Қозоғистонда Россия ароғи қадри баланд, БААда ўлимга ҳукм қилинган ўзбекистонликлар ҳоли нима бўлади? Ўзбекистон ташқи қарзи мисли кўрилмаган тарзда ошди

Astana

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия ароғини энг кўп Қозоғистон сотиб олаётгани маълум бўлди. Ўзбекистон ТИВ БААда ўлимга ҳукм қилинган Ўзбекистон фуқаролари борасида муносабат билдирди. Ўзбекистоннинг ташқи қарзи мисли кўрилмаган равишда ошди.

Қозоғистон ҳали ҳам Россия ароғига иштиёқманд

Россия ароғи экспорт жиҳатидан таназзулга юз тутган бўлса-да, россияликлар ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ароқ ичмоқдалар. Eurasianet.org нашрининг ёзишича, Қозоғистон Россияда ишлаб чиқарилган ароқнинг ягона йирик бозори бўлиб қолмоқда.

Бундай ҳолатга иқтисодий санкциялар катта таъсир кўрсатган. РИА Новости агентлигининг расмий маълумотларига кўра, 2024 йилда Россия ароғи экспортидан тушган даромад 34,6 миллион долларни ташкил этган. Бу рақам 2021 йилдаги 168,3 миллион долларлик даромадга нисбатан кескин оз. Бу камайишнинг асосий сабаби Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан жорий қилинган кенг қамровли савдо чекловларидир.

2024 йилда Россия ароғи экспортининг 92 фоизидан ортиғи Қозоғистонга тўғри келган – бу 32 миллион долларга тенг. Иккинчи ўринда Хитой 1,5 миллион долларлик импорт билан жой олган. Туркия, Жанубий Корея ва Латвия эса бешталикни тўлдирмоқда.

2023 йилда Interfax агентлиги Россиялик ичимлик саноати раҳбарларидан иқтибос келтирган эди. Расмийлар Россия АҚШ ва Европадаги бозорлар йўқотилиши оқибатини "дўстона мамлакатлар" – Хитой, Туркия, Ҳиндистон ва Вьетнамга экспортни ошириш орқали қоплаб, йилига 180 миллион доллар ёки ундан ҳам кўпроқ экспортга эришиш мумкинлиги айтганди.

Россияда ароққа талаб катта

Экспорт камайганига қарамай, Россиялик спиртли ичимлик ишлаб чиқарувчилари кўп қайғурмаяптилар. Чунки мамлакат ичида ароқга бўлган талаб кескин ошиб кетган. The Moscow Times маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи 10 ойида россияликлар рекорд миқдорда водка истеъмол қилганлар – 625 миллион литр. Бу ҳар бир эркак, аёл ва бола учун ўртача тўрт литрдан зиёд деганидир.

БААда ўлимга ҳукм қилинган ўзбекистонликлар борасида ТИВ нима демоқда?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги БААда 3 нафар Ўзбекистон фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилингани борасидаги янгиликни Kun.uz'га тасдиқлаган. Вазирлик бу ҳали якуний қарор эмаслигини айтиш билан чекланган.

"Бу ҳали якуний ҳукм эмас. БААда ўлим жазоси ҳукми устидан автоматик равишда апелляция қилинади ва Федерал Олий суднинг жиноят ишлари бўйича коллегиясига юборилади", деган ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов.

Kun.uz нинг таъкидлашича, ТИВ расмийси фуқароларига ўлим ҳукми чиқарилгани юзасидан Ўзбекистоннинг позициясини очиқламаган.

Абу-Даби Федерал апелляция суди Исроил ва Молдова фуқароси, БАА резиденти бўлган роҳиб Цви Коганни "террорчилик ниятида қасддан ўлдиришда айбдор", деб топилган Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилгани хабар қилинганди.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Ҳукм 30 март куни Абу-Даби Федерал апелляция суди Давлат хавфсизлик палатаси томонидан бир овоздан қабул қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати республиканинг халқаро мажбуриятлари, миллий қонунчилиги ва консуллик ваколатларига асосланиб, чет элда суд қилинаётган Ўзбекистон фуқароларига бир қатор амалий ёрдам кўрсатиши мумкин.

Агар Ўзбекистон фуқаросининг ҳуқуқлари бузилган бўлса, ҳукумат халқаро ташкилотлар ёки икки томонлама келишувлар асосида уни ҳимоя қилиш чораларини кўриш кўзда тутилган.

Агар суд жараёнида адолатсизлик кузатилса, дипломатик арбоблар орқали чет эл ҳукумати билан музокаралар ўтказилиши мумкин.

Уч фуқаронинг ўлим ҳукмига сабаб бўлган суд жараёнини Ўзбекистоннинг БААдаги элчихона ёки консуллик ходимлари қанчалик яқиндан кузатгани номаълум.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 2024 йилда рекорд даражада ошди

dollar

Сурат манбаси, gazeta.uz

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2024 йил якунига кўра 64,1 миллиард долларни ёки ЯИМнинг 55,7 фоизини ташкил қилди. Йил давомида қарз 10,8 млрд долларга ошди, бу эса тарихдаги энг катта ўсишдир, деб ёзмоқда gazeta.uz.

Йил давомида умумий ташқи қарз 10,8 млрд долларга ошган. Бу статистика юритила бошланган 2013 йилдан буён энг юқори ўсиш кўрсаткичи ҳисобланади. Сўнгги марта мамлакатнинг ташқи қарзи юқори суръатларда пандемия давридаги 2020 йилда (9,2 млрд доллар) ва 2023 йилда (9,8 млрд доллар) ошганди.

2021 йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистонга қарз маблағларини етказиб берадиган халқаро ташкилотлар орасида $5 миллиард АҚШ доллари билан Осиё тараққиёт банки етакчилик қилган.

Юқори учликка яна Жаҳон банки ($3,7 миллиард доллари) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ($2 миллиард АҚШ доллари) кирган.

Хитойнинг Эксимбанки ($2 миллиард АҚШ доллари), Хитой давлат тараққиёт банки ва бошқалар (($2 миллиард АҚШ доллари) бу учовлондан кейинги ўринларни эгаллашган.

Ислом тараққиёт банкиники эса, $1 миллиард АҚШ долларига етиб-етмаган.