Қорабоғ яраси: Озарбайжон ва арманлар ҳеч қачон ярашмайдими - Tog‘li Qorabog‘, Rossiya, Turkiya, dunyo, yangiliklar

Chegara

Қорабоғ яраси: Озарбайжон ва арманлар ҳеч қачон ярашмайдими - янги уруш ғолиб ва мағлублар ўрнини алмаштирди ва "қуролсиз тинчликпарвар"лар эришган кичик ютуқларни ҳам йўққа чиқарди. Энди буёғи нима бўлади?

Қорабоғ можароси давом этган ўн йилликлар давомида тинчликка даъват қилганлар Арманистон ва Озарбайжон ватандошлари томонидан таъқиб қилинди, хиёнатда айбланди. Шунга қарамай, фаоллар фильмлар суратга олишни давом эттирдилар, одамларни бошларига тушган муштарак фожиа ҳақида мулоқот қилишга ундаб, учрашувлар ташкил қилдилар.

Биринчи Қорабоғ урушининг авж палласи. Фронтдан Бокуга аскар майити солинган тобут келтирилади. Аммо чалкашлик юз берди: аскар арман эди - уни Озарбайжонга урушдан илгари яшаган эски манзилига олиб келишганди. Фильм қаҳрамонлари тинчлик белгиси сифатида аскарни Грузияда дафн этишга қарор қилишди.

Можаронинг икки томонида ҳам машҳур бўлган "Ҳаммаси яхшиликка" қисқа метражли трагикомедияси шу тарзда бошланади. Бу фильм 1997 йилда - Боку мағлубиятга учраб, нафақат Тоғли Қорабоғ, балки унга қўшни вилоятларни ҳам йўқотганига уч йил ўтгач, Озарбайжонда суратга олинган. Ютқазган томон тинчликка чақирувчи фильм суратга олди. Уни таниқли озарбайжонлик режиссёр Вагиф Мустафаев суратга олган, ролларни мамлакатнинг машҳур актёрлари ўйнаган.

Тахминан 30 йил давомида арманлар ва озарбайжонлар тинчлик борасида гаплашиш ва оғриқни баҳам кўриш учун бетараф ҳудудда учрашдилар. Улар қўшма фильмлар суратга олишди, изланишлар олиб боришди, мақолалар ёзишди, лекин уларнинг саъй-ҳаракатлари халқларни бир-бирига яқинлаштирмади ва иккинчи урушни тўхтата олмади.

Сургундаги тинчликпарвар кучлар

"Мен нима учун одамлар бир-биридан нафратланишини ва бу ҳолатни ўзгартириш учун нима қилиш кераклигини билишни истардим", дейди 37 ёшли озарбайжонлик Арзу Гейбулла тинчликпарварлик лойиҳаларида қатнашиш истагини тушунтирар экан. У 2009 йилда арманистонлик ҳамкасби билан арманистонликлар ва озарбайжонлар аҳил яшайдиган грузин қишлоғидан репортаж ёзиш билан журналистикага кириб келди.

2013 йилда икки шаҳарда - Боку ва Истанбулда яшаб, у Арманистон-Туркия газетаси "Агос"га, шу жумладан, Тоғли Қорабоғ ҳақида ёзишни бошлади. У бу ёзганлари учун Озарбайжон оммавий ахборот воситаларининг ҳужумлари ва ижтимоий тармоқлардаги таҳдидлар нишонига айланди. У юртга хиёнат қилишда ва "космополитизмда" айбланди, унинг учун "муқаддас нарсанинг ўзи йўқ" дейишди. Бир йил ўтгач, у ниҳоят Туркияга кўчиб ўтишига тўғри келди - 2014 йил ёзида Озарбайжонда ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни ҳибсга олиш тўлқини кўтарилди, чет эл грантларини олиш қоидалари оғирлаштирилди ва нодавлат ташкилотларни ёпиш бошланди.

"Менга қарши кампания бошланганидан буён Озарбайжонда бўлмадим, - деб эслайди Арзу. - Менга қарши ҳеч қандай жиноий иш қўзғатилмаган, аммо Бокудаги дўстларимдан олган хабарларимга кўра улар (ҳокимият) нимадир қилишлари мумкин эди."

Murosa

Буни қарангки, ўша йили арманистонлик Георгий Ванян Ереванни тарк этишига тўғри келди. У асос солган "Кавказ тинчликпарварлик ташаббуслари маркази" арман ва озарбайжонларнинг учрашувларини ташкил қилди. Бунинг учун Ванянга номаълум шахслар таҳдид қила бошлади, ижтимоий тармоқларда уни хоин ва чет эл агенти деб аташди. Миллатчи гуруҳлар ва маҳаллий ҳокимият унинг Арманистонда Озарбайжон кинофестивалини ўтказиш режаларини бир неча марта барбод қилди.

Натижада, олти йил олдин Ванян ўз марказини ёпиб, тоғдаги уйга кўчиб ўтди - у жойдан озарбайжон қишлоғи кўриниб турар эди. "Мен 2014 йилда, шахсан менга ва бизнинг ташкилотимизга қарши тазйиқлар кучайганда кетишга мажбур бўлдим, - дейди у. - Мен Грузияга йўловчи ташиш билан шуғуллана бошладим, бошқача қилиб айтганда, ҳайдовчилик қилдим. Мен зоҳиддек яшайман, лекин ўзимни зоҳид ҳис қилмайман."

Янги уруш тугашидан бир неча кун олдин у Арманистон Бош вазирига ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва Озарбайжон билан мулоқот бошлашга чақирган очиқ хат ёзди. Ваняннинг айтишича, шундан сўнг полиция ундан постни Facebook дан олиб ташлаш ва ҳарбий ҳолат вақтида ҳокимиятни танқид қилгани учун жарима тўлашни талаб қилган.

Арзу Гейбулланинг исми ўтган уруш пайтида Озарбайжонда ҳам ёдга олинди: Озарбайжондаги веб-сайтлардан биридаги ғазабнок бир мақолада уни ўз халқидан нафратланишда, этник арманлар билан дўстлашишда ва Озарбайжон гўёки суриялик ёлланма аскарлардан фойдалангани ҳақида маълумот тарқатишда айбланди. "Бу нафрат ва таҳдидларнинг янги тўлқинини қўзғатди, улар менга ижтимоий тармоқларда ёзишни бошладилар, - дейди Арзу. - Instagram аккаунтимни оммага ёпганимдан сўнг, минглаб сўровлар келди, Facebook ва Twitter га хабарлар келди. Ҳақиқий оқим бўлди бу. Ва бу оқимдан кейин кимгадир ниманидир тушунтириб бўлмасди."

Декабрь ойида Европа Кенгаши уни ҳимоя қилди.

"Мен одамлар қанчалар қаттиқ нафратлана олишини ва кимнидир нишонга олиш қанчалик осонлигини кўряпман, - дейди Арзу Гейбулла. - Бирор киши сизга бармоғини кўрсатиши учун битта сўз кифоя, шундан кейин ўша бармоғи билан ҳамманинг эътиборини сизга қаратади ва улар сизни эшитишни ҳам истамайди."

Grafika

"Урушдаги ҳақиқат"

Озарбайжон таркибидаги асосан арманлар яшовчи ҳудуд бўлмиш Тоғли Қорабоғдаги биринчи уруш 1992 йилда бошланган. Ундан олдин СССР қулагач, "ўз" республикасида яшамаган этник арманлар ва озарбайжонларни ҳайдаб чиқаришгач, автономияга ким эгалик қилиши тўғрисида қаттиқ тортишувлар бўлган.

Ўша пайтда театр режиссёри бўлишни орзу қилган Георгий Ванян Совет республикалари мустақиллиги учун ҳаракатнинг этник низоларга айланишини кўриб, "кўзи очилганини" эслайди. Кейин у биринчи мақоласини ёзди, тобора кучайиб бораётган можарога қарши чиқди. "Ота-онам ва катта ёшдаги ўртоқларимнинг муносабати қандай бўлгани ҳозиргидек эсимда: "Ҳаммасини тўғри айтяпсан, лекин ҳозир бу ҳақда очиқ гапирадиган пайт эмас", - дейди Ванян. - Мен миллий театр ва кино арбоблардан бирининг бехос айтиб юборган сўзларини ҳеч қачон унутмайман: "Хўш, биродар, сиз мақолалар ёзяпсиз... Ҳозир урушиш керак, ҳақиқат урушда."

Биринчи уруш икки йил давом этди ва 15 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Боку нафақат Қорабоғ, балки унга қўшни етти вилоят устидан ҳам назоратни йўқотди.

Шундан сўнг қарийб 30 йил давомида туташ ҳудудларда тўқнашувлар давом этди, аскарлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлди. Иккала томоннинг расмийлари бир-бирларини этник тозалашда айблади, ўз халқларининг жинояти учун жавобгарликни рад этди ва одамлар онгига мифлар билан сингиб кетган фитна назариялари тарқалишини рағбатлантирди. Аслида конструктив тинчлик музокаралари ўтказилмади ва давлатлар раҳбарларининг камдан-кам бўладиган учрашувлари кимнинг халқи қадимийроқлиги тўғрисидаги тортишувларга айланиб кетарди.

"Ўшанда вақт ўлчовсиздек кўринди, мен буларнинг барчасини эплайман ва театрга қайтаман, - деб 1990 йиллар бошларини эслайди Георгий Ванян. Театрга қайтиш натижа бермади. 2002 йилда у "Кавказ тинчликпарварлик ташаббуслари маркази"ни очди ва ўзини халқларни бир-бирига яқинлаштириш ишларига бағишлади.

Grafika

Ёпиқ каста

"Аслида ушбу можарода тинчликни сақлаш масаласи бутун одамлар ўртасидаги оддий мулоқотга асосланган эди", дейди арманистонлик журналист Марк Григорян.

Унинг учун тинчликни сақлаш ишлари асосан вино устида эски дўстлар билан учрашиш учун имконият бўлган. Журналистлар, ёзувчилар ва бошқа касб эгалари бўлган фаоллар нейтрал мамлакатларда - кўпинча Грузияда учрашар ва қўшма лойиҳаларни муҳокама қиларди. Кечқурун шаҳар атрофига сайр қилиш учун чиқардилар, масалан, эски Тбилисидаги Шардени кўчаси бўйлаб, севимли ресторанларига бориб, Қорабоғ ҳақида суҳбатлашардилар.

"Сиёсатчилар 30 йил одамларнинг ўзаро мулоқот қилишига йўл қўймади. Шунга қарамай, одамлар барибир алоқаларни сақлаб туришган, ватанпарвар арманлар ва ватанпарвар озарбайжонлар бир-бирлари билан мулоқот қилишлари мумкин эди, - дейди Григорян. - Бу тинчликпарварлик ҳаракатлари алоқаларни сақлаб туриш, баъзи мавзуларда фикр алмашиш учун бир баҳона эди. Ушбу баҳона биз учун муштарак бўлган нарсани қўллаб-қувватлади: ахир арманлар ва озарбайжонлар доим фақат уруш ҳақида гаплашиши ва дўлма кимга тегишли экани ҳақида тортишиши шарт эмас-ку."

Grafika

Ушбу учрашув ва лойиҳалар асосан хорижий нотижорий ташкилотлар ёки Ғарб мамлакатлари ҳукуматлари томонидан молияланарди, шу сабабли иштирокчиларга "хорижий агент" ёрлиғи осилди.

Арзу Гейбулла ҳамкорлик қилган "Imagine Dialogue" ташкилоти АҚШ ва Европа ҳукуматлари грантлари билан ҳам ишлайди. Уларнинг асосий лойиҳалари тарихни биргаликда муҳокама қилиш атрофида қурилган эди: арманилар ва озарбайжонлар семинарларга таклиф қилиниб, ўша куни машғулотлар бўлиб ўтадиган бир неча кун давомида улар биргаликда яшашларини айтишарди.

Учрашувлар иштирокчилари орасида урушни яхши эслайдиганлар бор эди. Одамлар нозик мавзуларга қандай муносабатда бўлишларини олдиндан айтиб бўлмасди. Аммо Арзу айтганидек, унинг амалиётида жиддий муаммолар бўлмаган. "Биз (можаролар тўғрисида) умуман ҳаммада бирдек тушунча пайдо қилишга уринмадик, аммо бошқа томонни эшитган ва тушунган уч ёки бешта иштирокчи бўлишининг ўзи биз учун муваффақият эди, - дейди у. - Бир вақтлар журналистлар учун дастур бор эди. Улар бу дастурда ўзларини қандай кўрсатганлари, ўз мамлакатларига қайтгач эса, аввалгидек ёзиш, аввалгидек риторикани давом эттирганини кўриб ҳайрон бўлгандик. Биз ўзимизни ноқулай, алдангандек ҳис қилгандик."

Давлат қўллаб-қувватламагани сабабли тинчликпарварлик ташкилотлари кенг аудитория қозониш имконига эга бўлмади ва бунга қизиқувчилар "ёпиқ каста"га айланган, дейди озарбайжонлик социолог Сергей Румянцев. У 2005 йилда тинчликпарварлик лойиҳаларида қатнашган..

Grafika

"Тинчликпарварлик лойиҳалари аҳолининг жуда оз қисмини қамраб олди ва ҳеч қачон оммавий бўлмаган, - дея тасдиқлайди Арзу Гейбулла, - одамлар келиб, ўз ҳикоялари билан ўртоқлашарди, кетарди - қайтиб келмасди"

Сергей Румянцевнинг айтишича, давлат тинчликпарварлик лойиҳалари иштирокчиларини назорат қилишга уриниб кўрди: "Ҳамма кейинроқ кимдир учрашувдан сўнг давлат идораларига чақув ёзади деб гумон қиларди".

Нафақат бундай лойиҳаларда қатнашиш, балки арманлар билан тинчликни сақлаётганингизни баланд овозда айтишга ҳамманинг ҳам журъати этмасди. "Бизга маргинал тамғаси босилди", деб хўрсинади Озарбайжон давлат муассасаларидан бири ходими Керим. У ижтимоий тармоқларда ўз фикрларини ёзади, аммо биздан ҳақиқий исмини айтмасликни илтимос қилди, чунки у ишини йўқотишдан қўрқади. "Бир томондан маргиналсиз, бошқа томондан миллий хоин."

Арманистонлик журналист Марк Григорян расмийлар ҳеч қачон фуқаролик тинчликпарварлик лойиҳаларига қизиқиш билдирмаган дейди: "Мен бунинг сабабини тушунаман, чунки ҳукуматларнинг кун тартибидаги масала бошқа, тинчликпарвар кучларники бошқа. Ҳукуматлар кун тартибида дипломатик музокаралар бор, улар ўз ишларига жамият аралашишини истамайди."

Grafika

Жазосизлик даври

Дипломатик музокаралар муваффақият билан якунланмади. Бокунинг қасос олишга бўлган чанқоғи ва Еревандаги вазиятга нисбатан бепарволиги ўз чўққисига чиқиб, иккинчи уруш 27 сентябрда Озарбайжоннинг ҳужуми билан бошланди. 44 кунлик ҳарбий ҳаракатлар давомида, фақат расмий маълумотларга кўра, камида 6 минг киши ҳалок бўлди. Арманистон биринчи урушда босиб олган ҳудудининг кўпини йўқотди.

9 ноябрь куни кечқурун Бокуда тинчлик шартномаси имзоланиши, коронавирус туфайли комендантлик соати жорий қилинганига қарамай, эртаси куни тантаналар билан нишонланди. Ереванда тартибсизликлар бошланди, Бош вазир Никол Пашинян таслим бўлганликда айбланиб, хоин деб аталди. Ғолиб ва мағлублар ўрин алмашди.

Икки томоннинг тинчликпарвар кучлари вазиятни кўзгу тасвири сифатида таърифлаб, томонлар "оғриқ алмашишди" дедилар. "Уруш ҳеч нарсани ҳал қилмайди, норозилик эса муаммо бўлиб қолмоқда - шунчаки у бир томондан иккинчи томонга ўтди, - дейди Марк Григорян. - Мен муаммо бир кун келиб бизни можаронинг қизғин босқичига қайтаришидан хавотирдаман."

"Ҳозир бугунги ғалабани улуғлаётганларини кўриб турибмиз - бу ўнлаб йиллар давомида фойдаланиш мумкин бўлган легитимлик манбаидир, - дейди бокулик социолог Сергей Румянцев, - бундан аввал Арманистонда фойдаланилди, энди навбат Озарбайжонга.

Фуқаро фаолларининг урушлар орасидаги ўн йилликлар давомида эришган барча ютуқлари янги уруш билан ўчирилди: тинчликпарварлик лойиҳаларининг айрим иштирокчилари зўравон ватанпарварларга айланди, ғолиблар мағлубларни ҳақорат қилмоқда, оммавий ахборот воситалари эса душман содир этган жиноятларга эътибор бермоқда. "Мен таксида кетаётиб, радио эшитаман, улар биз ҳеч қачон унутмаймиз ва кечирмаймиз деб айтади", дейди давлат хизматчиси Керим.

Буларнинг барчаси урушгача бўлганидек, арманлар ва озарбайжонлар бир-бирларига турли ваҳшийликларни эслатишда давом этаётган ижтимоий тармоқларга тарқалмоқда.

Grafika

"Арманистон-Озарбайжон муносабатларидаги фожиалардан бири бу биринчи урушда юз берган ва иккинчисининг содир бўлишига таъсир қилган ҳарбий жиноятлар учун жазосиз қолишдир, - дейди Қорабоғ можароси бўйича британиялик тадқиқотчи Лоуренс Броерс. - Жавобгарлик масалалари рақиб даъволар ва қарши даъволарнинг ўзаро динамикасида йўқолади, унда ҳар бир томон ўзи томондан содир этилган жиноятлар тўғрисида сукут сақлайди ёки уларни "сохта янгиликлар" деб рад этади."

Шундай қилиб, иккала томон ҳам аниқ жиноятчиларни жавобгарликка тортиш ўрнига, ўзларини жабрланувчи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. "Сиз ўз томонингизнинг жиноятларини бошқа биров учун эмас, ўз жамиятингиз саломатлиги учун тан оласиз, - дейди Броерс. - Сиз бошқа томоннинг азобини тан олишингиз керак, лекин жавобгарликни ҳам ўз зиммангизга олишингиз керак. Бусиз сукут, тақиқлар, манипуляция қилинган хотиралар ва жазосизликнинг янги цикллари бошланади."

Бу масала устида "Imagine Dialogue" ташкилоти ишлашга уриниб кўрди: арманлар ва озарбайжонлардан улар учун муҳим бўлган сана ва воқеалар рўйхатини тайёрлашни сўрашди, шундан сўнг улар биргаликда мунозара уюштиришди.

"Улар бошқа ташкилотлар зиммасига олмаган ишни қилдилар - можаро тарихи, иккала мамлакат тарихини муҳокама қилдилар, бу можаро қаердан келиб чиққанини ва нима учун давом этаётганини тушунтиришга ҳаракат қилдилар", дейди Арзу Гейбулла.

Энди у ҳамма нарсани бошидан бошлаши кераклигини айтади: "Одамлар тафаккурини оммавий ўзгартириш, бу тарзда муносабат қилиш нега мумкин эмаслигини тушунтириш ва урушда кимдир кимнидир сўяётганини кўриб, "Биз тўғри иш қилдик" дейишга нега нормал деб қарамаслик кераклигини англатиш керак. Аммо буни қандай қилишни билмайман... ҳалок қилади бу." У бир нарсага амин - давлат кўмагисиз муваффақиятга эришиб бўлмайди.

"Ватандошларидан яширин ишлайдиган тинчликпарварнинг образи маъносиз ва кулгили, - дейди Арманистон ҳуқуқ ҳимоячиси Георгий Ванян. - Ҳар қандай тинчликпарварлик лойиҳаси акция, жамоат ҳаракати бўлиши керак."

Grafika

Бокуда юрган арман

Аммо бу икки давлат бундай оммавий акцияларга тайёрми?

Давлатлар раҳбарлари имзолаган тинчлик шартномасининг бандларидан бири коммуникацияларни блокировкадан чиқариш эди - сўнгги 30 йил ичида Арманистон ва Озарбайжон бир-биридан узилиб қолди. Совет темир йўллари занглаган, автоулов йўллари миналанган.

Боку ва Еревандаги баъзи оптимистларнинг фикрича, мамлакатлар ўртасидаги алоқани тиклаш халқлар ўртасидаги алоқани яхшилашга ёрдам беради. Аммо улар бунга яна бир неча йил кетишига ҳам рози.

Озарбайжон парламенти аъзоси Расим Мусабеков камида 10 йил керак деб ҳисоблайди. "Биз ўзаро муносабатларни тиклашимиз керак. Арманлар қасос олиш психологиясидан узоқлашишлари ва бу ерда тинчланиш бўлиши керак, - дейди у Би-Би-Cи билан суҳбатда. - Аммо, менимча, биз ҳам ғалаба эйфориясидан узоқлашиб, ўзимизга, фарзандларимизга ва набираларимизга тинч ҳаётни хоҳласак, муносабатларни ўрнатишни бошлашимиз керак."

Давлат ушбу алоқани ўрнатишда фуқаролик жамиятига ёрдам беришга тайёрми ёки йўқ, деган саволга Мусабеков жамиятнинг ўзи бунга ҳали тайёр эмас, деб жавоб беради. Унинг фикрича, бу ҳақда минтақани миналардан тозалаш ва тиклашдан, шунингдек, иқтисодий алоқаларни ўрнатгандан кейингина гаплашиш мумкин.

"Урушда қисқа вақт ичида қандайдир натижага эришиш мумкин, аммо тинчлик ўрнатилиши учун узоқ вақт керак. Бугун бир арман Боку бўйлаб хавф-хатарни сезмай юриши ёки озарбайжон Ереванда юриши ақлсизлик бўлади. Аммо 10 йил ичида бу табиий ҳолга айланади, масалан, Парижни кезиб юрган немис ёки Берлин атрофида айланиб юрган француз каби", дейди депутат.

Арманистон томони ҳам, шунингдек, можаро "ҳал этилишдан йироқ" деб айтмоқда, аммо шу билан бирга, Озарбайжон тинчлик ўрнатишга тайёр эмаслигини "Президент Алиев томонидан доимий равишда айтиб келинаётган таҳдидлар" ва "арман ҳарбий асирларининг қайтарилишидаги тўсиқлар" ҳам кўрсатмоқда.

"Арманистон томони доим минтақа жамиятлари ўртасида инсонпарварлик алоқаларини тарғиб қилиб келган, бу томонлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш учун ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликка асосланган бўлиши керак, - дейди Би-би-сига Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анна Нагдалян. - Албатта, бундай дастурларнинг олд шартлари ҳам бўлиши керак ".

Grafika

***

"Мен бу ерда психиатр билан маслаҳатлашдим - биз уч қардош халқ ўртасидаги тинчлик белгиси сифатида уни Грузия тепаликларида дафн этамиз", дейди "Ҳаммаси яхшиликка" фильми сўнгида маҳаллий телба. Қаҳрамонлар тобутни чегарага олиб боради.

Арманистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Георгий Ванян барча афзалликларга қарамай, йиллар ўтиши билан бу фильм эскириб қолди ва энди қариялар арманлар ва озарбайжонлар қандай яшаганлигини эслаш учун ёдгорликка ўхшайди, деб ҳисоблайди. Фильм режиссёри Вагиф Мустафаев ҳозир асосан ҳужжатли фильмлар суратга олмоқда, шулардан 13 таси Озарбайжоннинг собиқ президенти Ҳайдар Алиевнинг ҳаёти ҳақида. У Би-Би-Сига изоҳ беришдан бош тортди.

10 йил ичида фильм YouTube да 40 мингдан сал камроқ кўрилган, аммо бу интернетдаги арманлар ва озарбайжонлар бир-бирларини хафа қилмайдиган жойлардан биридир. Ана шундай ноёб жойлардан яна бири - ўша Воқиф Мустафаевнинг "Ярамас одам" фильмидан парчадир. Грузин қаҳрамон Мамука Кикалейшвили Боку метросида сайр қилмоқда, у ерда маҳаллий арманистонлик Бока Давидян "Ҳаммасига марваридгул айбдор" деган муҳаббат қўшиғини куйлайди. Аммо бу 1988 йил, Кавказда уруш бошланишидан анча олдинги ҳолат.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek