БМТ, ШҲТ ва бошқалар Тожик Қирғиз чегара келишувидан мамнунлар

Сурат манбаси, president.kg
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара битимига эришилганини олқишлади. 14 март куни Душанбедан парвоз қилган илк йўловчи самолёт Бишкек аэропортига қўнди.
БМТ бош котибининг матбуот сўзчиси Стеван Дужаррич хабар қилишича, жаноб Гутерриш Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга шу муносабат билан табрикномалар йўллаган.
"Котибиятдан хабар қилишларича, бош котиб икки мамлакатни ушбу тарихий ютуқлари билан табриклайди, уларнинг раҳбарликлари, қатъияти ва бир неча ўн йил давом этган музокара жараёнини муваффақиятли якунларга олиб келган сиёсий иродаларини юқори баҳолайди", деди БМТ раҳбари матбуот котиби.
Марказий Осиёнинг аксар мамлакатлари аъзоси ҳисобланадиган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ҳам Қирғизистон билан Тожикистон баҳсли чегара масаласига якун қўйишнинг уддасидан чиққанлари муносабати билан табриклади.
"ШҲТга аъзо давлатлар имзоланган Шартноманинг алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этадилар ва уни Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ҳудудларида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни ёйишга қимматли улуш қўшади деб кўрадилар", дейилади халқаро ташкилот номидан эълон қилинган баёнотда.
Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари Туркий Давлатлар ташкилоти, Россия, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатлар раҳбарларининг табрикларини қабул қилдилар.
13 март куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат президентлари давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш ҳақидаги битимни имзоладилар.

Сурат манбаси, .
Сўнг Президент Раҳмон ва Президент Жапаров Қирғиз-Тожик чегарасида автомобиллар ва юкларни ўтказишга мўлжалланган "Қизил Бел Автодорожний" ва "Қайрағоч Автодорожний" деб номланган икки чегарадан ўтиш нуқтасини қайта очиш маросимларида видео конференция шаклида қатнашганлар.
Ушбу чегарадан ўтиш нуқталари 2021 йилдаги қонли тўқнашувлар оқибатида ёпиб қўйилган эди.
Ўшанда 50 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, минглаб киши яраланган эди.
Президент Жапаров 14 мартдан бошлаб икки мамлакат ўртасида самолёт ва автобус қатновлари қайта йўлга қўйилишини эълон қилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида сув ва энергетика, йўл ва транспорт инфратузилмалари бўйича ҳамкорлик шартномалари ҳам имзоланди.
Ҳам Тожикистон ва ҳам Қирғизистондаги сиёсатчилар ва оддий одамлар ушбу ҳодисани тарихий воқеа деб олқишладилар, очилган чегара пунктларида қўшиқлар куйланиб рақсларга тушдилар.
1991 йил СССР парчаланганидан кейин Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида кўплаб баҳсли ҳудудлар совет замонидан "мерос" бўлиб қолган, сув ва ер учун келиб чиққан жанжаллар бир неча марта қонли тўқнашувларга сабаб бўлган эди.
Энг ҳалокатлилари 2021 йил баҳори ва 2022 йил кузида рўй берди, тўқнашувларда икки мамлакат қуролли кучлари ҳам аралашди.
Тўқнашувларда икки томондан камида 240 инсон ҳалок бўлди, 750 киши жароҳатланди.
Шу йил февралида икки томон айрим қишлоқлар, стратегик муҳим сув айиргич, йўллар ва чорва яйловларини алмашишга келишиб олганлари хабар қилинди.
Битимларни энди икки мамлакат парламентлари маъқуллашлари, ана ундан кейин президентлар имзолашлари талаб қилинади.
Шу йил 31 март куни Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентларининг биринчи саммити бўлиб ўтиши хабар қилинаяпти.



























