Ўғирланган, кишанланган ва эрга тегишга мажбурланган 12 яшар қизалоқ - jinsiy zo'ravonlik qizlar dunyo yangiliklar

- Author, Майк Томсон
- Role, BBC News
12 ёшли насроний қиз Фараҳнинг айтишича, ўтган ёзда уни Покистондаги уйидан олиб кетишган, кишанлашган, Исломни қабул қилишга ва ўзини ўғирлаган одамга эрга тегишга мажбур қилишган. Покистонда бу кўргулик ҳар йили юзлаб ёш насроний, ҳинду, сикҳ аёллар ва болалар бошига тушади.
25 июнь куни дарвоза тақиллаганда Фараҳ бобоси, уч ака-ука ва икки опа-сингиллари билан Покистоннинг учинчи энг катта шаҳри Файсалободдаги уйида эди. Бобоси дарвозани очганини эслайди. Сўнг уч эркак бостириб кириб, Фараҳни ушлаб, ташқарида турган фургонга тиқиб, олиб кетишган.
Фараҳнинг ўша вақтда ишда бўлган отаси Асифнинг айтишича, улар агар уни қайтаришга ҳаракат қилишса, бу оилани "тавбасига таянтириш" билан таҳдид қилишган.
Асиф жиноят ҳақида хабар бериш учун яқиндаги полиция идорасига борган, ҳатто ўғирлаганлардан бирининг исмини айтганида ҳам - Фараҳнинг бобоси улардан бирини таниб қолган - полиция офицерлари ёрдам беришга шошилмаганлар.
"Улар ёрдам беришни истамас эди, жиноятни рўйхатга олишмади ҳам. Камига, мени туртиб, ҳақоратли сўзлар айтишди."
Бир неча марта шикоят қилинишига қарамай, полиция жиноятни рўйхатга олишни уч ойгача чўзган. Ҳатто шундан кейин ҳам бирор чора кўрилмаган.
Бу вақтда 110 км наридаги Ҳафизобод шаҳридаги бир уйга қамаб қўйилган Фараҳнинг айтишича, уни зўрлашган, кишанга солишган, қулдек муносабат қилишган.
"Кўп вақт занжирланган аҳволда бўлдим, мени ўғирлаганнинг уйини тозалаш, ҳовлидаги молларига қарашни буюришди. Жуда даҳшатли эди", дейди у.
"Улар оёғимга занчир тақишди, баъзида арқон билан боғлашарди. Мен арқонни қирқишга, занжирни амаллаб узишга уринардим, аммо эплай олмасдим. Ҳар тун Xудога илтижо қилиб, ёрдам сўрардим."
Ўтган рўйхатга олишларга кўра, Покистонда икки миллион насроний бор, яъни мамлакат аҳолисининг бир фоизидан сал кўпроқ.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, ҳар йили 1000 нафарча насроний, ҳинду ва сикҳ қизлар ўғирланади.
Уларнинг аксарияти Исломни қабул қилишга мажбурланади, чунки Покистонда, шариат қонунларига кўра, ҳар икки томон мусулмон бўлса, 16 ёшдан кичик бўлганларнинг никоҳланиши жоиздир.
Фараҳнинг ҳолатида ҳам айни шу юз берган: уни аввал Исломни қабул қилишга мажбурлашган, сўнг ўғирлаган одам уни никоҳига олган.
Покистон черковлари миллий кенгашининг (ПЧМК) айтишича, бунақа одам ўғирликлар кўпайиб боряпти.
"Юзлаб, юзлаб, кўплаб қизлар, кўплаб қизлар. Бу жиноятни кўплаб одамлар қиляпти, расмийлар эса чора кўрмаяпти", дейди ПЧМК бош котиби, епископ Виктор Азария.
Фараҳнинг умидсизланган отаси Асиф маҳаллий черковдан ёрдам сўради. Сўнг черков оила учун юридик ёрдам ташкил қилган.
Декабрь ойи бошларида - ўғрини қамоққа олиш учун беш ойлик уринишлардан сўнг, Фараҳни озод қилиш учун ниҳоят полиция қимирлай бошлади.
"Тўртта полиция ходими келиб, суд қарори борлиги ва мен улар билан полиция идорасига боришим кераклигини уйдагиларга айтди", дейди Фараҳ.
5 декабрда унинг иши Файсалобод туман судига юборилди. Фараҳнинг ўзини эса то терговлар тугагунича аёллар ва болалар учун мўлжалланган вақтинча туриш жойига юборишди.

Аммо яна шум хабар келди.
Оила суднинг сўнгги қарорини кутаётган вақтда, полиция Фараҳнинг отасига терговни тўхтатишганини маълум қилади, чунки Фараҳнинг ўзи никоҳга ҳам, динини ўзгартиришга ҳам рози бўлган экан.
Фараҳ буни 23 январь кунги суд ишида ҳам такрорлаган. Аммо суд расмийлари уни шундай гапиришга мажбурлашган бўлишлари мумкинлигига гумон қилади ва Фараҳ ростан шундай бўлганини тан олади.
"Бундай дейишимга сабаб мени ўғирлаган одам агар шундай жавоб бермасам мени, кейин отамни, ука ва сингилларимни ўлдиришини айтди. Мен жуда қўрқиб кетдим ва у нима деса ўшани гапиришга рози бўлдим."
Уч ҳафта ўтиб, 16 февралда - у ўғирланганидан қарийб саккиз ой ўтиб, суд Фараҳнинг никоҳи белгиланганидек рўйхатдан ўтмагани ва ҳақиқий эмаслиги ҳақида қарор чиқарди.
Уни никоҳдаги расмий хатоларгина сақлаб қолди ва оиласига қайтди.

Ўғирланган болалар қутқарилганда ҳам, уларнинг азоблари тугамайди. Уларни ўғирлаб кетиш, оила аъзоларини ўлдириш ҳақида тағин таҳдидлар бўлади, жароҳат битмайди.
14 ёшли насроний қиз Мария Шаҳбознинг ҳам бошига ана шу нарса тушди. У ўғирланиб, эрга тегишга мажбурлангач, қочишга муваффақ бўлган. У ва унинг оиласи муттасил ўлим билан таҳдидлардан сўнг яшириниб юришга мажбур қолмоқда.
Марияга ёрдам бериш учун Британияда жойлашган "Муҳтож черковга ёрдам" хайрия ташкилоти 12500 одам имзолаган петиция уюштириб, яқинда Британия ҳукуматига топширди.
30дан ортиқ парламентарий, шу жумладан, епископлар, пьерлар имзолаган ушбу ҳужжатда бу оилага бошпана бериш сўралган.
"Муҳтож черковга ёрдам" сўзчиси Жон Понтифекснинг айтишича, Покистондаги кўплаб ўғирланган қизлар ва уларнинг оилалари умидсиз аҳволда.
"Бу болаларнинг жароҳатини улар ва уларнинг оилаларига кейинчалик бўладиган таҳдидлар чуқурлаштиради. Мария каби айримлар учун Британияда бошпана берилиши ягона умиддир."
Покистон Бош вазири ва собиқ крикет ўйинчиси Имрон Хон мусулмонлар кўпчилик бўлган юртда озчилик дин вакилларини мажбуран Исломни қабул қилдириш ҳолатларини текшириш бўйича топшириқ берган.
Диний тотувлик бўйича унинг вакили Тоҳир Маҳмуд Ашрафи яқинда шундай таъкидлади: "Мажбурий никоҳга, динни мажбуран қабул қилдиришга, никоҳ учун вояга етмаган қизларни ўғирлаб кетишга тоқат қилинмайди."
Шунга қарамай, Асифнинг полицияда бошдан кечирганлари ҳали кўп иш қилиниши кераклигини кўрсатади.
У қизини ўғирлаган ўша уч эркакни маҳкамага тортиш учун ҳаракатини давом эттиришини айтяпти.
Фараҳ ҳозир 13 ёшда, ўз оиласи бағридалигидан хурсанд, бошидан кечирганлари сабабли қолган руҳий жароҳатдан қутулиши учун психолог ёрдами оляпти.
У ҳам ўтказганлари бошқа қизларнинг ҳам бошига тушмаслиги учун чоралар кўрилишига умид қилади.
"Мен Xудодан Покистондаги барча болаларни асрашини сўрайман."
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02




























