Дунё, янгиликлар: Корейслардан хафа японлар ва эркинлашаётган Саудия аёллари

Саудия Арабистони

Сурат манбаси, AFP

Саудиялик аёллар энди эркак маҳрамининг рухсатисиз хорижга саёҳат қилиши мумкин. Япония Жанубий Кореяни ишончли ҳамкорлар рўйхатидан чиқармоқчи. АҚШ ва собиқ СССР ўртасидаги Горбачёв имзолаган битим муддати тугаб бормоқда - куннинг дайжести.

Озодликка чиққан Саудия аёллари

Саудия Арабистони қироли чиқарган янги фармонда, аёллар, эндиликда, эркак маҳрам рухсатисиз хорижга саёҳат қилиши мумкинлиги айтилади.

Жума кундан кучга кирган янги фармонга кўра, 21 ёшдан ўтган барча аёллар эркак маҳрамдан ижозат сўрамай, паспорт олиш ҳуқуқини қўлга киритмоқда.

Шунингдек, қирол фармони аёлларга туғруқ, никоҳ ва ажралишни рўйхатдан ўтказдириш ҳуқуқини ҳам берган.

Бундан ташқари, аёлларга ишга жойлашишда кенг имкониятлар ҳам очилган. Янги тартибга биноан, барча фуқаролар жинс, ногиронлик ёки ёшдан қатъий назар, бирор камситишга учрамай, ишлаш ҳуқуқига эга бўлмоқда.

Бунга қадар Саудия аёллари паспорт ёки хорижга чиқиш визаси олиш учун ўзига яқин эркак қариндошдан рухсат сўрашга мажбур эди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Саудия Арабистонида аёлларга нисбатан иккинчи даражали фуқаро ўлароқ қараб келинишини иддао қилади.

Япония Ж Кореяни ишончли ҳамкорлар рўйхатидан чиқармоқчи

Япония

Сурат манбаси, Getty Images

Япония ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар Иккинчи Жаҳон Урушига тааллуқли масалалар ортидан совуқлаша бормоқда.

Ўтган йили Жанубий Корея суди Япониянинг Корея яримороли бўйлаб 1910 йилдан 1945 йилга қадар давом этган мустамлака тузуми давридаги хунрезликлари учун япон фирмалари корейсларга товон тўлаши лозим, деган қарор чиқарган эди.

Суд қарорида японлар корейсларни ушбу давр мобайнида қулдек ишлатгани таъкидланади.

Япония бу қарорга нисбатан жавоб ўлароқ, мустамлака давридаги ихтилофлар икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар яхшиланган пайтда - 1965 йили ўз ечимини топганини таъкидлаган.

Бироқ Жанубий Корея ўз фикрини ўзгартирмагани ортидан Япония бу мамлакатни ўзининг ишончли савдо ҳамкорлари рўйхатидан чиқариб ташламоқчи.

Айни дамда мазкур рўйхатда 27 мамлакат бўлиб, уларнинг Япония билан осонроқ савдо алоқалари олиб боришига шароит яратилган.

Агар Жанубий Корея Япониянинг қора рўйхатига тушса, у ҳолда, япон товарларини импорт қилиш анчайин мушкуллашади.

Ҳозирда Жанубий Корея Япониядан, асосан, электроника жиҳозлари учун эҳтиёт қисмлар ва хомашёлар импорт қилиб келади.

Сеул Япония билан алоқаларнинг ёмонлашиши шундоқ ҳам сустлашиб бораётган Корея иқтисодиётини танг аҳволга солиб қўйишидан чўчимоқда.

Янги қуролланиш пойгаси

Путин ва Трамп

Сурат манбаси, Reuters

1987 йилда АҚШ президенти Роналд Рейган ва СССР раҳбари Михаил Горбачев томонидан имзолаган қисқа ва ўрта масофали ядровий ракеталар тўғрисидаги битим муддати тугаб бормоқда.

АҚШ ва Россия унинг муддатини қайта узайтириш ниятида эмас.

Битим 500 ва 5,000 километр оралиғида уча олувчи ракеталардан фойдаланишни тақиқлайди.

Шу йилнинг бошида АҚШ ва НАТО Россияни янги турдаги ракетани синовдан ўтказиш орқали битим шартларини бузганликда айблаб чиққан эди. Россия ҳам нариги томонга нисбатан ўхшаш айбловларни илгари суриб келади.

Мудофаа соҳаси таҳлилчилари, агар бу битим қайта узайтирилмаса, у ҳолда ҳар икки томон янги қуролларни ишлаб чиқаришни жадаллаштириши ва, бу ўз навбатида, янги қуролланиш пойгаси бошланиб кетишига туртки бериши эҳтимолидан хавотир билдирмоқда.

Бугун Россия Ташқи ишлар вазирлиги битимнинг амал муддати тугаши муносабати билан махсус баёнот эълон қилишга ваъда берган

Саккиз кунда уч қурол синови

Ракета

Сурат манбаси, AFP

Шимолий Корея саккиз кун ичида учинчи марта қисқа масофага учувчи икки ракетани учирди, дея хабар бермоқда Жанубий Корея расмийлари.

Ракеталар бугун тонгда мамлакатнинг шарқий соҳилидан отилган.

Пхенян шу йўл билан шу ойда ўтиши режалаштирилган АҚШ-Жанубий Корея қўшма ҳарбий ўқув машғулотларига қарши норозилигини билдираётгани тахмин этилади.

Бундан бир кун аввал эса Буюк Британия, Франция ва Германия Шимолий Кореяни АҚШ билан «онгли» музокаралар олиб боришга ундаган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek