Қирғизистонлик юристлар Тожикистоннинг устидан Халқаро Жиноят судига шикоят қилишди, президенти норози - Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

A destroyed building
Сурат тагсўзи, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги сўнгги қуролли можарода юздан ортиқ бинога ўт қўйилган, талон-тарож этилган

Қирғизистон президенти девони маҳаллий юристлар ташаббусидан хавотир билдириб, расмий баёнот билан чиқди. Бу хусусда ўзининг расмий мавқеини очиқлади. Баъзи кучлар Тожикистон билан ўзаро муносабатларни яна кескинлаштиришни исташаётгани эҳтимоли ҳақида ёзди. Аммо айнан кимлар назарда тутилаётганини тафсилотларига тўхталмади.

Шу йилнинг апрель ойи охирида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарада сув устидан келиб чиққан низо бу яқин йилларда кузатилмаган энг ёмони ва қонлиси бўлгани айтилган.

Ҳар икки урушган томон эълон қилган расмий маълумотлар қуролли низода энг кўп Қирғизистон жабр кўрганига далолат қилганди.

Президент девони эса, маҳаллий юристларнинг қирғиз-тожик чегарасидаги қонли воқеалар юзасидан Халқаро Жиноят судига мурожаат қилиш ташаббуси юзасидан хавотир билдирган.

Бу хусусдаги баёнот Қирғизистон президентининг расмий веб саҳифасида чоп қилинган.

Расмий баёнот

Сурат манбаси, Screenshot/official

Унда, "Айни пайтда Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича барча масалалар фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилинаётгани" айтилган.

Бугунги кунда қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссиялар ўз ишларини давом эттираётгани, улар икки мамлакат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда масалани ҳал қилишнинг энг мақбул йўлларини излаётгани таъкидланган.

Шунингдек, баёнотда ҳозирда чегара масалалари тинчлик ва музокаралар орқали ҳал этила бошлаганда, баъзи кучлар икки томонлама муносабатларда кескинликни қайта тиклашни хоҳлаётгани эҳтимоли ҳақида ҳам сўз борган.

Аммо айнан кимлар назарда тутилаётганини тафсилотлари очиқланмаган.

"Чегара масалалари жуда мувозанатли ёндашувни талаб қилади ва бу ҳолда бундай ташаббуслар масаланинг сиёсий ва дипломатик ечимига зарар етказиши мумкин", дейилади президентнинг расмий веб саҳифасида чоп қилинган баёнотда.

Минтақавий таҳлилчилар орасида ҳам мазкур жараёнга халқаро тузилмаларнинг аралашиши Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги вазиятни буткул издан чиқариб юбориши мумкинлигига оид хавотирлар йўқ эмас.

Улар Қирғизистон ва Тожикистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо эканини назарда тутиб, икковлон ўртасидаги зиддият ташкилот фаолиятига ҳам салбий таъсир қилиши, ва бу, ўз навбатида, хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан буткул сафарбарлиги манзарасида бутун Марказий Осиёдаги вазиятни оғирлаштириши эҳтимоли ҳақида сўз юритишган.

Минтақа доимий можаро гирдобига тушиб қолиши, бу эса, ҳеч бир давлатнинг манфаатида бўлмаслиги билан огоҳлантиришган.

Шикоят

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 6 июнь куни йигирмага яқин Қирғизистондаги нодавлат ташкилот ва фаоллар апрель ойи охирида қирғиз-тожик чегарасида юз берган қонли тўқнашувлар юзасидан тергов ўтказишни сўраб, Халқаро жиноят суди прокурорига мурожаат қилишган.

Шикоят аризаси "Институт Медиа Полиси", "Қирғизистон адвокатлари ҳамжамияти", "Оммавий таҳлил" нодавлат ташкилотлари билан бир қаторда, мамлакатда таниқли ҳуқуқбонлар Динара Ошурахунова, Рита Қарасартова ва журналист Болот Темировлар томонидан имзоланган.

Шикоят аризаси

Сурат манбаси, Screenshot/facebook

"Бугун мен Рим Статутининг 15-моддасида белгиланган ҳуқуқдан фойдаланиб, Халқаро жиноят суди прокурорига тожикистонлик ҳарбий хизматчилар ва қўмондонлар томонидан Қирғизистоннинг тинч аҳолисига қарши ҳарбий жиноятлар содир этганликлари бўйича тергов бошлаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилдим. Маълумот йиғишда ва мурожаат ёзишда ёрдам берганларга (уларнинг исмларини ҳужжатда кўришингиз мумкин) ўз миннатдорчилигимни билдираман", деб ёзган бишкеклик юрист Сания Токтогазиева ўзининг Facebook саҳифасида.

Халқаро жиноят суди прокурори идораси қирғизистонлик ҳуқуқбон ва фаолларнинг мурожаатини кўриб чиқиб, 14 июнь куни уларнинг аризаларини қайд этганига оид расмий тасдиқ хатини ҳам айнан унинг ўзи яна Facebook саҳифасида маълум қилган, хатнинг нусхасини илова қилган.

Халқаро Жиноят суди хати

Сурат манбаси, facebook/screenshot

Бунинг ортидан, мамлакат президенти девонининг бу хусусда ўз хавотирларини билдириб эълон қилган расмий баёноти эса, уларнинг жиддий норозиликларига сабаб бўлган.

"Мен ушбу баёнотни президент маъмурияти, президент ва умуман бутун давлат машинасини оммавий равишда обрўсизлантириш, деб баҳолайман. Ушбу баёнот президент маъмурияти томонидан Халқаро Жиноят судининг қандай ишлашини тўлиқ тушуниб етмасликни акс эттиради. Халқаро Жиноят судига мурожаат жабрланувчилар, адвокатлар ва фуқаролик жамияти томонидан йўлланган, давлат идоралари томонидан эмас! Президент маъмуриятидан ҳеч қандай баёнот талаб қилинмади, улар Қирғизистоннинг миллий манфаатларини оёқ-ости қилишдан кўра, шунчаки сукут сақлашса яхши бўлар эди!", - деб айтган мурожаатни Халқаро Жиноят судига йўллаган Сания Токтогазиева яна ўзининг Facebook даги саҳифасида.

Уларнинг бу норозилик чиқишлари Қирғизистон президенти девонининг расмий муносабати маълум эмас.

Қирғизистонлик бир гуруҳ юристларнинг Тожикистоннинг устидан Халқаро Жиноят судига йўллаган аризаси билан боғлиқ хабар борасида расмий Душанбе ҳам ҳозирча жим, бирор бир изоҳ билан чиқмаган. Бу ҳақда Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашри ҳам ёзган.

Жиноят ишлари

ASIA PLUS TJ

Сурат манбаси, ASIA PLUS TJ

Сурат тагсўзи, Тожикистон ўзи очган жиноят ишида қирғизистонлик ҳарбийлар ва айрим қирғиз фуқароларини кўзда тутган. "Исфарага ҳужум"ни назарда тутиб, уларни қотиллик ва тажовузкор урушда айблаган

Чегарадаги қуролли низо ортидан, ҳар икки иштирокчи давлат ҳам бир-бирларига қарши жиноий иш очишган.

Бир минтақа давлатининг бошқасига нисбатан жиноий иш билан чиққани эса, бу яқин йилларда кузатилмаганди.

Тожикистон ўзи очган жиноят ишида қирғизистонлик ҳарбийлар ва айрим қирғиз фуқароларини кўзда тутган.

Мамлакат Бош прокуратураси уларнинг сонини тахминан 200 кишига нисбат берган.

"Исфарага ҳужум"ни назарда тутиб, уларни қотиллик ва тажовузкор урушда айблаган.

Қирғизистон Бош прокуратураси эса, Боткендаги тўқнашувлар боис, Тожикистонга қарши жиноий иш қўзғаган.

Тожик томонини, "Тинчликка қарши жиноят"да айблаган.

Расмий Бишкекнинг баён қилишича, Тожикистон Қирғизистон билан яхши қўшничилик ва ҳамкорликка оид битимни бузган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги воқеалар бўйича 11 та жиноий иш қўзғатгани маълум бўлган.

Жиноят ишларининг "Қотиллик", "Тартибсизликлар", "Тинчликка қарши жиноятлар", "Безорилик", "Чегарадан ноқонуний ўтиш" моддалари бўйича очилгани маълум бўлган.

Қуролли можаро

Чегара кузатув маскани

Сурат манбаси, Getty Images

Сўнгги можаро икки давлат ўртасидаги бу яқин йилларда кузатилган энг ёмони бўлган.

Ҳар икки давлат бирдек фойдаланувчи "Бош" сувтақсимлагичдаги оддий айтишувдан бошланган келишмовчилик қуролли тус олган.

Можарога ҳар икки томондан ҳарбийлар, ҳарбий аслаҳалар ва бронетехника аралашган.

Икки кунлик зўравонлик ўнлаб одамнинг қурбон, яна юзлабининг тан жароҳати олиши билан якунланган.

Юздан ортиқ бинога ўт қўйилган, талон-тарож этилган.

Томонлар низони қўзғашда яна бир-бирларини айблашган.

Орада бунга "учинчи куч"ни масъул билганларнинг борлиги ҳам кўрилган.

Томонларнинг бир неча бор муросага бориш уринишлари ортидан, икки кунлик можаро шу йилнинг 1 май куни ниҳоя топгани хабар берилган.

Муаммонинг ечими

Харита

Орада Ўзбекистон илова қатор минтақа давлатлари ва халқаро ташкилотлар мавжуд вазиятдан ўз хавотирларини расман изҳор этиб чиқишган.

Ҳам Тожикистон ва ҳам Қирғизистон Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар саналишади.

Икки давлат чегарасидаги можаро эса, мазкур ташкилот Мудофаа вазирларининг Тожикистон пойтахти Душанбедаги расмий учрашувидан кун ўтиб юз берган.

Қирғизистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг Россия ўз ҳарбий базаси ва иншоотларига эга икки давлати бўлади.

Чегарадаги зиддият манзарасида ва қуролли низо ортидан ҳам, Россия президентининг Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишда воситачилик қилишга тайёр экани маълум бўлган.

Владимир Путин можарога музокаралар йўли билан барҳм бериш истагини ҳар икки давлат президентларининг орада Москвага қилган расмий ташрифлари чоғида ҳам баён қилган.

Айрим халқаро таҳлилчилар расмий Москванинг мақвеини Россияга ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо икки давлат чегарасидаги можаронинг кераги йўқлиги билан изоҳлашганди.

Тожикистон ва Қирғизистонни 900 км дан ортиқ давлат чегараси ажратиб туради, уларнинг ярмига яқин қисми демаркация қилинмаган.

Одатда, давлатлар ўртасида чегара қаерда жойлашганлигини аниқлашнинг иложи йўқ, бу эса маҳаллий аҳолининг сув, яйлов ва йўллардан фойдаланишида муаммоларга олиб келади.

Баҳсли ҳудудлар икки мамлакат чегараларининг қарийб 30 фоизини ташкил қилади ва унинг энг зиддиятли қисмлари ҳисобланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek