Қозондаги отишма: Мирзиёев Путинга ҳамдардлик билдирди - Rossiya dunyo yangiliklar
Сурат манбаси, kremlin.ru
Ўзбекистон президенти Қозондаги мактабда содир бўлган фожеа юзасидан Россия раҳбарига расман ҳамдардлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев ўз ҳамдарлик мактубида, "Ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайдиган ушбу мудҳиш зўравонлик ҳаракатини қатъий қоралашлари"ни ҳам айтди.
Ўзбекистон президенти қурбон бўлганларнинг ота-оналари ва яқинларини ҳам тилга олган.
Уларга ҳам ўзининг самимий ҳамдардлигини билдираркан, жароҳат олганларнинг тез фурсатда шифо топишларини тилаган.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Татаристон президентига ҳам ўз ҳамдардлигини йўллаган.
Бундан аввал Ўзбекистон Халқ Таълими вазирлигининг ҳам Россия томонига расман ҳамдардлик билан чиққани кўрилган.
Отишма 9 кишининг умрига зомин бўлган. Яна ўнлаби яраланган. Улардан айримларининг аҳволи оғир экани айтилади.
Қурбон бўлган ва талафот кўрганларнинг аксарияти ўқувчилардир.
Расмийлар якунида бир нафар эканини айтган ҳужумчи тирик қўлга олинган.
У ушбу мактабда, кейин коллежда ўқиган ва баҳорда қурол олишга рухсат олган.
Ҳужум сабаби ҳануз маълум эмас.
Масъуллар ҳодиса ортидан оммавий қотиллик бўйича жиноий иш очишган.
Ҳодиса компьютер ўйинлари, ижтимоий тармоқлардаги анонимлик ва қуролга эгалик учун кўзда тутилган тартиб-қоидаларнинг қатъий эмаслиги натижаси эканини айтишган.
Татаристонда бугун, 12 май мотам куни, деб эълон қилинган.
Қозоннинг барча мактабларида дарслар ҳам бекор қилинган.
Қонли отишма мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келган.
Татаристон Россиянинг мусулмонлар кўп яшовчи ўлкаларидан бири бўлади.
Қозондаги отишма ортидан, яна Қозоғистон ва Тожикистон президентларининг ҳам Путинга расман ўз ҳамдарликларини билдиришгани маълум бўлган.
Қозондаги отишма
Сурат манбаси, YEGOR ALEEV/TASS
Шу соатларга келиб, Қозондаги мактаб-гимназияда юз берган отишма тафсилотлари бирмунча ойдинлашган.
Хабарларга кўра, ўқни ёш ўсмир йигит очган, расмийлар унинг қўлга олинганини айтишган.
Аммо унинг ким экани, нега бу ишга қўл ургани тафсилотлари ҳозирча маълум эмас, бу ҳақда ҳалича расман бирор бир тафсилот берилмаган.
Агар, сўнгги расмий маълумотларга таянилса, отишмада жами 9 киши қурбон бўлган. Йигирмадан ортиғи яраланган.
Воқеага шахсан Россия президентининг ўзи эътибор қаратган.
Путин одамларнинг қўлларидаги қурол-яроғни тартибга солишни кескин кучайтиришга буйруқ берган.
Отишма Қозондаги 175-сонли мактаб-гимназияда содир бўлган.
Бундан аввал ўндан ортиқ кишининг қурбон бўлгани хабар берилган.
Қурбонлардан аксариятининг ўқувчилар экани айтилган.
Ҳужумчилардан бири қўлга олингани, яна бири ўлдирилгани ҳақида ҳам ёзилган.
Аммо уларнинг ким эканликлари ноаён қолаётганди.
Бу ҳақда Россиянинг қатор ахборот агентликлари - Интерфакс, ТАСС ва Новости ўз манбаларига таяниб хабар беришганди.
Сурат манбаси, TASS VIA GETTY IMAGES
Таълим муассасаси ёнида номаълум шахслар ўқ узишди, кейинчалик портлаш содир бўлди, дея хабар берганди Новости.
Интерфакснинг ёзишича, отишма фонида 20 дан ортиқ киши тиббий ёрдам сўраб, мурожаат қилган.
"Уларнинг айримлари ўқдан яраланган бўлса, бошқалари чуқур руҳий зарба сабаб, ўзларини нохуш ҳис этишган".
Шу соатларгача бу хабарларни расмий ва мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсизлигича қолаётганди.
Президент нима дейди?
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
Татаристон президенти отишмага саҳна бўлган мактабга шахсан ташриф буюрган.
Рустам Минниханов ҳозирга келиб, "тўққиз ўқувчининг қурбон бўлгани"ни айтган.
Унинг маълум қилишича, ҳодисада 21 киши жабр кўрган.
Татаристон президентига кўра, қурбонларнинг бир нафари ўқитувчи, яна бири мактаб ходимаси, қолган барчаси эса, ўқувчилардир.
Рустам Минниханов ҳам ҳужумчи "бир нафар бўлгани ва у қўлга олинган"ини айтган.
Унга кўра, "ҳужумчи 19 ёшда бўлган. Расман ўз номига ёзилган қуроли бўлган. Унинг бошқа шериклари аниқланмаган".
Сурат манбаси, Reuters
Россия Ички ишлар вазирлиги бир ҳужумчининг қўлга олинганини билдирган.
Интерфакс ўз манбасига таяниб, иккинчи ҳужумчининг "ўлдирилгани" ҳақида ёзганди.
Россия Федерал Хавфсизлик хизматига яқин манбанинг РБК га айтишича, "ҳужум юзасидан 41 ёшли эркак ҳибсга олинган. У шерикликда гумон қилинмоқда".
Диспетчерлик хизматининг Новости ахборот агентлигига айтишича, ҳужумдан кейин ҳибсга олинган 19 ёшли талаба яшайдиган уй яшовчилари ҳам эвакуация қилинган.
Энг аввалида мактабдаги манба Интерфаксга Қозондаги 175-сонли мактаб-гимназияга қуролни бир ўсмир олиб ўтганини айтган.
Ҳужумдан мақсад ва нега айнан нишон мактаб бўлгани ноаён.
Татаристон прокуратураси вакилининг журналистларга маълум қилишича, "Прокурор Илдус Нафиков воқеа жойига жўнаб кетган".
"Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда".
Сурат манбаси, YEGOR ALEYEV/TASS
Қозон мэрининг айтишича, отишма ортидан, барча ўқувчилар мактабдан эвакуация этилишган.
Татаристон президенти мактабдаги отишма сабаб, 12 майни мотам куни, деб эълон қилган.
Зўравонлик мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келган.
Ҳайит байрамига саноқли кунлар қолган бир пайтда кузатилган.
Россияда бир мактабга йирик қуролли босқин сўнгги бор 2004 йилда кузатилган.
Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳридаги мактаб нишонга айланган.
Ўнлаб қуролли шахс мактабдагиларни гаровга олган.
Улар билан бир неча кунлик музокаралар муваффақиятсиз якун топган.
Бунинг ортидан, мактабни эгаллашга қаратилган махсус амалиёт ўтказилган.
Икки ўртада аёвсиз отишмалар келиб чиққани хабар берилган.
Беслан фожиаси жами 300 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган.
Уларнинг ярмидан кўпроғининг болалар экани айтилган.
Бесландаги мактаб қамали ҳодисасига масъулиятни чечен жангарилари лидерларидан бири Шамиль Басаев олган.
Сурат манбаси, Maps.google.com
Татаристон Россиянинг мусулмонлар кўп истиқомат қиладиган республикасидир.
Татаристонда мўътадил Ислом амалда.
Республика Россиядаги диний сабр-тоқатлиликнинг намунаси сифатида тилга олинган.
2012 йилларга келиб, Татаристонда "Ваҳҳобийлик" таъсирининг кучайганига оид хавотирлар ҳам пайдо бўлган.
Татаристон мусулмонлари диний идораси муфтийси ва унинг ўринбосарига қарши ҳужумлар ҳам уюштирилган.
Уламоларга ҳужумлар ортидан Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ҳужумчиларни тутиш мақсадида кенг миқёсли амалиёт бошлашган.
Диний раҳбарлар ва диний жойлар атрофида хавфсизлик чоралари ҳам кучайтирилган.
Бунгача Россиянинг мусулмонлар кўп яшайдиган Шимолий Кавказдаги ўлкалари - Чеченистон, Доғистон ва Ингушетияда зўравонликлар кўп марта содир этилган, уламоларга қарши ҳужумларда исломий жангарилар айбланган.
Расмий маълумотларга кўра, Россияда 20 миллиондан зиёд мусулмон истиқомат қилади.
Ислом Россиядаги иккинчи энг йирик дин саналади.
Хабар тўлдирилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
Бош мақола
Муҳаррир танлови
Оммабоп мақолалар
Бу материалга кириш имконсиз