Дин ва Дунё: Исломдан завқланиш - Британиянинг биринчи мусулмонлари

Lady Evelyn and grandson received by hosts in Luxor

Сурат манбаси, Angus Sladen

Сурат тагсўзи, Леди Эвелин Мисрга сафари чоғида

Британия Империяси қудратининг чўққисига чиққан 19 асрда бир гуруҳ британ насронийлари ўз эътиқодидан воз кечиб, Исломга юзланган. Қуйида британ ўзлигининг пойдевори ҳисобланган насронийликдан юз ўгириб, мусулмонга айланган уч шахс тақдири билан танишишингиз мумкин.

Абдуллоҳ Квиллам

Abdullah Quilliam

Сурат манбаси, Abdullah Quilliam Society

Сурат тагсўзи, Уилям Генри Квиллам Исломга киргач Абдуллоҳ исмини олган
Presentational white space

Ҳуқуқшунос Уилям Генри Квиллам 1887 йили кемада кетаётган марокашлик мусулмонлар ибодатига гувоҳ бўлиши ортидан Исломга қизиқиб қолади.

«На кучли шамол, на кеманинг чайқалиши уларни чалғита олмас эди. Мен уларнинг юзларида акс этган комил ишонч ва самимийликдан ҳайратга тушдим,» деб эслайди у.

Ўзида қизиқиш уйғотган янги динни бироз ўргангандан сўнг 31 ёшли Квиллам мусулмонга айланади ва исмини Абдуллоҳга ўзгартиради.

1887 йилда Англияга қайтиб келган Квиллам Буюк Британия бўйлаб 600 нафарга яқин инсоннинг Исломни қабул қилишида катта роль ўйнагани айтилади.

Members of the mosque

Сурат манбаси, Abdullah Quilliam Society

Сурат тагсўзи, Абдуллоҳ Квиллам Англия бўйлаб 600 кишини Исломга киритган

Ўша йили у Ливерпулда мамлакатдаги илк масжидга асос солади.

Усмонийлардан кўра кўпроқ мусулмонлар устидан ҳукмронлик қилган Британия қироличаси Виктория Квилламнинг Ислом дини мухтасар таҳлил қилинган ва 13 тилга ўгирилган «Ислом эътиқоди» рисоласини сотиб олгани ва оиласи учун рисоланинг яна олти нусхасига буюртма бергани тўғрисида гаплар мавжуд.

1894 йилда Усмонийлар султони - қиролича Викториянинг маъқуллови билан - Квилламни Британия ороллари шайхул исломи этиб тайинлайди.

Queen Victoria investing Abdul Aziz, Sultan of Turkey, with the order of the Garter, 1867

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қиролича Виктория Усмонли Султони Абдул Азиз (ўртада) ни қабул қилмоқда. Иллюстрация

Аммо эътиқоди расман тан олинган бўлишига қарамай, Исломни қабул қилган кўплаб ливерпулликлар таҳқир ва нафратга дучор бўлади.

Квиллам ўз диндошларига ҳужум қилганларнинг боши Ислом душманлари томонидан айнитилганига ишонар эди.

Маҳаллий аҳоли орасида ҳуқуқлари кам таъминланган одамларни ҳимоя қилиши билан танилган Квилламнинг обрўсига бир аёлнинг турмуш ўртоғидан ажрашишига ёрдам бериши ортидан жиддий путур етади. У аёлнинг эрини хиёнат устида ушлашга уринади, лекин режаси чиппакка чиқиб, шарманда бўлади.

abdullah quilliam mosque

Сурат манбаси, Kad design

Сурат тагсўзи, Ливерпулда 1887 йилда очилган Абдуллоҳ Квиллам масжиди ҳали ҳам намозхонларга очиқ

Шундан сўнг у бу жанжал мусулмон жамиятига таъсир қилмасин, деб 1908 йилда Ливерпулни тарк этади.

Обрўси тўкилган бўлса ҳам, унинг номи Британиядаги илк масжидларга боғлиқлигича қолаверади.

Ливерпул масжиди бугунги кунда ҳам Абдуллоҳ Квиллам номи остида фаолият юритмоқда.

Woking mosque

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Уокингдаги масжид

Леди Эвелин Кобболд

Lady Evelyn with her husband and child

Сурат манбаси, Philip Hope-Cobbold

Сурат тагсўзи, Леди Эвелин турмуш ўртоғи Жон Кобболд билан. Эвелин ўзини "қалбдан мусулмон" ҳис этишини айтган

Мусулмонлар яшовчи ўлкаларга сафар қилиб, Исломдан завқланиш Британиядаги юқори табақа вакиллари орасида ғайритабиий ҳол эмас эди.

Зодагон оиласидан бўлган Леди Эвелин Мюрейнинг болалиги Шотландия ва Шимолий Африка ўртасида тинимсиз кўч-кўчлар билан ўтади.

"У ерда мен арабчани ўргандим. Истагим жазоирлик дўстларим билан масжидларда сайр қилиш эди ва юрагим тубида оз бўлсада, мусулмонга айланган эдим," ёзади у.

Унинг отаси Хитой ва Канада каби олис юртларга сафар қилишга иштиёқманд эди.

Леди Эвелинга ота-онасининг бундай феъл-атвори юққан эди. У Қоҳирада бадавлат ишбилармон Жон Кобболд билан танишиб, унга турмушга чиқади.

Pilgrims at Mecca

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Леди Эвелин Ҳаж зиёратини адо этган биринчи инглиз аёл бўлган

Леди Эвелин қачон Исломни қабул қилгани аниқ эмас. Бироқ унинг ўзи бу воқеани Римда Папа билан ўтган байрамга боғлайди.

«Папа менга тўсатдан мурожаат қилиб, католикмисиз, деб сўраганда, бироз муддат гаранг бўлиб қолдим ва мусулмонман, дея жавоб қайтардим,» ёзади у.

«Нега бундай жавоб берганимни билмайман, йиллар давомида Ислом тўғрисида жиддий ўйлаб кўрмаган эдим. Бироқ энди олов ёниб бўлган эди ва бу эътиқодни чуқур ўрганишга киришиб кетдим.»

Яқин Шарқда «Леди Зайнаб» номи билан маълум Леди Эвелин мусулмон маданиятидаги «аёллар таъсири» тўғрисида кўп ёзган.

65 ёшида у Ҳаж зиёратини амалга оширади ва Маккага ибодат учун борган илк британ аёлига айланади.

Evelyn Cobbold

Сурат манбаси, Angus Sladen

Сурат тагсўзи, Леди Эвелин Ҳаж зиёрати ҳақида китоб ҳам ёзган

У Маккага зиёрати ҳақида китоб ҳам ёзади.

Леди Эвелин 1963 йили 95 ёшида вафот этади. Ўзининг васиятига кўра, унинг қабртошига Нур сурасидан парча битилади.

«Мендан нега муслима бўлганим ҳақида кўп сўрайдилар,» сўзлайди у ўз хотираларида.

«Мен фақат Ислом ҳақиқати қачон мени ўзига ром этганини билмаслигимни айтишим мумкин.»

«Гўё, мен ҳар доим муслима бўлгандекман.»

Роберт Стенли

Robert Stanley

Сурат манбаси, Robert Stanley family

Сурат тагсўзи, Роберт Стенли 70 ёшида Исломни қабул қилган

19 аср Британия тарихида Исломни қабул қилганлардан, асосан, жамиятнинг юқори қатламларига мансуб одамлар тўғрисида кўпроқ маълумот сақланиб қолган.

«Кундаликлар каби хотира битикларини ёзиб қолдириш, асосан, ўрта синф вакилларига хос одат эди,» дейди Кристина Лонгден. Лонгден хоним яқинда аждодларидан бирининг мусулмон бўлганидан хабар топган.

Унинг аждоди Роберт Стенли оддий ишчи синфидан 1870 йилларда Манчестер яқинидаги бир шаҳарча мери даражасига кўтарилади.

Аждоди тўғрисида китоб ёзган Лонгден хонимга кўра, Роберт Стенли Абдуллоҳ Квилламнинг Ливерпулдаги масжиди газетаси учун Британиянинг мустамлака сиёсати борасида мақолалар ёзиб турган.

1890 йилларда учрашган Стенли ва Квиллам яқин дўстга айланадилар.

Роберт Стенли 1898 йили - 70 ёшидагина Исломни қабул қилиб, исмини Рашидга ўзгартирган.

image of worshippers at Liverpool Mosque

Сурат манбаси, KAD DESIGN

Сурат тагсўзи, Роберт Стенли (ўртада) ва Абдуллоҳ Квиллам Ливерпул масжидида

Лонгден хоним ўша вақтлар ўзи яшаган шаҳарчада Стенлидан бошқа мусулмон бўлмаганига ишонади.

Роберт Стенли 1911 йилда оламдан ўтади.

19-асрга оид суратда Сталибриждаги иш ташлаш акс этган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 19-асрга оид суратда Сталибриждаги иш ташлаш акс этган

Унинг динини ўзгартиргани яқин авлодларидан сир тутилади ва 1998 йилга келибгина, бу факт ота-бола Лонгденлар томонидан аниқланади.

Тасодифий равишда, Лонгден хонимнинг акаси ҳам бунга қадар - 1991 йили Мисрдаги таълимдан сўнг Исломни қабул қилган эди.

У аждоди бўлмиш Роберт Стенлининг мусулмон бўлганидан хабар топган вақт «яхши маънода ҳайратга тушгани»ни айтади.