Американинг мусулмонлар бошқараётган шаҳрида ҳаммаёқ тинчми? Dunyo, Amerika, Islom

Мичиган штатидаги Ҳамтрамкнинг асосий кўчаси бўйлаб сайр қилиш бутун дунё бўйлаб саёҳатга ўхшайди.

Полякларнинг колбаса дўкони ва Шарқий Европа новвойхонаси Яман универмаги ва Бенгал кийим дўкони билан ёнма-ён жойлашган. Черков қўнғироқлари масжидлардаги азон билан бирга жаранглайди.

"Беш квадрат километрдаги дунё" - Ҳамтрамк ўз шиорига мос келади: 5 квадрат километр майдонда 30 га яқин тилда сўзлашадилар.

28,000 аҳолиси бўлган Ўрта Ғарбий шаҳар шу ойда муҳим босқичга етди. Ҳамтрамк Умуммусулмон шаҳар кенгашини ва мусулмон мэрни сайлади ва Қўшма Штатларда мусулмон-америка ҳукуматига эга бўлган биринчи шаҳар бўлди.

Камситишга дуч келган мусулмон аҳолиси бу кўп маданиятли шаҳарнинг ажралмас қисмига айланди ва ҳозирда улар аҳолининг ярмидан кўпини ташкил қилади.

Иқтисодий муаммолар ва қизғин маданий мунозараларга қарамай, Ҳамтрамкнинг турли диний ва маданий келиб чиқишга эга аҳолиси ўзаро уйғунликда яшамоқда ва бу шаҳарни Американинг ўсиб бораётган хилма-хиллиги келажаги учун муҳим намунага айлантирмоқда.

Аммо Ҳамтрамк истисноли ҳолатми ёки одатий ҳолга айланадими?

Ҳамтрамкнинг немис кўчманчилари пайдо бўлишидан то ҳозирги кунгача - Американинг аҳолиси асосан мусулмон бўлган шаҳрига айлангунгача тарихи унинг кўчаларида муҳрланган.

Дўконлар олдидаги витриналарда араб ва бенгал тилларидаги белгилар, кашта тикилган Бангладеш кийимлари ва Ямандан келтирилган пичоқлар туради. Мусулмон аҳолиси полякча ширин тешиккулчаларга навбатга туришади.

"Калта юбка кийган ва татуировкалилар ёнида бурқа кийганларни кўриш ноодатий ҳол эмас. Ҳаммаси бизнинг ҳаётимиз", деди Ҳамтрамк марказидаги кафе эгаси босниялик муҳожир Златан Садикович.

Сурат манбаси, Getty Images

Детройт марказидан унча олис бўлмаган жойда, шаҳарни ўраб турган Ҳамтрамк бир пайтлар "Мотор Сити" билан ёндош жойлашган "General Motors" заводи эгаллаган Америка автосаноати марказининг бир қисми бўлган. Биринчи Кадиллак Элдорадо 1980 йилларда Ҳамтрамкдаги конвейердан чиққан.

20-аср давомида у "Кичик Варшава" номи билан машҳур бўлди, чунки бу ерга полшалик муҳожирлар иш излаб тўпланган эди. Шаҳар 1987 йилда Польшада туғилган Папа Иоанн Павел IIнинг Қўшма Штатлар бўйлаб сафари чоғида тўхташ жойларидан бири бўлган. 1970 йилда шаҳарнинг 90 фоизга яқини поляклардан иборат эди.

Бироқ ўша ўн йил ичида АҚШда автомобиль ишлаб чиқариш аста секин пастлай бошлади, ёш ва бадавлат польшалик америкаликлар шаҳар атрофига кўчиб ўтишни бошладилар. Бу ўзгариш Ҳамтрамкни Мичиганнинг энг қашшоқ шаҳарларидан бирига айлантирди, аммо у энди янги муҳожирлар қурби етадиган жой бўлди.

Сўнгги 30 йил ичида Ҳамтрамк яна араб ва осиёлик, айниқса, Яман ва Бангладешдан келган муҳожирлар учун қўнимгоҳга айланди. Бугунги кунда шаҳар аҳолисининг салмоқли қисми - 42 фоизи хорижликлардир. Уларнинг ярмидан кўпи диндор мусулмон эканлигига ишонилади.

Янги сайланган ҳукумат таркиби Ҳамтрамкдаги ўзгарувчан демографик вазиятни акс эттиради. Шаҳар кенгаши таркибига икки бенгал америкалик, уч яманий америкалик ва исломни қабул қилган поляк америкалик киради.

68 фоиз овоз билан Амир Ғолиб Қўшма Штатлардаги биринчи яманий америкалик мэр бўлди.

"Бу мен учун катта шараф, лекин катта масъулият ҳамдир", деди 41 ёшли Ғолиб.

У Ямандаги қишлоқда туғилган, 17 ёшида Қўшма Штатларга кўчиб ўтган, дастлаб Ҳамтрамк яқинидаги пластик автомобиль қисмлари заводида ишлаган. Кейинчалик у инглиз тилини ўрганди, тиббиёт бўйича таълим олди ва ҳозирда шифокор бўлиб ишлайди.

Ҳамтрамк "эритадиган қозон" ёки "салат косаси" эмас, балки турли гуруҳлар ўзларининг хос маданиятини сақлайдиган, лекин айни пайтда бир-бири билан чамбарчас бирга яшайдиган "етти қатламли торт"дир, дейди шаҳар кенгаши депутати Аманда Яшковски. "Одамлар ҳалигача ўз маданияти билан фахрланади, агар ассимиляция бўлса, ўзига хослигимизни йўқотиб қўямиз".

Сурат тагсўзи, Аманда Яшковски

29 ёшли Яшковски хоним: "Бирга яқин яшасангиз, бу фарқларни енгишингиз керак", дейди.

Аммо Ҳамтрамк "Диснейленд эмас", дейди Карен Мажевски, истеъфога чиқишдан олдин 15 йил ишлаган собиқ мэр. "Бу кичкинагина жой. Ва низолар ҳам бўлиб туради".

2004 йилда масжидларда азон чақириш масаласи овоз қўйилгач, кескинлик юзага келган. Айримлар масжидлар ёнидаги барларни тақиқлаш маҳаллий иқтисодиётга зарар етказишини таъкидламоқда.

Олти йил муқаддам, бу шаҳар кўпчилик мусулмонлардан иборат ҳукуматни сайлаган биринчи Америка шаҳри бўлганида, Ҳамтрамкка бутун дунё матбуоти ёпирилди. Ўша пайтдаги баъзи оммавий ахборот воситалари мусулмонлар оқиб келаётган "таранг" шаҳар манзарасини кўрсатган эди. Миллий телебошловчи Мажевски хоним мэр бўлишдан қўрқадими, деб сўраганди.

Айримлар ҳатто мусулмонлар назорати остидаги шаҳар кенгаши шариатни жорий этиши мумкинлигини тахмин қилган.

"Ҳамтрамкда одамлар бу ҳақда гапирганда елка қисишади", дейди Мажевски хоним.

Унинг айтишича, у Ҳамтрамкнинг меҳмондўст ҳамжамият эканлигидан "мамнун" ва янги турғунлар ўз тажрибалари ва тилларини тушунадиганларга овоз бериши "табиий" эди.

АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюроси дин ҳақида маълумот тўпламайди, бироқ "Pew" тадқиқот маркази ҳисоб-китобига кўра, 2020 йилда АҚШда тахминан 3.85 миллион мусулмон бўлган, бу умумий аҳолининг тахминан 1.1 фоизини ташкил қилади. 2040 йилга бориб мусулмонлар АҚШда насронийлардан кейин иккинчи энг катта диний гуруҳга айланади.

Америкада мусулмонлар ортиб бораётганига қарамай, улар ҳақида кўпинча нотўғри ўйлашади.

Сурат манбаси, Getty Images

11 сентябрь терактларидан 20 йил ўтса ҳамки, исломофобия мусулмонлар ва бошқа араб америкаликларни таъқиб қилишда давом этмоқда. 2016 йилда америкалик вояга етган мусулмонларнинг деярли ярми "Pew"га ўша пайтдаги номзод Доналд Трамп кўпчилик мусулмон муҳожирларнинг Қўшма Штатларга киришини тақиқлашни таклиф қилганида камситишларга дуч келганликларини айтишган эди. Тадқиқотчилар, шунингдек, барча диний гуруҳлар орасида мусулмонлар Америка жамоатчилигининг энг салбий қарашларига дуч келаётганини аниқладилар.

Америкаликларнинг ярмидан кўпи бирорта ҳам мусулмонни шахсан танимаслигини айтади, бироқ улардан кимнидир шахсан биладиганлар ислом бошқа динларга қараганда зўравонликни кўпроқ рағбатлантиради, деб ўйламайди.

Ҳамтрамк шахсан таниш бўлиш исломофобияни қандай чеклашининг жонли намунасидир.

Шаҳаб Аҳмад 11 сентябрь воқеаларидан кўп ўтмай шаҳар кенгаши аъзолигига номзодини қўйганида, у жуда қийин курашга дуч келганди.

"Бутун шаҳарда мен самолётларни олиб қочган 20чи босқинчи эканлигим ҳақида варақалар тарқатилганди", дейди бенгал америкалик. 2001 йилги сайловда мағлуб бўлгач, Аҳмад ўзини таништириш учун қўшниларининг эшигини тақиллатди. Икки йил ўтиб, у Ҳамтрамкнинг биринчи мусулмон шаҳар амалдори бўлиб сайланди.

Ўшандан бери шаҳарда мусулмон жамиятини қўллаб-қувватлаш кучайди.

2017 йилда Трамп маъмурияти саёҳатга тақиқ қўйганида, аҳоли норозилик билдириш учун тўпланган эди.

"Бу қайсидир маънода кўплаб одамларни ҳаракатга келтирди ва бирлаштирди, чунки ҳамма Ҳамтрамкда яшаш учун бошқаларни ҳурмат қилиш кераклигини билади", деди "Ҳамтрамк, АҚШ" ҳужжатли фильми ҳаммуаллифи Рози Жафри.

Бутун мамлакат бўйлаб мусулмон америкаликлар ҳам сиёсий жиҳатдан кўпроқ эътиборга олина бошлади. 2007 йилда Миннесота штатидан демократ Кейт Эллисон биринчи мусулмон конгрессменга айланди. Ҳозирги АҚШ Конгрессида тўрт нафар мусулмон аъзо бор.

Шу ойда Ҳамтрамк шаҳридаги сайлов кунида ўнлаб аҳоли бир-бирларини қутлаш учун сайлов участкаси олдига йиғилди, кўпчилик сайлов кунидаги эсдалик совғаси, "мен овоз бердим" стикери билан мақтанарди.

Яшковски хонимга кўра, муҳожирлар демократияда иштирок этишдан хурсанд бўлган. "Одамларни бирлаштириш америкача йўлдир."

Аммо бутун мамлакатда бўлгани сингари, шаҳарда ҳам қизғин маданий мунозаралар давом этмоқда.

Июнь ойида шаҳар ҳокимияти ҳокимият биноси олдида ЛГБТнинг камалак байроғини ўрнатишни маъқуллаганида, айрим аҳоли норози бўлган эди. Хусусий бизнес ва уйлар олдида турган бир нечта шундай байроқлар йиртиб ташланган, жумладан, Мажевски хонимнинг шаҳар марказидаги кийим дўкони олдидан ҳам олиб ташланган. "Бу ҳақиқатан ҳам одамни ҳушёр торттирувчи белги", деди у.

Марихуана ҳам баҳс-мунозараларга айланган. Ҳамтрамкда учта диспансернинг очилиши мусулмон ва поляк католик жамоаларида хавотир уйғотди.

Бошқалар эса консерватив мусулмон жамоаларида аёлларнинг сиёсий иштироки йўқлигидан хавотирда.

Сайлов оқшомида шаҳар ҳокими этиб сайланган Ғолибни яманий-америкаликлар шод-хуррам қарши олди, сайловдан кейинги зиёфатда баклава ва кабоб тортилди. Унинг 100 дан ортиқ тарафдорлари йиғилган эди, бари эркаклар.

Унинг айтишича, сайлов кампаниясида аёллар ҳам иштирок этган, аммо гендер ажратиш анъанавий бўлиб қолмоқда, бунга кўпроқ "америкалашган" ёш авлод қарши чиқмоқда.

Ҳамтрамк ҳам "Занглаган белбоғ" шаҳарларига хос эскирган инфратузилмадан тортиб чекланган иқтисодий имкониятларгача муаммоларга дуч келмоқда. Ёзда кучли ёмғирлар сабабли шаҳар канализация қувурлари дош бермади, кўплаб уйларни сув босди. Шаҳар ичимлик суви намуналарида юқори миқдорда қўрғошин топилгани бутун мамлакат эътиборини тортди. Шаҳарнинг деярли ярми қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди. Булар шаҳарнинг янги раҳбарияти олдида турган долзарб муаммоларнинг бир қисми.

"Кўпчилик мусулмонлар яшайдиган шаҳарда демократия қандай бўлади? Бошқа жойларда бўлгани каби, тартибсиз ва мураккаб, - дейди ҳужжатли фильм муаллифи Жафри, - шунинг учун янгилик эскирса, ишлаш керак."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek