Қирғизистон Туркияга қирғиз фуқаросини ўз ватанида ҳибсга олгани учун норозилик билдирди - Qirg‘iziston mintaqa dunyo yangiliklar

Ўрхан Инанди

Сурат манбаси, facebook

Хабарларга кўра, расмий Бишкек Туркия Миллий Жосуслик идораси зобитлари томонидан Қирғизистон ҳудудида амалга оширилган ҳибсга расман ўз эътирозини билдирган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, сешанба куни Ўрхан Инандининг қўлга олинишига норозилик билдириш учун турк элчисини ўз ҳузурига чақирган.

Туркия томонига расман ўзининг норозилик нотасини топширган.

Вазирлик бунинг қабул қилиб бўлмайдиган иш экани ва Қирғизистон фуқароси бўлганини айтиб, асли туркиялик маҳбуснинг ортга қайтарилишини талаб қилган.

Қирғизистон президенти ҳам худди шундай мавқеъни намоён этган.

Садир Жапаров ҳам Ўрхан Инандининг Қирғизистонга қайтарилишини талаб қилишларини айтган.

Қирғизистон президенти ўтган ой бошида расмий ташриф билан Туркияда бўлиб қайтган.

Аммо Ўрхан Инандининг тақдири Анқарадаги музокаралар чоғида кўтарилган-кўтарилмагани ноаён қолганди.

Рейтер ахборот агентлиги хабаридан маълум бўлишича, Туркия элчиси Ўрхан Инандининг турк фуқароси ҳам эканини урғулаган.

Ўрхан Инанди Қирғизистонда ишлаган, "Сапат" таълим муассасасига президентлик қилган, мамлакатдаги турк лицейларини бошқарган.

Қидирув ёки Ўрхан Инанди қаерда?

Ўрхан Инанди

Сурат манбаси, Social media

Ўрхан Инанди шу йил май ойи охирида бедарак кетган.

Қирғизистон фуқаросининг изсиз йўқолиши мамлакат ичкарисида кучли акс-садо берган.

Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.

Қирғизистондаги жамоат арбоблари, фуқаролик жамияти фаоллари унинг тақдирига ойдинлик киритишларини сўраб, расмийларга мурожаат қилишган.

Ўрхан Инандини топишни талаб қилиб, қирғизистонликлар Туркия элчихонаси, Қирғизистон парламенти биноси қаршисида намойишлар ҳам ўтказишган.

Депутатларнинг ўзлари ҳам қидирув ишлари қандай бораётгани юзасидан масъуллардан изоҳ сўрашган.

Аммо орада улардан бирор бир маълумот олиша олмаётгани хабар берилган.

Оиласи ва тарафдорлари эса, Ўрхан Инандининг олиб қочилишида Туркияни айблашган.

Қирғизистон милицияси "Одам ўғирлаш" моддаси билан жиноят иши қўзғаган.

Тергов-тезкор гуруҳи Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Ўрхан Инандини қидириш ишларини олиб бораётгани айтилган.

Масалага шахсан Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг ўзи ҳам эътибор қаратгани кўрилган.

У Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигига қирғиз фуқароси Ўрхан Инандини қидиришни кучайтириш ва қўшимча кучларни жалб этишни буюргани хабар берилганди.

Ўрхан Инанди топилди

Туркия президенти

Сурат манбаси, official

Шу ҳафта унинг тақдирига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг ўзи ойдинлик киритган.

Президент Эрдўған Ўрхан Инанди FETO нинг Марказий Осиёдаги вакили бўлгани, унинг мамлакат Миллий Жосуслик Агентлиги томонидан Туркияга келтирилганини маълум қилган.

Аммо ҳибсга олиш жараёнининг қачон, қандай амалга оширилгани ва Ўрхан Инандининг қай йўсин Туркияга олиб чиқиб кетилгани тафсилотлари ноаён қолган.

Расмий Анқара сўнгги ўттиз йил пост-совет ҳудудида очилган турк мактабларини Эрдўғаннинг собиқ иттифоқчиси, ҳозир АҚШда истиқомат қилувчи Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги ташкилотнинг бир қисми, деб кўради.

Президент Режеп Таййип Эрдўғаннинг ҳукумати Гуленни 2016 йилги давлат тўнтаришига уриниш ташаббуси ортида турганликда айблайди.

Ўшандан буён унинг ташкилотига қарши кенг қамровли таъқибларни амалга ошириб келади.

Турк мухолифатчиси Фатҳуллоҳ Гуленнинг ўзи эса, 2016 йилги воқеаларда қандайдир иштироки борлигини рад этади.

Ўрхан Инандининг ҳозир айнан қаерда тутиб турилгани, аҳволи ва кейинги тақдири борасида расмий маълумотлар ҳозирча имконсиз.

9 июнь куни унинг тақдири юзасидан "Хьюман Ратйс Вотч" инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳам баёнот билан чиққан.

Мажбуран Туркияга депортация қилингани эҳтимоли ҳақида сўз юритаркан, қийноққа юз туиши мумкинлигидан ўз хавотирларини ҳам билдирганди.

Инанди ким?

"Сапат" таълим муассасаси

Сурат манбаси, courtesy

Ўрхан Инанди 9 йил олдин Қирғизистон фуқаролигини қабул қилган. Бироқ Туркия ватандошлигидан воз кечганми ёки йўқ номаълум.

У 1995 йилдан бери Қирғизистонда ўқитувчилик соҳасида фаолият олиб борган.

Қирғизистондаги "Себат" халқаро таълим муассасасининг асосчиларидан бири бўлади.

Бугунги кунда ушбу муассаса "Сапат" деб номланиб, 16 та лицей ва халқаро "Ала Тоо" университетига эга.

Ўрхан Инанди билим муассаса раҳбари сифатида 2001 йилдан бери танилган.

У 2003 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek