аммо бу қарор нимани ўзгартириши мумкин?
- Исроил - Ғазо можароси: Якшанба Ғазода 'энг қонли кун' бўлди, Исроил яна зарба берди
- Исроил ва Фаластин можароси: Тўқнашувлар Ғарбий Соҳилга ҳам ёйилди
- Исроил-Фаластин можароси: Ҳужумлар тинмаётир, қурбонлар сони янада ортмоқда
- Мирзиёев, Ўзбекистон ва Қозоғистон Шарқий Қуддусдаги вазиятдан жиддий хавотирда
- Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилди, минтақада вазият танг - можаро илдизи қаерда?
Исроил қанчалик ташвишда?

Сурат манбаси, Getty Images
Сет Францман "Jerusalem Post"да ўқувчиларини исроилликлар халқаро бойкотдан қўрқмасликлари керак, деб тинчлантиришга уринди.
Францманга кўра, Исроил технология компаниялари "2021 йилнинг илк беш ойидаёқ 10 млрд. доллар топган".
"Агар "бойкот" дегани шу бўлса, - ёзади у, - Исроил бойкотсиз қандай давлат бўларди."
Аммо бу Исроил ҳукуматидаги кайфиятгина эмас.
Бош вазир Нафтали Беннетнинг айтишича, "оқибатлари оғир, ҳатто юридик бўлган" "жиддий чоралар" кўрилади.
Исроил ҳукуматининг хавотирига сабаб бўлган нарса бу воқеа фаластинлик фаолларни хурсанд қилганидир.
Улар музқаймоқчининг бу қарори ғарбликларнинг кейинги қадамлари учун илк дебоча бўлиши мумкин.
"Бу жуда муҳим, - деб твит ёзилди Фаластин ҳамжиҳатлиги акцияси расмий аккаунтида. - Тарих ўзанига қайтмоқда."
Музқаймоқ қанчалик муҳим?

Сурат манбаси, Getty Images
"Ben & Jerry's" бренд ҳисобланади. Компания маҳсулотлари халқаро бозорда энг оммалашган музқаймоқлардан биридир. Халқаро савдоси бир миллиард доллардан ошади.
Компанияни америкалик икки яҳудий дўст кичик, мустақил бизнес сифатида очган, сўнг у тезда кенгайиб, истеъмол маҳсулотлари гиганти "Unilever" томонидан сотиб олинган.
АҚШда кўпчилик "Ben & Jerry's"ни озод Америка рамзи сифатида кўради.
Компания ирқий тенглик, иқлим ўзгариши ва ЛГБТ ҳуқуқлари каби тараққийпарварлик ғояларини дастаклаб келади.
Дональд Трамп президентлиги даврида компания собиқ президент сиёсатига танқидан "Pecan Resist" номли музқаймоқ ҳам чиқарган.
АҚШдаги сўл йўналишдаги янгиликлар сайти "Jewish Currents"га ёзган Алекс Кейннинг айтишича, "Ben & Jerry's"нинг яҳудий манзилгоҳларида ўз маҳсулотларини сотишни тўхтатиш қарори Исроил Фаластиндаги моддий оқибатларидан кўра АҚШда турли дебатларни келтириб чиқариши мумкин."
"Бу ҳолат либералларнинг босқинга шерик бўлишдан борган сари ўзларини тияётганини кўрсатади", деб твит ёзди.
Бойкот, Маҳрум қилиш ва Санкциялар ҳаракатининг (БМС) фаластинлик етакчиларига кўра, бу апартеид шароитидаги оккупациядир.
Улар ўтмишда Жанубий Африкада бўлган аксил апартеид ҳаракатидан илҳомланиб, Исроилни буткул бойкот қилишни талаб қилишади.
Исроил апартеид айбловини рад қилади, БМС эса янада кучлироқ жавоб қайтаришга уринади.
Журналист Бен Дрор Йемини айтганидек, "БМС Исроилнинг мавжудлигига таҳдиддир".
Жанубий Африкада нима бўлганди?

Сурат манбаси, Getty Images
1994 йили оқ танли озчилик ҳукумронлиги тугатилгунгача бўлган йилларда Жанубий Африка маҳсулот ва хизматлари халқаро бойкотга учради, кўплаб компаниялар апартеид режимидан чиқиб кетишга мажбур бўлди.
1980 йилларда оддий одамлар бошлаган кампания супермаркетларни Жанубий Африка маҳсулотларини тақиқлашга мажбур қилди, банкларга мамлакатдан чиқиб кетиши учун босим ўтказилди, мамлакат халқаро маданият ва спорт тадбирларида яккалаб қўйилди.
Бойкотга халқаро чорлов 1959 йили илк марта Лондондаги учрашувда янгради. Ўшанда Танзаниянинг бўлғуси президенти Жулиус Ньерере Британия халқига мурожаат қилган эди.
"Биз шунчаки Жанубий Африка маҳсулотларини сотиб олмаслик орқали апартеидни қўлламасликнигина сўраяпмиз" деганди у.
Бугунги кунда фаластинлик фаоллар ҳам Ғарбда ана шундай тўлқин кўтариш ниятида.
Аксил апартеид ҳаракати тезлик олиши учун ўнлаб йил керак бўлганди, аммо Ғарбда кўпчилик бойкот поездига чиқиб олгач, унинг Жанубий Африкага таъсири самарали бўлди.
Бугунги дунёда ижтимоий тармоқлар сўзни тезда тарқатади, фаластинлик ёшлар эса бундан тўла хабардор.
Исроил ҳукумати БМСни антисемитизмда айблайди. Бойкот ҳаракатига қаршилар ҳам тинч ўтиргани йўқ.
"Airbnb"нинг сўздан қайтиши

Сурат манбаси, Getty Images
"Ben & Jerry's"дан аввал "Airbnb" 2019 йилда Ғарбий соҳилдаги яҳудий манзилгоҳларидаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.
Исроилни апартеид режим, деб атайдиган "Human Rights Watch" компаниянинг бу қарорини олқишлади.
Шунга қарамай, орадан беш ой ўтиб, "Airbnb" қарорини бекор қилди.
Фаластин ҳамжиҳатлиги акцияси раҳбари Бен Жамалнинг ишонишича, компания қарорини Исроил ва Ироил тараф компаниялар босими остида бекор қилган.
АҚШда 30дан ортиқ штат аксил БМС қарор чиқарган.
Улар Исроил ва Исроил манзилгоҳларига қарши бойкот қиладиган шахслар, ташкилотлар ёки бизнесларни жазолаш учун чиқариладиган қонунлар ва қарорлардир.
Исроилнинг АҚШдаги элчиси Гилад Эрдан бу штатлар губернаторларига мактублар йўллаб, улардан "Ben & Jerry's"ни қарори сабабли санкция қилишни талаб қилди.
Аксил БМС қонунларини танқид қиладиганларнинг айтишича, уларнинг қабул қилиниши сўз эркинлигига таҳдиддир.
Исроилни бойкот қилиш тарафдорлари ва қаршилар ўртасида музқаймоқ устида чиқадиган тортишув АҚШ судларида ҳам давом этадиган кўринади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























